Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:24

“Гулбаҳор” лагерининг бассейни сабаб 250 уй сувсиз қолаяпти


Тошкент шаҳри Ўрикзор даҳаси Кўксарой маҳалласидаги 250та хонадон ичимлик сув етишмовчилигидан қийналаяпти. Кўксаройликларга кўра, маҳалла ҳудудида жойлашган “Гулбаҳор” оромгоҳининг бассейнига сув олинаётгани муаммога сабаб бўлаяпти.


“Лагер бассейни сувимизни олиб қўйяпти”


Тошкентнинг "Кўксарой" маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири Озодликка WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилиб, сув муаммосидан шикоят қилди.

“Гулбаҳор лагери ҳар йили иш бошлаганда шу ерда яшайдиган аҳоли кундуз кунлари деярли сувсиз қолади. Чунки лагер бассейнига тўлдириладиган сув аҳолига бериладиган ичимлик сувига уланган. Лагер насосини ёққанда хонадонларга сув бормай қолади. Бугун ҳам лагер дастидан энди сув келди. Ифторлик егандан кейин салқинланиб, чўмилишга сув йўқ. Пойтахтда аҳвол шу бўлгандан кейин вилоятларга раҳмим келади. Ҳозирги ичимлик сув танқис пайтда лагернинг қилаётган иши тўғримикин?” дея шикоят қилди WhatsApp орқали кўксаройлик фуқаро.

Озодлик мухбири “Гулбаҳор” оромгоҳидаги ходимлардан бири билан боғланиб, оромгоҳдаги бассейн бўйича маълумот олди.

Оромгоҳнинг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, бассейннинг ҳажми 25 метрга 18 метр бўлиб, у ҳар сафар тўлдирилганида тахминан 973 кубометр сув сарфланади.

“Бассейн ҳар уч кунда бир марта тўлдирилади. Масалан, бугун тўлдирилса, икки кундан кейин суви чиқарилиб, қайтадан тўлдирилади. 973 кубометр сув бу фақат бассейннинг ярмигача келади. Энди жуда тўлдирсак болалар учун хавфли бўлиши мумкин”, деди микрофонсиз суҳбатда оромгоҳ ходими.

Сув соҳаси мутахасисларидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги ҳовлиларда яшовчи бир киши бир кунда ўртача 389 литр сув ишлатади.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, “Гулбаҳор” оромгоҳининг бассейнига бир марта сарфланаётган 973 кубометр (973000 литр) сув 2501 кишининг бир кунлик эҳтиёжига тўғри келади.

Айни пайтда “Гулбаҳор” оромгоҳининг раҳбари Баҳодир Ғойипов Озодлик билан суҳбатда оромгоҳ бассейнининг аҳоли учун муаммо туғдираётганини инкор қилди.

- Бизларнинг бассейн кечаси 12 да ëқилади. 12 дан эрталаб соат 4 гача. Кундуз куни биламиз, что сув бўлмайди. Бизларни огоҳлантириб ҳам кетган. Кундуз куни умуман бассейнга сув қуймаймиз. Бу жуда контролга олинган нарса. Кундуз куни умуман бассейннинг сувини очмаймиз, - деди Баҳодир Ғойипов.

“Сув муаммоси битта лагер бассейнига боғлиқ эмас”


Ғойипов “Кўксарой” маҳалласидаги сув муаммосида оромгоҳни айблашни ноўрин, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, “Кўксарой” маҳалласи ҳудудига кичкина сув қувурлари ўтказилгани учун, сувга эҳтиёж кучайган ёз ойларида сув босими пасайиб кетиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

- Бизларда ҳам сув бўлмайди. Биз энг охиридамиз, кўчанинг охирида. Давление ҳам ўзи паст. Ҳажми 50 талик кичкина трубалар. Кечқурун 7 ларда давление тушиб кетаяпти. Чунки менимча ҳамма очаяпти. Чунки менинг столовийимга (ошхонага) ҳам посуда ювишга сув келмайди. Биринчи сабаби шу кичкина-кичкина трубалар. Бу маҳаллага 40 йил олдин сув ўтказилган. Кичкина трубалар. Икккинчи сабаби пули борларнинг уйида, мен ўзим кўриб гувоҳи бўлдимда, ҳаммасининг уйида бассейн, ҳовузчалари бор. Агар маҳалладаги ҳаммасини йиғиб чиқсачи, улардаги бассейн меникидан кўра катта. Ҳаммасининг уйида бор. Ҳаммасининг уйида Худога шукур сувни тортиб оладиган насосларигача бор. Бизда ҳатто шу ҳам йўқ,- дейди Баҳодир Ғойипов.

“Кўксарой” маҳалла қўмитаси фаоли Илҳом аканинг айтишича, маҳалла ҳудудидаги олтита кўчада жами 250 хонадонда ичимлик сув муаммоси мавжуд. Илҳом ака ҳам муаммонинг асосий сабаби инфратузилмада эканини айтади.

- Бассейн тўлдиргани ёки тўлдирмагани билан у муаммо ечилмайди. Сабаби, у ерга бор-йўғи 50талик кичкинагина трубадан сув ўтказилган. Лагер тарафдан пастида 250та хонадон бор. Олтита кўча у ëқ тарафда шунақа аҳволда. У хонадонлар олдинги планда бўлмаган. Дача бўлган. Кейин булар ўзлари хонадон қилиб олишди. Водопровод район тарафидан ўтказилмаган. Ўзлари пул тўлаб 50талик трубада ўтказиб олишган. Кичкина труба у. Сув лагер бассейнига ўтгандан кейин хоҳласангиз-хоҳламасангиз сув камаяди. У муаммони, масалан, мен еча олмайман. Районга водоканалга айтганмиз. Водоканал ҳали битта ҳам иш қилгани йўқ. Фақат ремонтини қилиб беради холос,- дейди “Кўксарой” маҳалласи фаоли Илҳом ака.

Водоканал: “Кўксаройда сув муаммоси йўқ”


Айни пайтда, Учтепа туман “Сувсоз” ташкилотининг муҳандиси Азиз Наимов “Кўксарой” маҳалласида сув муаммоси борлигини умуман инкор қилди.

- Ўрикзорда умуман сувдан муаммо бўлмаган. Сув таъминоти жуда яхши. Мен инженериман шу районнинг. Ҳамма нарсадан хабарим бўлиши керак, лекин сиз айтаëтган нарсалардан хабарим йўқ. Умуман нотўғри информация беришган сизга. 50талик эмас 100талик трубалар ўтган у ердаги кўчалардан. Умуман сув таъминоти яхши. Бўпти, халқ ўзи келсин ëки телефон қилсин. Биз жойига чиқиб ўрганамиз. Тегишли чораларни кўрамиз агар ҳақиқатан сув етмаëтган бўлса,- деди Азиз Наимов.

Озодлик мухбири Тошкент шаҳар “Сувсоз” унитар корхонасига билан боғланиб, “Кўксарой” маҳалласидаги вазият ҳақида айтганида, корхона ходимлари маҳалладаги вазиятни назоратга олишларини таъкидлашди.
XS
SM
MD
LG