Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:57

Қирғиз фаоли ўзбек дипломати устидан арз қилмоқчи


Қирғизистонлик фаол Ондуруш Токтонасиров Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ходими устидан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига арз қилмоқчи. Бу ҳақда унинг ўзи Озодлик радиоси қирғиз хизматига хабар қилди.

Токтонасиров билан бирга 12 июл куни норозилик акциясига чиққан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бубуайша Арстанбековага кўра, Ўзбекистон элчихонаси ходими Токтонасировни мазах қилган:

- Деразадан қараб турар экан, кўрсатгич бармоғини бошига нуқиб, Токтонасировни тентак деб мазах қила бошлади. Бу дипломатик алоқа хизмати этикасига тўғри келмайдиган қилиқ¸ ҳамда инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир. Ўзбекистон элчихонаси ходими қонун доирасида жавоб бериши керак.

Ондуруш Токтонасиров фикрича, ўзбек дипломатининг иккинчи қават деразасидан туриб қилган бу қилиғи ўзига қарши милиция ходимларининг куч қўллаши ва турган жойидан бошқа жойга кўчишига сабаб бўлган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси мазкур воқеани Озодлик радиоси қирғиз хизматига шарҳлашдан бош тортди.

Ондуруш Токтонасиров элчихона олдига пикетга чиқиб, Қирғизистон фуқаросини ўлдиргани айтилаётган ўзбек чегарачисини жазолашни ҳамда марҳумнинг оиласига Ўзбекистоннинг товон тўлашини талаб қилиб келмоқда.

19 июн куни Боткен вилоятининг Гулпиён қишлоғида Ўзбекистон чегарачиси қирғизистонлик 37 яшар Бақит Тагаевни отиб ўлдиргани хабар қилинган эди.
Ўзбекистон томони бу воқеада чегарачисининг айби йўқ, деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда Қирғизистоннинг расмий органларига кўра, ўзбекистонлик чегарачи Тагаевни Қирғизистон ҳудудида, чегара чизиғидан 500 метр ичкарига кириб отган.
XS
SM
MD
LG