Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:39

Рўзадор муҳожир ароқ ичишга мажбурлаган юртдошларини пичоқлади




Москвадаги автосервислардан бирида иш бошлаган ўзбек муҳожири тўрт нафар юртдошини пичоқлади. Ароқхўрлик қилганларнинг рўзадорни масхара қилиши ортидан бошланган жанжал оқибатида бир киши нобуд бўлди, қолганлар шифохонага ëтқизилди.

Автосервисда ишлаётган ўзбеклар пичоқлаб кетилди

2013 йилнинг 11 июлида саҳарги соат 4:00 ларда Москва шарқидаги Оренбургская кўчаси, 32-уй манзили бўйича жойлашган автосервисда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб кетилди.

Москва шаҳар Шарқий маъмурий округ бўйича Ички ишлар бошқармаси ходимлари Озодлик мухбирига ҳодиса жойига етиб келган полиция ва тез ёрдам ходимлари автосервисда юзага чиққан жанжал оқибатида уч кишининг пичоқлангани, 24 яшар ўзбекистонликнинг эса ўлганини тасдиқлашди:

- Мендаги маълумотга кўра, айбланувчи тез орада ҳибс этилди. 5 нафар ўзбекистонлик ўртасида жанжалнинг ўзи кеча – пайшанба куни содир бўлди, шу куниёқ бу шахс қўлга олинди. Ҳозирча унинг исми ошкор этмаяпмиз. Тергов қўмитаси бу ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105- моддаси 2-қисми (икки ёки унда ортиқ шахсни ўлдиришга уриниш) асосида жиноий иш очди, деди бошқармa навбатчи офицери.

“Мен рўзадорман...”

Озодлик манбаларига кўра, 10 июл кечки пайт Оренбургская кўчасидаги саноат ҳудудида жойлашган автомобилларни таъмирлаш устахонасига иш излаб исми айтилмаётган 25 ёшларда бўлган ўзбек йигити мурожаат қилган.

Автосервисда ишлаётган уч нафар ўзбекистонлик - 34 ёшли Акмал Абдуллаев, 46 ёшли Ғофур Эрназаров ва 43 ёшли Ғулом Эрназаровлар иш изловчи йигитга ўз ҳунарини кўрсатишни таклиф этган ва аллақандай вазифа берган. Ўзлари эса бироздан кейин кечки овқатга ўтирган.

Рамазон ойи бошланганига қарамасдан, улар ароқ ичишни бошлаган. Усталар ишни тугатган айбланувчини овқатга таклиф қилганда, у ўзининг рўзадор экани ва ароқ ичмаслигини билдирган ва ишини давом эттирган.

Овқатланаётганларга қўшилган 24 яшар яна бир Ўзбекистон фуқароси - Бобур Тўхлиевга улар билан овқатланиш таклифининг рад этилгани ёқмаган ва у машина таъмирлашни давом этаётган йигитни масхара қила бошлаган. Бошланиб кетган оғзаки жанжал ёши каттароқ бўлган усталарга ёқмаган ва иш излаб келганга автосервисдан чиқиб кетиш талаби қўйилган.

Туни билан машина ремонти билан шуғулланган гумонланувчи йигит иш ҳақини талаб қилган. Бироқ Бобур айбланувчи йигитга зўравонлик қила бошлаган ва ҳатто ҳамёнини олиб қўймоқчи бўлган. Қаршилик қилган бу йигит Бобурнинг қорнига пичоқ солган. Кўринишидан пичоқ ишлатишни яхши билган мардикор унга ташланган сервис ходимларига ҳам қуроли билан жиддий жароҳат етказган ва автосервисда таъмирдан чиққан «Сузуки Гранд Витара» машинасига миниб, ҳодиса жойидан қочган.

Жанжал-сурон овозини эшитиб келган ҳудуд қоровулларидан бири тез ёрдам чақиртирган. Бироқ жигаридан пичоқ еган Бобур Тўхлиев сервисдаёқ жон таслим қилган.

Москванинг 68-клиник шифохонаси ходимлари Озодлик мухбирига бу ерга кеча келтирилган Акмал Абдуллаев аҳволининг унча оғир эмаслигини билдиришди:

- Акмал Анварович Абдуллаев, 1979 йилда туғилган. 1- хирургия бўлимида ётибди. У 11 июл куни, яъни кеча келтирилган. Аҳволи ўрта оғирликда, ҳарорати нормал, ўзгаришсиз. Унинг ҳаётидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади, деди Озодликка шифохона ходимаси.

Москвадаги 1-шаҳар шифохонаси ходимлари бу ерга келтирилган Ғофур Эрназаров аҳволининг бирмунча дуруст экани, ҳаёти учун хавфли жароҳат олмаганини билдиришди.

Ҳозирча автосервисдаги муштлашувда тирик қолган усталар орасида 34 яшар Ғулом Эрназаровнинг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Белидан пичоқланган ўзбекистонлик бу муҳожир вазияти бўйича у олиб келинган Склифосовский номидаги тез тиббий ёрдам шифохонасида ҳеч қандай маълумот беришни исташмади.

Айбланувчи поликлиникада қўлга олинди

Ҳодиса ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Оренбург кўчасидаги ҳодисанинг бири-биридан ғаройиб “тафсилотлари” тарқала бошлади.

“Новые Известия” каби нашрлар ўзбекистонлик шахс “автосервис мижозини пичоқ билан қўрқитиб, гаровга олиб қочгани”ни хабар қилса, “Интерфаксга” таяниб маълумот бераётган “НТВ” телеканали “Ўзбекистон фуқароси Руднёвка кўчасидаги шифохонада пичоқ ўйнатиб ва ҳаммани қўрқитиб, унга тиббий ёрдам кўрсатишни” талаб қилгани айтилди.

Москванинг шарқидаги Руднёвка кўчасидаги 78-сонли поликлиника ходимлари Озодлик мухбири билан суҳбатда 11 июл куни соат 10 ларда тиббий муассасага ҳақиқатан қонга беланган муҳожир кириб келганини тасдиқлашди.

Бироқ у билан шахсан гаплашган ва унга ёрдам кўрсатмоқчи бўлган поликлиника қўриқчиларидан бири Валентина Петровна пичоқ билан қўрқитиш тўғрисидаги гапларни уйдирма, деб атади:

- Ахмоқликку бу гаплар! Ҳеч қандай пичоғи йўқ эди қўлида. Унда фақат телефончаси бор эди. Ҳеч ким ундай гапларни гапиргани ҳам йўқ. У ёрдам сўраб кирди. Кириб “Ёрдам беринглар, ёрдам беринглар! Менга азоб беришди”, деди. Унинг боши, юзи қонга беланган эди. Бутун бадани қонталаш, қўлида катта шиш бор эди. Менга қўли сингандек туюлди, дейди рус тилида нисбатан дуруст гапирган ярадор йигитга раҳми келганини таъкидлай туриб Людмила Петровна.

Поликлиника ходимасининг айтишича¸ тиббиёт ходимлари ярадорга ëрдам бермоқчи бўлганига қарамай¸ у касалхонага ëтқизишларини истамасдан¸ кетишга уринган:

- Кейин милиция келди. У милицияга ҳам қаршилик кўрсатишни бошлади. Тез ёрдам уни олиб кетмоқчи эди¸ розилик бермади. Мен врачларни чақиртирдим, врачлар келиб унга ёрдам бермоқчи эди “Менга кераги йўқ!”, деб негадир қочиб кетишга уринди. Кўринишидан ё ўзбек, ё доғистонлик. Кейин, врачларда бу йигитнинг баданидаги қоннинг уникилигида шубҳа пайдо бўлди, деди Озодликка ҳодиса гувоҳи бўлган қўриқчи аёллардан бири.

Людмила Петровна бу муҳожир йигит рамазон ойида ўзини ароқ ичишга мажбурлаганларни пичоқлагани ва ҳамёнини тортиб олмоқчи бўлган талончиларга қаршилик кўрсатгани юзасидан полициячиларга тушунтириш берганини эшитганини қўшимча қилди.

Москва шаҳар полицияси ва Тергов қўмитасида Оренбургская кўчасидаги қотилликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси ҳеч кимни гаровга олмагани ва поликлиникада ҳам кимга пичоқ билан таҳдид қилмаганини тасдиқлашди.

Тергов ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG