Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти имзо чеккан янги фармонга мувофиқ¸ мамлакатдаги энг кам иш ҳақи миқдори 91 530 сўм қилиб белгиланди. Мутахассислар¸ бундай фармон ортидаги асосий мақсад давлат ғазнасини тўлдириш эканини таъкидламоқда.


11 июл куни Ўзбекистон президенти “Энг кам иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақа тўловларини ошириш” тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Фармонга мувофиқ¸ 2013 йил 15 августдан энг кам иш ҳақи 15 фоизга ошиб, 91 530 сўм миқдорида қилиб белгиланди. Ёш бўйича пенсия қийматининг 179 020 сўм ва ёшлигидан ногиронларга бериладиган нафақа пуллари миқдорининг эса 155 670 сўмга ўзгариши кутилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ бюджет ташкилотлари ишчилари ойликлари 1,15 баробарига ошиши керак.

Мазкур фармоннинг аҳоли турмуш тарзини янада ошириш, ижтимоий муҳофазани кучайтиришга қаратилгани иддао қилинмоқда.

Жарималар миқдори ошади

Мустақил кучатувчилар фикрича¸ ҳар йили Ўзбекистонда энг кам иш хақининг оширилиши аҳоли томонидан ташвиш билан қарши олинмоқда. Зотан¸ ойликлар оширилиши ҳақидаги хабар пайдо бўлиши билан халқ истеъмоли маҳсулотлари нархининг кўтарилиши кузатилмоқда.

Озодлик билан ўз исми келтирилмаслиги шарти билан гаплашган тошкентлик иқтисодчига кўра¸ энг кам ойлик миқдорининг давлат тарафидан оширилиши¸ аслида¸ ўзгача мақсадларни кўзлаган.

“Биринчи навбатда бундаги асосий мақсад давлат ғазнасини тўлдириб олишдир. Чунки автожарималардан тортиб суд қарори воситасида ундириладиган пулларгача энг кам иш хақи миқдорига асосланади. Масалан¸ автомашинангизни бошқараётган маҳалингизда хавфсизлик камарини тақмаганингиз учун энг кам иш хақининг 0,2 баробарида, спиртли ичимликлар ичган ҳолда автомашина ҳайдаш учун эса 15 баробаригача жарима тўлайсиз.

Ойликлар оширилишининг иккинчи сабаби бу инфляциядир. Ҳар йили ойликлар ошганидан сўнг давлат ўзи назорат қилиб турган муҳим стратегик товар маҳсулотлари нархларининг қисман оширилишига изн беради. Натижада биргина бензин нархининг кўтарилиши натижасида бутун истеъмол маҳсулотлари тан нархи ошади ”дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Озодлик билан суҳбатда.


33 долларга тенг ойлик

Янги фармонга мувофиқ¸ Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдори бугунги кундаги сўм/доллар нисбатида 33 АҚШ долларига тенг бўлади. Бу ойликка эса¸ ўртача ҳисоб-китобда¸ Тошкент дўконларидан 3,6 кг мол гўшти ёки 261 та тухум сотиб олиш мумкин.

Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси” деган тушунчага асосланган ҳисоб-китобни йўққа чиқарган Тошкент ҳукумати ўзи белгилаëтган энг кам иш хақи миқдорининг қандай мантиққа асосланишини очиқламайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG