Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:30

Обама ва Путин Сноуден масаласини муҳокама қилди


Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Барак Обама , Мексика, 2012 йил 18 июн.
Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Барак Обама , Мексика, 2012 йил 18 июн.

АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан АҚШ Марказий разведка ҳизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден масаласини телефон орқали муҳокама қилди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат тафсилотлари ҳақида расмий маълумот тарқатилмади.


АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан АҚШ Марказий разведка ҳизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден масаласини телефон орқали муҳокама қилди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат тафсилотлари ҳақида расмий маълумот тарқатилмади.

Оқ Уй Россияни Сноуденга бошпана бериш унга “ташвиқот учун минбар” яратиш билан тенг экани ҳақида огоҳлантирган.

12 июл куни Сноуден Россиядан бошпана олишга ҳаракат қилаётганини эълон қилган эди. Россиянинг Сноуденга бошпана бериши ёки бермаслиги ҳозирча маълум эмас.

Июн ойи бошида Эдвард Сноуден АҚШ махсус хизматларининг электрон таъқиб дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларни оммага ошкор қилганди.

23 июн куни Ҳонгконгдан Москвага учиб келганидан бери Шереметево аэропортининг транзит залида қолаётган Эдвард Сноуден инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ҳам учрашди.

Сноуденни жиноий жавобгарликка тортиш учун Обама маъмурияти уни АҚШга қайтариб беришни талаб қилмоқда.

Вашингтон Сноуденнинг ҳуқуқ ҳимоячиси ёки диссидент эканини инкор этмоқда.

- Жаноб Сноуденга ташвиқот учун минбар бериш Россия ҳукуматининг бетараф қолиш ҳақидаги ваъдасига зиддир ва улар аэропорт устидан назорат ўрнатмаганини англатади. Айни пайтда бу Россиянинг Сноуден АҚШ обрўсига янада зиён етишини хоҳламаслиги ҳақидаги баёнотга зиддир, деди Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда Жанубий Америка давлатлари президентлари АҚШни иддао қилинган жосуслик учун танқид қилиб давлатларнинг Сноуденга сиёсий бошпана бериш ҳуқуқига эга эканини ҳимоя қилди.

Жанубий Америка давлатлари ўртасида тузилган савдо блокига аъзо давлатлар, яъни Аргентина, Боливия, Бразилия, Чили, Парагвай ва Уругвай раҳбарлари эълон қилган қўшма баёнотда телекоммуникация соҳаси ҳамда шу давлатлардаги жосуслик ҳаракатлари инсон ҳуқуқлари, фуқаролар ва ахборот эркинлигига зид бўлгани учун қораланган.

Венесуэла, Боливия ва Никарагуа Сноуденга бошпана беришни аллақачон таклиф қилган.

Қўшма Штатлар бошқа давлатларга Эдвард Сноуденга бошпана бермаслик ёки ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилишига рухсат бермаслик борасида босимни кучайтирмоқда.

Москва аэропортида ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувда Сноуден АҚШнинг махфий кузатув дастурларини оммага ошкор қилиш учун Ҳаваидаги АҚШ махсус хизматининг тинчгина ишидан воз кечганини урғулади.

Россия Президенти Владимир Путин икки давлат орасида экстрадиция ҳақида шартнома имзоланмагани боис Сноуден АҚШга экстрадиция қилинмаслигини айтган.

Бироқ Путин агар Сноуден Россияда қолишни хоҳласа АҚШ ҳукуматига зарар етказадиган маълумотлар тарқатишни тўхтатиши кераклигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG