Линклар

Эдвард Сноуден Россиядан вақтинча бошпана беришни сўради


АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден Россия Федерал Миграция хизматига шу мамлакатда вақтинча бошпана беришни сўраб мурожаат қилди. Россия Федерал Миграция хизмати Сноуден бошпана сўраб мурожаат қилганини тасдиқлаб унинг иши уч ой ичида кўриб чиқилишини билдирди.



АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден Россия Федерал Миграция хизматига шу мамлакатда вақтинча бошпана беришни сўраб мурожаат қилди.

Бу ҳақда Сноуден билан учрашган адвокат, Жамоатчилик палатаси аъзоси Анатолий Кучерена маълум қилди.

- Агар вақтинча бошпана бериш ҳақида гапирсак, бу жараён уч ой ичида тугатилиши керак. Тахминан бир ойдан бери транзит зонасида бўлиб чарчаган Сноуден шундай йўлни танлади,- деди Кучерена.

Россия 24 телеканалига берган интервюсида Кучерена вақтинчалик бошпана бир йил муддатга берилилиши ва ҳар йили узайтирилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

- Агар рухсат берилса, у бир йил муддатга қочқинлик мақомини олади. Агар хоҳласа, муддатни бир йилга узайтириши мумкин ва бу чексиз давом этиши мумкин. У, сиз ва биз эга бўлганимиз каби ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. У эркин ҳаракатлана олади. У ишлай олади.

Анатолий Кучеренага кўра, Сноуден Москванинг “Шереметьево” аэропорти транзит зонасини тарк эта олмаслиги боис сешанба куни ўз аризасини аэропортга келган Россия Федерал Миграция хизмати вакилига топширган.

Россия Федерал Миграция хизмати Сноуден вақтинча бошпана беришни сўраб ариза топширганини тасдиқлади.

Федерал Миграция хизмати бошлиғи Константин Ромадановский Сноуденнинг аризаси қонунда назарда тутилганидек уч ой ичида кўриб чиқилишини айтди.

Кремл матбуот котиби АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходимига вақтинча бошпана бериш ҳақидаги қарор президент Владимир Путин томонидан қабул қилинмаслигини урғулади.

Америка махсус хизматларининг электрон кузатув дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларни оммага ошкор қилган Эдвард Сноуден 23 июн куни Ҳонг Конгдан Москвага учиб келганидан бери Шереметьево аэропортининг транзит залида қолмоқда.

Россия аэропортнинг транзит зонаси техник жиҳатдан мамлакат ҳудудининг бир қисми эмаслигини билдирган.

Вашингтон Эдвард Сноуденнинг паспортини бекор қилган ва уни жосуслик айблови бўйича жиноий жавобгарликка тортишни хоҳлайди.

АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти Сноуден инсон ҳуқуқлари фаоли ёки диссидент эканини рад қилган.

Боливия, Венесуэла ва Никарагуа Сноуденга бошпана беришни аллақачон таклиф қилган. Бироқ у Лотин Америкасига учиб кета олмайди.

Боиси Москвадан самолётлар Лотин Америкасига тўғри парвоз қилмайди. Қолаверса, Сноуден ва унинг тарафдорлари Сноуден учиб кетаётгани тахмин қилинган самолётлар парвози АҚШ ва иттифоқчилари томонидан тўхтатилиши ёки таъқиб этилиши мумкинлигидан хавотирда.

Жума куни Оқ Уй Россияни АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Сноуденга бошпана бериш унга “ташвиқот учун минбар” яратиш билан тенг экани ҳақида огоҳлантирган.

Ундан олдин Путин икки давлат ўртасида экстрадиция ҳақида келишув имзоланмагани боис Россия Сноуденни экстрадиция қилмаслигини айтган.

12 июл куни Барак Обама ва Владимир Путин телефон орқали Сноуден масаласини муҳокама қилган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат тафсилотлари ҳақида расмий маълумот тарқатилмади.

Давлат раҳбарлари икки томонни қониқтирадиган келишувга эриша олмагани тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG