Линклар

logo-print

Тожик мухолифатчиси Москвага қўйилмади


Тожик мухолифатчиси Додожон Атовуллоев.

Тожик мухолифатчиси Додожон Атовуллоев.

Душанба оқшомида Прагадан Москвага учиб борган тожик мухолифатчиси Додожон Атовуллоев Россия пойтахтига қўйилмади.

Маълумотларга кўра, “Шереметьево” аэропортидаги Россия чегара хизмати вакиллари уни 4 соат мобайнида ушлаб туришгач, яна Прагага учаётган самолётга чиқариб юборишган.

Бу ҳақда Озодликка сўзлаган Атовуллоев Москва аэропортида соатлаб ушлаб турилиши ва Россия ҳудудига қўйилмаганини ўзига нисбатан ҳақорат, деб қабул қилишини айтди.

Аввалроқ мухолифатчи ва журналистнинг яқинларидан бири Озодлик радиоси тожик шўъбасига Додожон Атовуллоев Москва вақти билан соат 11.40 да самолётдан тушгани, бироқ аэропортдаги паспорт назорати бўлимида ушлаб қолинганини айтган.

Атовуллоевнинг эса Озодликка ўзи бир неча соат Шереметьевода тутиб турилганидан кейин уни Прагага учиб кетаётган самолётгача кузатиб қўйган киши журналистга: “Омади чопган одам экансан, чунки тақдиринг мутлақо бошқа томонга бурилиб кетиши мумкин эди”, деганини айтди.

“Чароғи рўз” нашри муассиси ва “Ватандор” ҳаракати раҳбари Додожон Атовуллоев 1992 йилдан буён Тожикистон хорижида – асосан Москвада яшаб келган.

Имомали Раҳмон режимига мухолиф бўлган Атовуллоев сўнгги пайтларда “К+” телеканалида танқидий йўналишдаги қатор дастурлар билан чиқиш қилиб келаётганди.

Бу дастурлар эфирга узатилгач, Додожон Атовуллоев қарийб бир ой Европанинг турли мамлакатларида юрган. Аввалроқ у ўзига қарши суиқасд ҳозирланаётгани ва хавфсизлик мақсадида вақтинча Москвадан Европага кетганини таъкидлаганди.

Ўтган йилнинг январ ойида Москвада Атовуллоевга қарши суиқасд уюштирилган ва ўша пайтда тожик мухолифатчиси бахтли тасодиф туфайли омон қолганди. Ўшанда Додожон Атовуллоев бу суиқасдни ўз сиёсий фаолияти учун Тожикистон расмийлари олаётган ўч ўлароқ баҳолаганди. Бироқ расмий Душанбе бу айбловларни рад этган.

Додожон Атовуллоев 2001 йилда ҳам Тожикистон расмийлари талаби билан Москва аэропортида қўлга олинган. Бироқ ўшанда Россия уни Душанбега экстрадиция қилиш талабини рад этганди.
XS
SM
MD
LG