Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:14

АҚШда ўсмирни ўлдирган шахс оқлангани норозиликка сабаб бўлди


Жорж Циммерман суд залида.
Жорж Циммерман суд залида.
АҚШнинг Флорида штатида қуролсиз қора танли ўсмирни ўлдирган шахс суд томонидан оқланиб, озод қилинди. Ўз навбатида, бу бир неча шаҳарда норозилик акциялари ўтказилишига сабаб бўлди.

13 июл куни олти аёлдан иборат суд ҳайъати 29 ёшли Жорж Циммерманни 2012 йил февралида Флорида штатининг Санфорд шаҳрида 17 яшар Трейвон Мартинни қасддан отиб ўлдирмаган, дея қарор чиқарди.

Циммерман тунда содир бўлган муштлашиш чоғида ўзини ҳимоя қилиш учун Мартинга қуролдан ўқ узганини таъкидлаган.

Айбдор деб топилса, Циммерман умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши кутилаётган эди.

Бироқ 15 соат давомида мажлис ўтказган ҳакамлар ҳайъати Циммермандан барча айбловни олиб ташлаб, уни озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди

Марҳум Трейвон Мартин қора танли бўлган. Циммерман эса испан тилида сўзловчи америкаликдир.

Циммерманни оқлаш ҳақидаги суд ҳукми қора танли америкаликлар норозилигига сабаб бўлди.

Келиб чиқиши африкалик бўлган АҚШдаги эътиборли пастор Реверенд Жесси Жэксон NBC телевидениесига берган интервюсида суд қароридан норози эканини таъкидлади.

- Биз Мартин оиласини дуо қиламиз. Мен суд чиқарган ҳукмдан жуда афсусдаман. Улар Циммерманни айбдор эмас, дейишди. У ишидан кейин уйига ёлғиз қайтаётган қуролсиз болани ўлдирганликда айбдор, - деди пастор Реверенд Жесси Жэксон.

Трейвон Мартиннинг яқинлари ҳам суд ҳукмига нисбатан кескин норозилик билдиришди.

Унинг жияни Савкан Жоунез NBC мухбири билан суҳбатда суд ҳукмидан ҳайратга тушганини ва бунга ишонгиси келмаётганини таъкидлади.

- Менинг оилам бир умр руҳий тушкунликда бўлади. Бу ҳали тугагани йўқ. Биз бу қайғуни енгиллатиш учун, оғриқни бир оз камайтириш учун дуо қилишимиз керак. Мен суд ҳукмига ишонмайман. Мен ҳар қачонгидан ҳам умидсизман. Мен ҳайратдаман. Бунга ишона олмайман, - деди марҳум Трейвон Мартиннинг жияни Савкан Жоунез.

Жорж Циммерман суд томонидан оқланиб озод қилинганига қарши Калифорния штатининг тўртта шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабарига кўра, якшанба куни Оакленд шаҳри расмийлари норозилик акцияси қатнашчилари ойналарни синдириб, бир нечта машинага шикаст етказганини айтган.

Оакленд полициясига кўра, нарозилик намойишида 100 чоғли киши иштирок этган. Полиция намойишчилар йўлини тўсиб қўйган, аммо ҳеч кимни қўлга олмаган.

Оакленддан кейин Сан Франциско шаҳрида бўлган норозилик намойишида зўравонлик рўй бермаган.

Лос Анжелес шаҳрининг асосан қора танлилар яшайдиган мавзесида жойлашган Леймерт Паркидаги норозилик акциясида эса юзлаб одам қатнашган.

Сакраменто шаҳридаги қирқ кишилик норозилик акцияси иштирокчилари “Биз нима хоҳлаймиз? Адолат. Қачон хоҳлаймиз? Ҳозир. Ким учун? Трейвон учун” деган шиорлар кўтариб чиққан.

Бошқа плакатларда “Адолат бўлмаса, тинчлик бўлмайди” деган шиорларни ўқиш мумкин эди.

Айни пайтда Жорж Циммерманнинг яқинлари: "У ўзини ҳимоя қилиб ўқ узгани учун суд тўғри ҳукм чиқарган", деган фикрдалар.

Флорида штатининг Эҳтиётсизлик оқибатидаги ўлим актига кўра, Трейвон Мартиннинг яқинлари суд ҳукми юзасида шикоят ёзиш ҳуқуқига эга эмас.
XS
SM
MD
LG