Линклар

Фарғоналик рассомларга қарашли бинонинг маҳаллий тадбиркор тарафидан "олиб қўйилишига" қарши чиққан рассомларнинг норози овози Гулнора Каримовага ҳам бориб етгани айтилмоқда.


Фарғоналик тадбиркор Гулбаҳор Турдиқулова тарафидан ўзлаштирилгани айтилаëтган шаҳар марказидаги бино ўз эгасига қайтарилади.

Бу гапни бинонинг асл эгаси бўлган Ўзбекистон бадиий академиясининг мулозими комил ишонч билан айтди.

Ўзини Озодликка тўла таништирган мулозим айни пайтда исм-шарифи эфирда айтилмаслигини маъқул кўрди.

Суҳбатдошга кўра¸ 2005 йилдан бери тадбиркор Гулбаҳор Турдиқулова ва фарғоналик рассомлар ўртасида давом этаëтган бу жанжал Ўзбекистон бадиий академияси фойдасига ҳал бўлиш арафасида.

- Бу бино Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 131-рақамли қарори билан Ўзбекистон бадиий академиясига оидлиги маҳкамлаб қўйилган. Аммо фарғоналик тадбиркор Гулбаҳор Турдиева айланма йўллар билан бу бинони ўз қўлига ўтказиб олди. Фарғона шаҳар ҳокимияти қарор чиқариб, бинони Гулбаҳор Турдиевага мавжуд қонунларга зид тарзда ўтказди. Бизнинг ҳуқушуносларимиз бу масалани ўрганганидан кейин ҳақиқат рўëбга чиқиб, бино ўз эгаси бўлган рассомларга қайтадиган бўлди¸ - деб таъкидлади академия мулозими.

Бадиий академия мулозимининг норасмий тарзда билдиришича¸ воқеага Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова аралашганидан кейингина бинонинг асл эгасига қайтариш жараëни бошланган.

Бинонинг асл эгаси ҳисобланган Ўзбекистон бадиий академияси ижодкорлар уюшмасининг ўзини Фарида дея таништирган мулозими, Озодлик билан суҳбатда¸ айни пайтда ҳуқуқшунослар бу масала устида ишламоқда, дея маълум қилди.

Фарғона прокуратураси рассомларга қарши


Фарғона шаҳар ҳокимлиги мулозимлари Озодлик билан суҳбатда бинонинг ҳануз рассомларга қайтарилмаганини маълум қилишди.

Мулозимларга кўра, бу бино Фарғона шаҳар ҳокимлигининг 814-сонли қарори билан тадбиркор Гулбаҳор Турдиқуловага берилганича турибди.

Фарғоналик 51 яшар таниқли рассом Юрий Усеиновнинг Озодликка айтишича, рассомларга оид бинонинг олиб қўйилиши адолатсизлик ва коррупциянинг безбетларча кўринишидир.

- Бу бинони совет даврида рассомлар ўз пулига қуришди. Ҳукумат қуриб бергани йўқ. Фарғона рассомларининг бир неча авлодига бошпана бўлган бинонинг қандайдир тадбиркор томонидан ҳокимият билан жиноий тил бириктирган ҳолда олиб қўйилиши адолатсизликнинг энг безбетларча кўринишидир,- дейди рассом.

Суҳбатошга кўра¸ фарғоналик мулозимлар, хусусан, прокуратура вакиллари рассомларни ëмон кўришади.

Ўтган ҳафтада Фарғона вилоят прокурори вилоят рассомлари раҳбари Владимир Пучковскийкийга дағдағали хат юбориб бино борасида жанжал қилмасликни талаб қилган.

Рассом Юрий Усеинов прокурор ва шаҳар ҳокимидан қўрқмасдан “ўз уйини ҳимоя қила олган” фарғона рассомларига тасаннолар айтди:

- Улар бу масалани 2005 йилдан бери судларга олиб чиқишиб чарчашди. Бу рассомларнинг жамоатчиликка ва мамлакат президентига видеомурожаатлари самара бераëтганидан хурсандман. Бугунги Ўзбекистонда рассомлар ўз уйини мулозимлар чангалидан ҳимоя қилишга руҳий куч топаëтганидан мамнунман,- деди суҳбатдош.

Айни пайтда, рассом Юрий Усеинов 2005 йилдан бери ўз биносидан мосуво қилинган Фарғона рассомлар жамоаси жуда катта зарар кўрганини ҳам таъкидлади:

- Бу орада Фарғнада бирор ëш малакали рассом жамоага қабул қилинмади. Устоз-шогирдлик¸ ворислик каби қадриятлар тизими бузилди. Мақсуд Фатхуллин¸ Сергей Алибеков¸ Мамат Чурли каби таниқли рассомлар етишиб чиққан Фарғона рассомлик мактаби мулозимлар ўзбошимчалиги боис путуридан кетди¸ - дейди рассом Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG