Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:15

Милиция нозири бангилик ва порахўрликда айбланди



Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари мақолани охиригича ўқимай, газетага жавоб ёзди. Таниқли хонанда Рашид Холиқов ҳашарот чақиши натижасида инфекция юқтириб олди. Қашқадарёда қасамёдни бузган адвокатлар лицензиясиз қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.



“Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари мақолани охиригича ўқимай, таҳририятни айблаб жавоб ёзди”

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари А. Пўлатов вилоятга доир танқидий мақола чоп этган нашрни асоссиз айблаб жавоб ёзди (“Новый век”, 11 июл).

“Новый век” газетаси жорий йил 23 май сонида Фарғона вилояти Марғилон шаҳри ҳокимияти мансабдорлари билан учрашиш мушкуллиги, ахборот олиш муаммолари ҳақида мақола ёзган. Мақолага муносабат билдирган вилоят раҳбари ўринбосарига кўра, журналист, аввало, ахборот олиш учун аккредитациядан ўтиши керак, қолаверса, муҳим ижтимоий институт саналган маҳаллий ҳокимиятга ҳурматсизлик қилиб, этика қоидаларини бузган.

Таҳририятга кўра эса, ахборот олиш учун маҳаллий журналист аккредитациядан ўтиши мажбурий эмас ва фуқаро олдида масъул бўлган маҳаллий ҳокимиятни қонуний асосда танқид қилишни этика қоидалари бузилиши дея талқин қилиш асло мумкин эмас. Газета вилоят ҳокими ўринбосари мақолани охиригача ўқимай, жавоб ёзганини тахмин қилади.

“Милиция инспектори банги бўлиб чиқди”

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси йўл-патрул хизмати инспектори Ҳожиакбар Қосимов фуқароларнинг ҳужжатлари ва юкларини текширмаслик эвазига 130 минг сўм пора олаётганда қўлга туширилган (“Ҳуқуқ”, 11 июл).

Инспектор аввал ҳам пора олгани қайд этилган. Прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати ўтказган тадбир давомида инспекторнинг автомашинаси юкхонасидан целлофан пакетга ўралган марихуана гиёҳвандлик моддаси ҳам топилган. Маълум қилинишича, суд-наркология экспертизаси инспектор Ҳ.Қосимовни гиёҳвандлик касалига йўлиққан ва уни мажбурий даволаш лозим, деган хулосага келган.

“Пенсия пулини олиш чўзилиб кетаётгани кузатилмоқда”

Тошкент шаҳри ва вилоятларда нафақа пулини олиш чўзилиб кетаётгани қайд этилмоқда (“Даракчи”, 11 июл).

“Маҳалламизда нафақахўрлар 81-почтадан пенсия пулини олади. Пенсия пули ҳар ойнинг 20-санасидан кейин берилади. Баъзида кун бўйи кутганимизга қарамай, бир неча кишигагина пенсия пули тегади, холос. Сабабини сўрасак, “Пул тугади, эртага келинглар”, деган жавобни эшитамиз”, дейди Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи Н.Мисриддинова.

Шу мазмундаги мурожаатлар Қашқадарё, Навоий ва бошқа ҳудудлардан ҳам келган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи А. Исмоилов газетага билдиришича, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш жорий тўлов ойининг 4-санасидан 28-санасигача амалга оширилиши керак.

“Қасамёдни бузган адвокатлардан лицензия олиб қўйилди”

Қашқадарё вилоятида адвокатлик қасамёдига риоя қилмаган, адвокатлик сирини сақламаган адвокатлар аниқланган (“Инсон ва қонун”, 9 июл).

Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси масъуллари Ҳ.Турсунов ва С.Абдуллаев маълум қилади. Адлия бошқармаси ва Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси малака комиссияси қарори билан ўтган йили 7 нафар, жорий йилда 3 нафар адвокатнинг лицензияси амал қилиш муддати тўхтатилган, 5 нафар адвокатнинг лицензия бекор қилинган.

Мақолада адвокатлар қандай ҳолатларда қасамёд ва касб сири талабларини бузаётгани очиқланмаган.

“Таниқли хонанда Рашид Холиқов ҳашарот чақиши оқибатида инфекция юқтириб олди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов Германияда бир ой даволаниб қайтди. Хонанданинг “Даракчи” газетасига маълум қилишича, Бали оролларида дам олаётган пайтда оёғини ҳашарот чаққан ва қонига инфекция тушган.

Хонанда Германияда уч марта операция қилинган. Рашид Холиқов айни пайтда муолажа давом этаётгани, шифокорлар берган махсус ҳасса билан юраётганини айтган.

Сўнгги пайтларда Рашид Холиқов “Сoca Cola” ширкатининг Ўзбекистондаги раҳбари бўлди, деган миш-мишлар пайдо бўлганди. Ушбу овозани рад этган хонанда Холиқов “Мен ҳам бошқалар қатори бу машҳур ичимликни фақат ичиб кўрганман. Уни ишлаб чиқаришга раҳбарлик қилиш эса умуман хаёлимга келмаган” деган.

“Навоий вилоятида дастлабки уяли телефон ва планшетлар ишлаб чиқарилди”

Навоийда Ҳиндистоннинг “Olive Telecommunication” ширкати билан ҳамкорликда очилган заводда дастлабки уяли телефон, планшет ва стационар телефон ишлаб чиқарилди (“Правда Востока”, 11 июл).

Корхона вакили Эркин Абдураҳмоннинг айтишича, айни пайтда асосан “Ўзбектелеком” буюртмаси асосида ишланмоқда.

Ҳиндистон билан ҳамкорликдаги корхонада ҳозирга қадар 1000 донадан планшет ва стационар телефон, шунингдек, “Uzmobile” оператори буюртмаси бўйича 13 минг дона уяли телефон тайёрланган.

“Тошкентлик аёл фойдаланилмаган чипта пулини бир йил деганда қайтариб олди”
Тошкентлик Р. Назарқулова фойдаланилмаган авиачипта пулини қайтариб олиш учун бир йил ҳаракат қилди (“Истеъмолчи”, 11 июл).

Назарқулова Тошкент халқаро аэропортидаги кассадан Тошкент-Бангкок йўналиши бўйича Visa карточкачи орқали 566 долларга чипта сотиб олади. 2012 йилнинг 16 июлида фойдланилмаган чиптани кассага қайтаради ва пулни пластика карточкага ўтказишни сўрайди. Аммо уринишлари фойда бермайди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси аралашуви билан чипта пули қайтарилади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқароларни ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонун йўли билан талаб қилишни тавсия этиб келади.

“Қўшни ярим тунда шовқин солса нима қилиш керак?”

Ярим тунда шовқин солиб кўп қаватли уйдагилар тинчлигини бузаётган қўшнига қандай чора кўриш тушунтирилди (“Адолат кўзгуси”, 11 июл).

“Қўшним ишдан кеч келади. Лекин келганини ҳамма билади. Сабаби, машинасидаги шовқин шунақанги баландки, бутун уйдагиларни уйғотиб юборади. Бу ҳақда унга шикоят қилсак, мусиқа қўйиш ва эшитиш тақиқланмаган дейди” дея савол билан мурожаат қилади гулистонлик ўқувчи. Ҳуқуқшунос Насиба Бегимовага кўра, қўшнининг бу хатти-ҳаракати маъмурий жавобгарлик учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига биноан тунги вақтда (соат 23.00 дан 06.00 гача) фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овозда қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, баланд овоздаги телевизор, магнитофонлардан фойдаланиш жаримага сабаб бўлади.

“Рўза тутувчилар уч турга бўлинади”

Мусулмон оламида мўминларнинг тақвосини кучайтирувчи муқаддас Рамазон ойи бошланди (“Ҳидоят” журнали, 6-сон). Рўза фақат ейиш-ичишдан тийилишгина эмас, маънавий ибодат ҳамдир. Уламолар рўза тутувчиларни уч қисмга бўлишади:
1. Омманинг рўзаси. Фақат ейиш-ичиш ва жимодан тийилиш.
2. Солиҳларнинг рўзаси. Еб-ичишдан тийилишдан ташқари бошқа барча аъзолар ҳам гуноҳ ишлардан сақланади. Яъни тил ғийбатдан, қулоқ ёмон гап-сўзлардан, кўз зинодан тийилади, ифтор вақтида ҳаддан зиёд тўйиб овқатланилмайди.
3. Пайғамбар ва сиддиқлар рўзаси. Бундан юқорида айтилганлар билан бирга бутун вужуд, қалб ҳам рўза тутади, ҳатто фикр, дил рўзадор бўлади.

“Тилагимиз фазилатларга бой Рамазон ойини чинакам мусулмонларга хос тақво ҳамда хурсандчилик билан ўтказайлик” дейди “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби Хайрулло Тоғаев “Ойларнинг султони” мақоласида.
XS
SM
MD
LG