Линклар

Россия мухолифатчиси Алексей Навальний беш йилга қамоққа ҳукм қилинди. Давлат маблағини ўзлаштирганликда айбдор, деб топилган Навальний суд залида қамоққа олинди.

Россиянинг Киров вилояти Ленин туман суди пайшанба куни давлат маблағини ўзлаштирганликда айбдор, деб эълон қилган Навальнийни суд залида қамоққа олишга ҳукм қилди.



Судя Сергей Блинов пайшанба куни суд қарорини ўқиб эшиттирди:

- Суд Алексей Анатольевич Навальнийни Россия Жиноят Кодексининг 2011 йил 7 март кунги таҳриридаги 33-моддаси 3-қисми ва 160-моддаси 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топишга қарор қилди. Унга беш йиллик қамоқ жазоси берилиши, қамоқ муддатини ўтаб бўлгач озодлигини чекламаслик ҳамда давлат фойдасига 500 минг рубл миқдорида жарима ундиришга ҳукм қилди. Қамоқ жазосининг умумий режимдаги колонияда ўташи белгиланди, дея ҳукмни ўқиди судя.



Мухолифатчининг хотини Юлия Навальная ҳукм ўқилгач, журналистлар олдида қилган чиқишида эри бошлаган коррупцияга қарши кураш давом этажагини таъкидлади:

- Мен ва бутун оиламиз уни қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Агар кимдир Алексейнинг терговлари тугатилишига умид қилаётган бўлса, бундай бўлмайди. У тузган коррупцияга қарши жамғрамаси ишлашда давом этади. Сизнинг қўлловингизга умид қиламиз. Ҳозир энг муҳими ишни давом эттириш ҳамда Пётр билан Алексейга бирдамлигимизни кўрсатишимиздир, деди мухолифатчининг аёли.

Навальний ва у билан шерикчиликда айбланиб, суд қилинган Пётр Офицеровга тўрт йиллик қамоқ жазоси ва 500 минг рубл жарима солинди.

Навальний билан Офицеров суд залида қамоққа олинди. Навальнийнинг адвокати Сергей Кобелев ўз мижози суд ҳукми юзасидан шикоят аризасини топширишини мълум қилди.





Судланувчилар ярим миллион долларлик млукини ўмаргани иддао қилинган "Кировлес" ширкати собиқ директори Вячеслав Опалевнинг суд давомида Навальнийга қарши берган кўрсатмалари “ишончли ва изчил” деб топилди. Навальний билан жиноий тил бириктирганига иқрор бўлган Опалевга шартли қамоқ жазоси берилди.

Навальний Опалевни коррупцияда айблаб, унинг ишдан четлатилиши ва тергов қилиниши тўғрисида билдиришномалар билан мурожаат қилгани боис, давлатга қарашли ёғоч ширкати собиқ директори унга туҳмат қилганини айтиб келади.

Судя Блинов пайшанба кунги маҳкама мажлисини суд тергови хулосаларини ўқиб эшиттиришдан бошлади:

- Навальний ғаразли манфаатларини кўзлаган ҳолда, жиноят уюштирувчиси сифатида, ўз шериги Офицеров билан жиноятга бошчилик қилишни режалаштирган. Жиноий шерик сифатида жавобгарликка тортилган Офицеров билан биргаликда "Кировлес" ширкати мулкини ўзлаштиришга доир жиноий режаларни тузган ва мулкни ўз назоратларидаги ташкилотга ўтказиш мақсадида Офицеров томонидан бошқарилган ширкатни ташкил қилган, деди судя.



Навальний Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлиб келган ва ўзига нисбатан қўйилган айбловларни Путиннинг ўч олиши, дея атамоқда.

Судя ҳукмни ўқишда бу масалага ҳам тўхталди:

- Ўзининг жиноий жавобгарликка тортилиши сиёсий мотвиларга асосланганига оид Навальнийнинг иддаолари асоссиз деб топилди. Ҳимоя томони терговчилар ёки жиноят ишида кўрсатма берган экспертлар томонидан нохолислик ёки тарафкашлик қилингани тўғрисида бирорта исбот келтирилмади, деди суд ҳаками.

Навальний чоршанба куни Москва мэри лавозимига номзод сифатида расман рўйхатга олинди. Лекин унинг сайловолди штаби раҳбари Леонид Волков, ҳукм эълон қилингач, Навальний номзодини вақтинча қайтариб олиш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирди. Волковнинг “Эхо Москвы” радиосига айтишича, сайловолди штаби Навальний тарафдорларини сайловларни бойкот қилишга чақириш ҳаракатларини бошлайди.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл МакФол ўз Twitter саҳифаси орқали суд ҳукмига муносабат билдирди: "Навальнийнинг айбдор деб эълон қилинишидан ва айбловлар сиёсий мотивларга асосланганига ишора қилувчи омиллардан чуқур ташвишдамиз", дея ёзди элчи.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон Навальний ва Офицеров устидан ўқилган ҳукм муносабати билан баёнот эълон қилиб, “уларга қарши айбловлар суд давомида асосланмади”, дея таъкидлади. “Процессуал камчиликлар инобатга олинган ҳолда, якуний натижа Россияда қонун устуворлиги борлигига оид шубҳаларни уйғотади”, дейилади яна баёнотда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам суд ҳукмини қоралади. Amnesty International ташкилоти Москва бўлими раҳбари Сергей Никитин Навальнийга қарши чиқарилган ҳукм “Россияда инсон ҳуқуқларига оид вазият ёмонлашаётганини кўрсатади”, дея таъкидлади.

Россиядаги нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисобланган “Мемориал” маркази директори Александр Черкасов ҳукмни “сиёсий мотивларга асосланган”, дея атади.

Ҳукм ўқилаётган пайтда Навальний суд залидан Twitter орқали хабарлар ёзиб турди.

Қўлига кишан солинишидан аввал ёзган сўнгги хабарида “Майли. Менсиз зерикиб қолманглар. Энг муҳими бекорчилик қилиб ўтирманг. Нефт қувури устидаги қурбақа ундан ўз хоҳишига кўра тушиб кетмайди” деб ёзди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG