Линклар

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида истиқомат қилаётган Озодлик манбасига кўра, қариялар пенсиялари 100 фоиз пластик карточкаларга мажбуран ўтказилаяпти. Қариялар бундан бехабар, кимлардир уларнинг номидан“ўз ихтиёрим билан” мазмунидаги аризалар ёзиб беряпти.

Шаҳрисабз туманида истиқомат қиладиган Озодликнинг исми сир қолишини сўраган манбасига кўра, туманда қариялар пенсияларини 100 фоиз пластикка ўтказиш кампанияси бошланган:

- Банкларнинг олдига қариялар тўлиб кетган, ҳаммаси норози. Баъзиларникини 50 фоиз, баъзиларникини 100 фоиз ўтказаяпти. Пластикнинг ўзи ҳам йўқ, неча кундан кейин келинг, пластик очамиз, деб жавоб бериб юборишаяпти. Ҳеч кимдан розилик сўралган йўқ. Ёппасига ўтқазишаяпти, менинг онам 70дан ошган бўлса ҳам, сўраб ўтиришмади, кимдир онамнинг номидан ариза ёзиб берган. Юздан ортиқ пенисонерлар бу қарордан норози бўлиб ҳокимиятга шикоят қилиб борган, дейди Озодлик манбаси.

Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи 65 ёшли пенсионер Ҳотам аканинг айтишича, сал саводи бор, ҳаққини талаб қилишга журъат эта оладиган пенсионерлар пенсияни ҳозирча нақд олиб турибди:

- Кўпчиликдан сўрамаган ҳам, ариза ҳам ёздиргани йўқ, шундоғича ўтказиб юборган. Қарияларга қийин бўлди. Энди улар нақд қилиш учун камида 10-15 фоиз пенсиясидан воз кечишга мажбур. Ўша банкларнинг ўзида бу пенсияларни фоиз ҳисобига нақдлаштириб ҳам беришаяпти. Масалан¸ 300 минг пенсияси бўлса, 270 минг сўм қилиб ечиб бераяпти, дейди Ҳотам ака.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг иқтисод бўлими мудири ўринбосари Зайниддин Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда тамоман бошқа нарсани гапирди. Ҳокимлик мулозими фикрича, қариялар ўз ихтиёри билан, ўз ташаббуслари билан пенсияларини пластикка ўтказиш ҳақида ариза ёзмоқдалар:

- Пенсионерларнинг 80 фоизи ўзлари тушунган ҳолда ихтиёрий пластикка ўтган. Энди бир 20 фоизи қолган, улар орасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Ҳеч ким мажбурланган йўқ, ихтиёрий ўтаяпти, деди ҳокимлик мулозими.

Зайниддин Худойбердиев юздан ортиқ пенсионер норози бўлиб ҳокимиятга келганини тан олди:

- Пенсионерларнинг пенсияси 7 миллиард сўм бўладиган бўлса, ўшани 3 миллиардини пластикда, қолганини нақд берамиз. Сизга шикоят қилган пенсионерлар ҳам бойланиб-бойланиб, бизга ҳам ёпирилиб келган эди, улар 120 кишини ташкил қилди, ҳаммасини яна нақдга ўтказиб бердик, энди почтадан олишади, деди Зайниддин Худойбердиев.

Ҳокимлик мулозими, 50 фоиз пенсиясини пластикка ўтказган пенсионерлар яна келиб, “бу пластик зўр экан, илтимос 100 фоиз ўтказинг” деб илтимос қилаëтганини иддао қилди:

- Бизда бир ярим мингта нуқтамиз бўладиган бўлса, ҳаммасида терминал бор. Одамларимизда нақд пулга эҳтиёж қолмаяпти. Ҳатто "Дамас"ларимизга заказ қилдик, ҳозир 400та "Дамас"га терминал келаяпти, дейди Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг иқтисод бўлими мудири ўринбосари Зайниддин Худойбердиев.

Ҳокимлик мулозимининг бу гапларини эшитган шаҳрисабзлик пенсионер Аҳмаджон ака ҳайратдан лол қотганини айтади:

- Зайниддин айтган гапларни орзуга айб йўқ, деган бўлардим. Пенсионерларнинг пластикка ўтказиш ҳақидаги аризаси эса, бу куракда турмайдиган гап. Тавба, бу амалдорлар ёлғонни ҳам қийворадида, дейди Аҳмаджон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG