Линклар

logo-print
Ўзбекистон коллежларида талабаликка қабул қилинишдан олдин, ота-оналар ўз фарзандларининг қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинишига қарши эмаслиги ҳақидаги шартномани имзолашга мажбур бўлмоқда. Акс ҳолда бола коллежга қабул қилинмайди.

Ўзбекистондаги аксарият коллеж-лицей абитуриентлари талабаликка қабул қилинишдан олдин ўз ота-оналари томонидан имзоланган болаларнинг қишлоқ хўжалик ишлари ва шанбаликларга қатнашишга қарши эмасликлари ҳақидаги шартномани тақдим этишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда хабар берган Uznews.net мустақил ахборот хизмати ана шундай шартномалардан бири нусхасини чоп қилди.

Талабанинг ота-онаси имзолаши шарт бўлган шартнома нусхаси

Талабанинг ота-онаси имзолаши шарт бўлган шартнома нусхаси

Ангрендаги Маиший хизмат коллежи директори Ф.А. Исроилов фамилияси ёзилган бу шартномага кўра, ўқув даргоҳи бўлажак талаба олдига қишлоқ хўжалик ишларида фаол қатнашиш талабини қўяди:

“Талабанинг пахта кампаниясида ва коллеж уюштирган шанбаликларда мажбурий иштироки”, дейилади шартнома бандларидан бирида.

Ангренлик инсон ҳуқуқи фаоли Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича, бундай келишув аслида амалдаги Ўзбекистон қонунчилигига зиддир:

- Мен ҳам бу шартномаларни кўрдим. Тўғриси бу янгилик эмас, ҳар йили шундай шартнома бўлади. Лекин ҳужжат сифатида биз буни энди қўлга киритдик. Агар ота-она бу шартларга рози бўлмаса, уларга “узр, бўлмаса бошқа коллежга боринг”, деб айтишади. Лекин ҳамма коллежда ҳам аҳвол шу. Шунинг учун ота-оналар бу шартномани имзолашга мажбур, дейди Дмитрий Тихонов.

Барча коллежларда айни талаб мавжудлигини исми сир қолишини сўраган Андижондаги коллежлардан бири директори ҳам тасдиқлади:

- Биз ҳар йили пахтага болаларни олиб чиқамиз. Шартномада “ўғлим ёки қизим ана шу коллежнинг ички қонун-қоидаларига амал қилади, қишлоқ хўжалик ишлари”да қатнашади, деб ёзилган. Ҳамма коллежларда шундай. Пахтани биз териб бермасак, ким теради бўлмаса, деди Андижондаги коллежлардан бирининг Озодлик мухбири микрофонсиз суҳбатлашган директори.

Директорга кўра, аслида шартномада бундай банднинг бўлиши, яъни коллеж талабасининг қишлоқ хўжалик ишларида иштирок этишига мажбурланиши маҳаллий қонунчиликка ҳам, БМТ Конвенциясининг халқаро қоидаларига ҳам тўғри келмайди:

- Бизга шартномага шундай банд киритгин¸ деган кўрсатма берилган. Киритмасак бўлмайди. Эрта-индин пахта терими бошланади, кўрпа-тўшакни кўтариб жўнаймиз. Сентябрдан бошлаб камида икки ой пахта теримига, баҳорда яна чопиққа ёрдамга, ўртада шанбаликлар, хуллас биз бўлажак санъат кадрлари эмас, балки фермерларга ёрдамчилар тайёрлаяпмиз, шекилли¸ дейди коллеж директорларидан бири.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази директори ўринбосари Зайниддин Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда коллежларда бундай мазмундаги шартномалар борлигини рад қилди:

- Йўқ, йўқ бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким бундай буйруқ бермаган. Мен Ангрендаги коллеждан шартнома бланкасини олдириб кўраман, бундай бўлиши мумкин эмас, деди Зайниддин Худойбердиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG