Линклар

logo-print

Россия-Ўзбекистон йўналишидаги чипталар нархлари ошмоқда


Чипталарнинг қимматлаётгани Россияда ишлаб, ортга қайтаётган меҳнат муҳожирлари сони ошиши билан боғланмоқда.

Чипталарнинг қимматлаётгани Россияда ишлаб, ортга қайтаётган меҳнат муҳожирлари сони ошиши билан боғланмоқда.

Россиядан Ўзбекистонга темир йўл ва авиачипталар нархлари ошаётгани кузатилмоқда. Чипталарнинг қимматлаётгани Россияда ишлаб, ортга қайтаётган меҳнат муҳожирлари сони ошиши билан боғланмоқда. Сотувчилар бу ҳолат янги йилгача кузатилишини гапирмоқда.


Озодликнинг Москвадаги бюросига мурожаат қилган тингловчиларимиздан бири охирги пайтларда Россиядан Ўзбекистонга поезд ва самолёт чипталари нархлари кескин ошиб кетаётгани сабабларини аниқлаб беришни сўради.

“Россиядан Ўзбекистонга қатновчи поезд ва самолётларга билетлар нархи қўрқинчли даражада ошиб кетган! Бугун мен справочнийга телефон қилиб аниқладим!" деб ёзади тигловчимиз.

Москвадан Тошкентга қайтишни режалаштираётган 25 ёшли Толибжон исмли меҳнат муҳожири ҳам Ўзбекистонга қатнаётган транспортга сотилаётган чипта нархи бир неча минг рублга ошиб кетганини аниқлаганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Тошкентга учишим керак эди, билет қидирдим. Июн охирлари-июл бошларида 7000-7200 рубл эди. Кўтарилиб кетибди! Кўп жойлардаги авиакассаларга бордим – энг арзони 8 минг – 9,5 минг бўлиб кетган! Интернетда ҳам қидирдим – у ерда ҳам шу нарх. Хуллас, 1,5-2 минг рублга ошганда. Сабабини билмадим,- дейди тошкентлик Толибжон.

Авиа- ва темир йўл транспорти чипталари нархларининг ошиб кетгани сабабларини Россия бўйлаб чипталарини сотувчи йирик компаниялардан бирининг менеджери Татяна Таратова тушунтиришга уриниб кўрди.

“Ҳозирча Ўзбекистонга энг арзон нархда ташувчи “ТрансАэро” бўлиб чиқяпти”, дейди мутахассис.

- Масалан, 19 июл кунини олсак, “Трансаэро” ёрдамида учиш сизга 8350 рублга тушади. Мен сизга фақат тўғри учаётган самолётларни айтяпман. Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига учаётган энг йирик авиакомпаниялардан “Ютэйр”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Аэрофлот” нинг нархлари 10 минг рублдан ортиқроқ бўлади. Ҳозир мавсум бошланди: одатда ёзда ҳамма йўналишларга авиачипталар нархлари ошади. Тошкент йўналиши эса ҳеч қачон арзон бўлмаган, чунки талаб катта. Октябр ойига Москва-Тошкент йўналишидаги нархлар 10 мингдан пасга тушмайди, дейди Татяна Таратова.

Авиаширкат менеджери бу йўналишда йил бошидан буён сотилган энг арзон билет 7 минг рублдан қимматроқ экани ва Ўзбекистонга доимий талаб мавжудлигини қўшимча қилди.

Москвада поезд чипталарини сотиш билан шуғулланадиган яна бир ширкат вакиласи Москва-Тошкент йўналишидаги нархлар самолётникидан ҳам қиммат эканини айтади.

- Самолёт чиптаси нархининг поездникига нисбатан арзон бўлиши одатий ҳол. Масалан, Тошкент йўналишидаги поезднинг плацкартига энг арзон билет 9300 рубл турса, купе – 15,5 минг атрофида туради,- дейди ўзини таништирмаган ширкат вакиласи.

Ўзбекистонга авиачипталар поездникидан арзон бўлишига қарамасдан, ўзбек муҳожирлари айнан поездни танлаётгани сабаби ишлаб уйга қайтаётган мигрантлар поездда кўпроқ юк олиб кетиш имкони борлигида, дейди суҳбатдошимиз.

- Улар поезд проводниги билан арзонга келишиб кетади, самолётга эса ҳажми катта ва оғир юк олиб кириш кескин чекланган, дея маълум қилди у.

Санкт-Петербургдан меҳнат қилиб уйга қайтаётган муҳожирлар ҳам бундан кейин авиачипталар нархлари ошишига тайёр бўлишлари керак.

- Август ойига Петербургдан Тошкентга учаётган самолётлар нархи 11160 рубл атрофида бўлади. Кейин нархлар яна кўтарилади. Тўғриси, нархларнинг нега ошиши билан мен шуғулланмайман, шунинг учун нега улар ошаётганини ҳам билмайман,- деди ўзини таништирмаган авиакасса сотувчиси.

Россияда транспорт чипталари миллий валюта – рублга сотилади.

Айни пайтда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2013 йилнинг 15 июлидан бошлаб Россияга учаётган Ўзбекистон резидентлари, жумладан фуқароларига ҳам авиачипталарни фақат АҚШ долларига сота бошлади.

Шу пайтгача, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати Ўзбекистонда ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқи бўлмаган хориж фуқароларига билетларни АҚШ долларига сотган. Ўзбекистонда доимий истиқомат қилган хориж фуқаролари жўнаш пункти мамлакат ташқарисида бўлган рейслар учунгина хориж валютасига билет сотиб олган.

Ўзбекистон “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати маълумотига кўра, 2012 йил давомида Миллий авиакомпания 1,962 миллион билет сотган. Бир йилги кўрсаткичга ҳисоблаганда, сотилган чипталар сони 2011 йилга нисбатан 236 мингга (13,6 фоизга) ошган. Жами Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ҳаво кемалари 18,5 минг рейсни (2011 йилга нисбатан – 457 рейс кўпроқ) амалга оширган.

Ўтган йил давомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати томонидан 30 минг тоннадан зиёд юк ташилган.

Мутахассислар жорий йилда бу кўрсаткичлар янада ошиши кутилаётганини таъкидламоқда.

Россияда меҳнат қилаётган ва темир йўл ҳамда авиатранспортдан фойдаланаётга ўзбекистонликлар сони 5 миллиондан 8 миллионгача экани тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG