Линклар

АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Толибон таҳдидидан огоҳлантирди


АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Волкер Озодлик студиясида.

АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Волкер Озодлик студиясида.

АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб¸ Вашингтонда афғон тупроғидан Америка ҳарбийларини буткул олиб кетиш ҳақида музокаралар бораëтган бир пайтда¸ АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Волкер бундай ҳаракат оқибатлари аянчли бўлажагини таъкидлади.

Озодлик мухбири билан ўтказилган суҳбатда АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси¸ ҳозирда МкКейн Халқаро муносабатлар институти раҳбари Курт Волкер нафақат Афғонистон¸ балки Яқин Шарқдаги хавфсизлик вазияти¸ бу минтақалардаги ҳарбий-сиëсий таҳликалар¸ қолаверса НАТОнинг бугунги заифликлари ҳақида батафсил мулоҳаза билдирди.



2001 йилда АҚШ етакчилигидаги НАТО қўшинлари Афғонистондаги Толибон ҳукуматига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиëт бошлаганида¸ бундан кўзланаëтган бош мақсад Афғонистоннинг террорчи ва экстремистлар учун бехавотир бошпана бўлишига барҳам бериш экани иддао қилинган эди. Озодлик мухбирининг орадан 12 йил ўтиб¸ АҚШ ва НАТО бу мақсадга эришишга муваффақ бўлдими¸ деган саволига муносабат билдирган Курт Волкер¸ унга “йўқ” деб жавоб берди:

- Ҳозирги шароитга қараб¸ мен бу мақсада эришилди¸ деб айта олмайман. Ўзи аввал-бошдан бу амалга ошириш жуда қийин иш эди. Бугунга келиб биз бу ишни уддалашнинг бирдан-бир йўли¸ хавфсизлик учун масъулиятни хориждан борган ҳарбийлар эмас¸ балки маҳаллий ҳукумат ва афғонларнинг ўзларига топшириш эканини англадик. Биз уларга ëрдам берамиз ва ëрдам беришга тайëрмиз. Лекин хавфсизлик фақат афғонларнинг ўзлари бу ишга киришгандан сўнггина амалга ошади¸ деди АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Волкер.

Суҳбат давомида Вашингтонда муҳокама қилинаëтган сценарийлардан бири – 2014 йилдан сўнг афғон тупроғида бирорта ҳам Амери аскарини қолдирмаслик режасига тўхталган собиқ элчи¸ буни мутлақ масъулиятсизлик¸ дея баҳолади:

- Очиғини айтсам¸ бундай режа амалга ошгудек бўлса¸ бунинг оқибати барчамиз учун ҳалокатли бўлади. Мен шахсан бу нарсага эҳтимол ҳам бермайман ва АҚШ раҳбариятининг айни шу йўлни танлашига ишонмайман. 2014 йилдан сўнг ҳам афғон хавфсизлик кучларига мадад берувчи¸ аксил-террор амалиëтларини қувватловчи ҳарбий кучлар қолади¸ деб ўйлайман.

Зотан¸ кейинги йиллар ичи афғон хавфсизлик кучлари халқаро қўшин ëрдамида ўз малака ва тажрибасини оширган бўлишига қарамай¸ улар бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик ўрнатишга қодир эмаслар. Халқаро кучлар мамлакатдан бутунлай чиқиб кетган тақдирда¸ Толибон Афғонистон жануб ва шарқини дарҳол ўз қўлига олади ва қолган ҳудудларни олиш учун уруш бошлайди. Бундай таҳликага бормаслик кераклигини кўпчилик англаб турибди¸ дейди АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси Курт Волкер.

АҚШ ва НАТО қўшинларининг 2014 йил охирига қадар Афғонистондан чиқиб кетиши билан советларнинг 1989 йилда Афғонистонни тарк этиши ўртасидаги ўхшашликка оид мулоҳазага тўхталган Волкер¸ бу икки чиқишнинг моҳиятан фарқли эканини таъкидлади:

-Менимча¸ бу ерда жиддий тафовут бор. Совет иттифоқи Афғонистонга ўз иродасини ўтказиш ва фақат СССР манфатларига хизмат қилувчи ўз ҳукмдорларини ўрнатиш учун кирган эди. АҚШ эса Афғонистонга афғон халқининг ўз тупроғида хавфсизлик ўрнатиши¸ ўзи истаган ҳукуматини тузишига ëрдам бериш учун кирди.

Советлар Афғонистондан маҳаллий халқ қўлловига таянган мужоҳиддин ҳаракати қаршилиги оқибатида сиқиб чиқарилди. АҚШ эса¸ ўзи кўзлаган мақсад сари прогрес бўлганига ишонч ҳосил қилиб¸ ўз қўшинларини олиб чиқиш афғонларга янада кўпроқ ëрдам беражагига ишонганидан чиқмоқда. Афғонистонга кириш ортидаги сабаблар турлича бўлгани каби¸ СССР ва АҚШнинг бу мамлакатдан ўз қўшинлари олиб чиқиши мотивлари ҳам турличадир¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда АҚШнинг НАТОдаги собиқ элчиси¸ ҳозирда МкКейн Халқаро муносабатлар институти раҳбари Курт Волкер.
XS
SM
MD
LG