Линклар

Ўз ўғлига исломий эртаклар ëзилган дискларни қидириб топа олмаган журналист Адиба Отаева бундай маҳсулотни ўзи ишлаб чиқаришга қарор қилди. Рамазон арафасида чиқарилган исломий эртакларнинг шу пайтгача ўнлаб нусхаси сотилди.


Британияда истиқомат қилувчи 40 яшар ўзбек журналисти Адиба Отаева мусулмон болалар учун исломий эртакларнинг сасли китобчаларини ишлаб чиқарувчи ширкат тузди.

Рамазон арафасида Лондон яқинидаги Волкинг шаҳарчасида ишга тушган бу ширкат ишлаб чиқарган инглиз тилидаги исломий аудио китоблардан тўқсонга яқини икки ҳафта ичида сотилди.

“Ғамгин туя”¸ “Салоҳиддин ва болакай ” ва “Лайло исмли чумчуқ” каби сасли китобчаларда Ислом пайғамбари ва саҳобалар билан боғлиқ болаларбоп ҳикоялар бор.

Мirajproductions ширкати раҳбари Адиба Отаева Озодлик билан суҳбатда исломий эртаклар ишлаб чиқаришга ундаган омил ҳақида гапирди:

- Мен олти яшар ўғлим Жамолиддин телевизор кўрмасдан исломий мазмундаги сасли эртак китоблар тинглашини истадим. Исломий мавзудаги аудио китобларни топа олмасдан¸ болалар учун чиқарилган “Инжил” аудио китобини сотиб олиб бирга тинглай бошладик. Тинглаш мобайнида "Инжил"да мусулмончиликка тўғри келмайдиган фарқларни ўғлимга тушунтираман, деб чарчаб кетдим. Ўшанда "Нега исломий мазмундаги болаларбоп сасли китоблар йўқ?" деган савол пайдо бўлди. Пировардида бундай китобларни ўзим ишлаб чиқаришга қарор қилдим. Чунки мен Би-Би-Си радио ва телевидениесида ишлаб малака орттирган эдим. Бундан икки ҳафта олдин ишни бошлаб бир неча китобни сотувга чиқардим. Бу энди бошланиши¸ дейди Адиба Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ ишлаб чиқарилаëтган китобларда овоз эффектлари ва мусиқа парчалари мавжуд:

- Исломий мазмундаги аудио китоблар бор¸ аммо улар маҳсулот сифатида зерикарли ишланган. Масалан, ўғлим уларни эшитиб зерикдим, дейди. Биз ишлаб чиқарган аудио китобларни болалар руҳиятига мослаштириб қизиқарли қилаяпмиз. Масалан, Юнус пайғамбарни балиқ ютиб юборганида “қулт” этган овоз чиқади. Ўшани эшитиб ўғлим роса завқланди¸ дейди Адиба Отаева.

Исломий эртакми ëки исломий тарғибот


Ўзбекистонлик журналист Адиба Отаева фикрлар турфалиги ва бетарафликка асосланган матбуотда ишлаб суяги қотган. Адиба Отаеванинг диний-тарғибий услубдаги эртаклар чиқарадиган ширкат тузиши ўзи мансуб бўлган маслак қоидаларига зид келмайдими?

Шу андишадан келиб чиқиб биз Мirajproductions ширкати раҳбари Адиба Отаевага савол бердик.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениесида “Эртаклар яхшиликка етаклар” деган кўрсатув бор¸ шу маънода сиз бозорга киритган эртаклар болаларни Tолибон руҳидаги тузум қуришга, xалифачиликка етакламайдими? Демократия ҳақида эртаклар айтганимиз яхши эмасми болаларга? Россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли Валерия Новодворская ўзбеклар диний китоблардан кўра¸ инсон ҳуқуқлари декларациясини ўқигани маъқул, деган тавсия берган эди.

- Динимизни ўрганганимиздан кўра¸ халқаро инсон ҳуқуқларини ўрганганимиз яхши, деган фикрни чекланган дунëқараш деб ўйлайман. Инсон дунëга кенг қараши лозим. Албатта, биз аниқ фанларни ўрганишимиз керак¸ бунинг ëнида тарих ва динимизни ҳам ўрганишимиз керак. Бунинг ëнида демократияни ҳам англаб етишимиз керак. Буларнинг ҳаммасини бирга ўрганишимиз керак. Масалан, биз фақат демократияни ўрганайлик¸ дин иккинчи даражали нарса дейиш нотўғри. Биз барини бирдек билиб етук инсон бўлсаккина толерант бўламиз ва бошқаларнинг эҳтиëжларини тушунамиз. Шу маънода мен қилаëтган эртаклар тарғибот эмас¸ балки мусулмон болаларидаги билимга бўлган эҳтиëжни қондириш деб биламан¸ дейди суҳбатдош.

Эртаклар ва мазҳабий низолар


Ислом дунëсида кўп масалаларда муштараклик йўқлиги боис мазҳабий низолар келиб чиқади. Масалан, ўзбек мултипликатори Нозим Тўлахўжаев 1990 йили Мисрдаги Ал-Азҳар университетидан изн олиб диний мазмундаги анимацион филм суратга олганида эътирозлар гирдобида қолган эди.

Шу маънода исломий ҳикояларга муносабат ҳам тақводорлар ўртасида турлича.

Мirajproductions ширкатида ишлаётганларнинг бариси сунний-ҳанафий мазҳабга оид мусулмонлардир, дейди Адиба Отаева:

- Албатта, биз низо боиси бўлишни истамаймиз. Диний консултантимиз бор. У дамашқлик аëл. Кучли диний билим эгаси. Қуръон ва ҳадисларини яхши билади. Бундан ташқари Лондонда бир шайх бор. Шайх Абу Саййид. У шариат консули бўлиб ишлайди. Уларга олиб борамиз. Улар эртакларимизни синчиклаб текширишади. Бу консултантлар ҳам сунний-ҳанафий мазҳабга оид мусулмонлар бўлишига қарамасдан биз шиа-сунний низоларига яқинлашмаймиз. Барча мусулмонлар иттифоқ бўлган тавҳид асосида болалар учун эртаклар ëзамиз. Биз овоз ëзиш студияси сифатида барча мижозлар истагини инобатга оламиз. Масалан, ҳар бир эртакнинг мусиқали ва мусиқасиз версиялари бор. Салафийлар мусиқасиз вариантини олишади. Либералроқлари эса мусиқали варианти сотиб олишади¸ дейди Адиба Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош бу нарсага бизнес деб қарашини таъкидлайди:

- Исломий маҳсулот деган тушунча бор. Масалан, ҳалол тамғаси билан чиқадиган егуликлар. Биз ҳам мусулмон болалар учун маънавий маҳсулот чиқарамиз¸ деган Адиба Отаева яқин келажакда ўзбек тилида исломий аудио китоблар чиқариш нияти йўқлигини айтди:

- Бизнес режамизда испан¸ француз ва рус тилларида бундай китобларни чиқариш ниятимиз бор. Ҳозирча фақат инглиз тилида. Яқинда Вашингтонга бораяпман. Америка ва Канада биз учун катта бозор. Ўша бозор эҳтиëжларига уйғун ҳаракат қиламиз¸ дейди мусулмон болалар учун исломий эртакларнинг сасли китобчаларини ишлаб чиқарувчи ширкат тузган Адиба Отаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG