Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Президент фермерни яна "бағрига босди". Фермер хурсандми?


Жорий йилда Ўзбекистонда 2012 йилга нисбатан қарийиб 500 минг тонна ғалла кўп етиштирилди, лекин фермерларнинг ихтиёрида ўтган йилга солиштирганда 823 минг тонна оз ғалла қолдирилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳар йилгидай ғаллакорларни навбатдаги “тарихий ғалаба билан” табриклади. Президентнинг бу йилги табригини фарғоналик фермер Улуғбек ва қорақалпоғистонлик фермер Мурод ака билан бирга ўқидик.

"80 центнердан ҳосил олганлар ҳам бор"

Президент табригида айтилишича, Ўзбекистонда бу йил 7 миллион 610 минг тонна ғалла ҳосили олинди. Бу йилги мавсумда ўртача ҳосилдорлик 55 центнерга етган. Улуғбек ҳам, Мурод ака ҳам президент келтирган бу рақамга қўшилади.

Улуғбек:
-Олди 80 центнердан олди. Менинг ҳосилим гектарига 48 дан чиқди ака.

Мурод ака:
-Яхши бўлганлари 50 центнердан олишди. Ерга яхши ишлов берганлар шундайдан олишди ғаллани.

Президент фермерни яна "бағрига босди". Фермер хурсандми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00
Бевосита линк

"Ма санга, ма санга, нима қолди Ҳасанга?"

Президентнинг табригида 2013 йилда фермерлар ўтган йилга нисбатан қарийиб 500 минг тонна ғалла етиштиргани айтилади. Ўтган йилги ҳосил 7 миллион 170 минг тонна бўлган эди.

“Бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи бор мана шундай мисли кўрилмаган натижага эришиб, кўпчилик вилоят ва туманларда, фермер хўжаликларида ҳосилдорликни юксак даражага етказганимиз фидойи деҳқон ва фермерларимиз қандай буюк ишларга қодир эканини намоён этиб, бутун халқимизнинг кайфияти ва руҳини кўтарди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди” дейилади табрикда.

Президент “фидойи деҳқон ва фермерлар”га бу йилги ҳосилнинг 50 фози, яъни 3 миллион 524 минг тоннаси қолдирилганини айтди.

Шу аснода каминада “Бу кўпми ёки озми?” деган савол туғилди. Ўтган йилга солиштирамиз. Мантиққа таянадиган бўлсак “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида мисли кўрилмаган натижага эришган” деҳқонларга бу йил кўпроқ ҳосил қолдирилиши керак эди. Бироқ рақамлар бунинг аксидан далолат бермоқда.

Ўтган йили деҳқонларга ғалла ҳосилининг 60 фоиздан кўпроғи, яъни 4 миллион 347 минг тоннаси қолдирилган. Демак, бу йил ўтган йилга солиштирганда фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолдирилган ғалла миқдори 823 минг тоннага озроқдир.

Мана шу жойда қорақолпоғистонлик фермер Мурод аканинг гапларига қулоқ солайлик. Унинг айтишича, бу йил ғалла планини ошириб бажарганлардан ҳам режадан ошиқ ғалла олиб қўйилган.

-Планни тўлдирганлар ҳам юрибди. Ошиб қолган ғаллани ҳам қолдирмасдан олишиб кетдилар. Плани тўлса-да, ортганини ҳам олди. Ахир ортган ғаллани фермерга бериши керак эди-ку. Фермер хоҳласа уни сотиши керак, одамларига бериши керак. Фермернинг қўлида ҳам ишчилари бор, -деди Мурод ака.

"Фарғонада бошқача"

Улуғбекнинг гапларига ишонадиган бўлсак, Фарғонада томоман бошқача вазият.

-Пландан ошганини ҳаммасини ўзимизнинг уйимизга туширдик. Ўзимизга ўриб берди. Мен 22 тонна ғалла туширдим. Ака, ҳали даромаднинг ҳисобига етганимиз йўқ. Ҳали ҳамма пулларимизни туширганимиз йўқ. Ҳамма пуллар тушса, кейин ҳисоб-китоб қиламиз-да. Ҳозирги аниқ даромадим шу 22 тонна буғдой, -деди Улуғбек.

Президент барча юртдошларни яна "бағрига босди"

Президент ўз табриги якунида “юксак хирмонга муносиб ҳисса қўшган барча-барча юртдошларимизни бағримга босиб, яна бир бор самимий табриклайман»”, деди. “Фидокорона ва ҳалол меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан таъзим қиламан”, деди.

Табрикни ўқиб бўлгач, фермерлардан президент табригидан ташқарида қолган мухим нарсалар ҳақида сўрадим. Давлат фермердан ғаллани қандай нархда сотиб олди? Давлат нархи фермер қилган чиқмларни қоплайдими?

Фарғоналик фермер Улуғбекнинг айтишича, ғалланинг бир килосини давлат 425 сўмдан сотиб олган.Бу нарх чиқимларни фойдаси билан қоплайди. Бозорда эса ғалла нархи 550-600 сўм. Бироқ Улуғбек давлат ғаллани бозор нархидан арзонроқ сотиб олганига хафа эмас.

-Бизга давлат ҳамма нарсани қилиб берса, техникамиз, соляркамиз, ўғитларимизни еримизнинг бошига олиб келиб берса. Бозорда 550-600 сўмлигига қарамай давлатга топширамиз-да. Бизга мана шу яхши-да. Албатта, давлат бу нарсаларни бекорга бермайди. Бу нарсаларнинг пулини ҳосилни йиғиб-териб олганимиздан кейин, пулларимизни тушириб олшганимиздан кейин тўлаймиз, -деди Улуғбек.

"Боради келади... боради келади..."

Озодлик радиоси ўтган йилларда ўз режасини бажара олмаган фермерлар прокуратура ва милицияга чақиртирилгани, турли таҳдидларга учрагани ҳақида кўп ёзган эди. Бу йил ҳам эски ҳамом эски тосми ёки ўзгаришлар борми?

Саволимизга жавоб берар экан қорақолпоғистонлик фермер Мурод ака режани бажара олмаган фермерлар ҳар йилгидай прокуратурага чақиртирилаётганини айтди:

-Планини тўлдира олмаганлар ҳам юрибди, ҳеч гап йўқдай. Энди ҳар йили такрорланадиган аҳволда бу. Прокуратурага чақиртирилади, прокуратурага боради келади, боради келади... Куни шу билан ўтади-да. У ерда мажлис қилади, дўқ-пўписа қилади. Лекин шу кунгача планни тўлдирмаган фермернинг прокуратура у нарсасини ёки бу нарсаини олиб қўйганини кўрганим йўқ, -деди Мурод ака.
XS
SM
MD
LG