Линклар

logo-print

Озодликка WhatsApp тармоғидан келган хабарлардан бирида ЎзГазОйлга қарашли АЁҚШларда мижозларга сотиладиган бензиндан уриб қолинаётгани ҳақида ёзилган. Бироқ ширкат масъуллари бу хабарни рад этмоқда.



ЎзГазОйлда ишлайдиган Озодлик манбаси WhatsApp орқали 17 июл куни шундай хабар жўнатди:

“Уч кунча аввал ЎзГазОйл раҳбарияти йиллик ҳисобот олди ва катта мажлис бўлди. Бу мажлис ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Мен бу мажлисдан жиддий маълумот олишга муваффақ бўлдим. Ҳозир раҳбарлар янги найранг ўйлаб топишган. Яъни ҳар бир ЎзГазОйл заправкасидаги ёнилғи қуйиш ускуналари ёнилғининг бир қисмини харидорлар ҳақидан уриб қолишга мослаштирилди. Ҳозир ҳар бир ЎзГазОйл заправкаси 10 литр бензиндан 400-500 граммдан уриб қолмоқда. Бир заправка бир кунда камида 17минг литр бензин сотади. Бу дегани ҳар бир заправкадан 500литр бензин соф фойда дегани. Раҳабарларнинг бундай йўл тутишига сабаб, бошқа фойда келтирадиган қинғир йўлларнинг ёпилганидир”, деб ёзди ЎзГазОйлдаги Озодлик манбаси.

Озодлик бу хабарни ўрганиш учун энг аввало ЎзГазОйлга қарашли бир неча АЁҚШлар билан боғланди ва операторлар бу хабарни кескин рад этди:

- Бўлмаган гап. Ҳеч ким ҳеч кимни ҳақидан уриб қолаётгани йўқ, мижозга бензин нормалний бериляпти. Кейин бензин қуядиган ускуналар компютерлаштирилган, уларни алдаб бўлмайди,- деди ЎзГазОйлга қарашли 31-АЁҚШ оператори.

Бироқ, Тошкентда киракашлик қиладиган 40 ёшли Шавкат фикрича, мижозлар ҳақидан бензин уриб қолиш, ЎзГазОйлнинг азалий одати:

- Бу олдиндан теккан касалку, инсофлиси 10 литрдан 400-500 грамм уради, инсофсизи бир литр уради. Ўн литрга пул бериб тўлиқ 10 литр бензин олганимиз йўқ ҳали. Мана компютер, алдаб булмайди дейишади. Биласизми ака, булар компютерни ҳам ўзбекча гапиртириб юборишяпти. Биз 10 литр тоза олмоқчи бўлсак, таниш заправшикларга устига минг, бир ярим сўм берамиз, кейин 10та тоза қуяди,- дейди тошкентлик киракаш Шавкат.

Аммо Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган бошқа бир киракаш, Саид аканинг фикрича, АЁҚШларда бензиндан уриб қолиш ҳолатлари ҳозир тугатилган:

- Ҳозирги аппаратлар зўр, бир литри қолганда скорости камайиб, охирги граммигача қуяди. Илгариги одатлар йўқ бўп кетдиёв, янаям билмадим. Икки йилдан бери ўлчамай қўйгандим. Энди яна бир текшириб кўриш керак, шекилли. Бир ўлчаб кўрай, кейин айтаман,- деди киракаш Саид ака.

ЎзГазОйл корхонаси билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам бир неча марта Озодликда ёритилган эди.

“ЎзГазОйл” ишчиларни ноҳақ ишдан бўшатаётгани, ишчиларни кўп ишлатиб кам ҳақ бераётгани, кадрлар бўлими мулозимлари янги ишга кираëтганлардан пора олаётгани ҳақида битилган шикоятларни Озодлик ўтган йилнинг сентябр ойида ўрганган эди.

“ЎзГазОйл” президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани иддао қилинган ҳамда Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда “ЎзГазОйл” асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра “УзГазОйл” давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG