Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:45

Краснодарда ўзбекларни ўлдирганликда гумонланаётганлар ушланди


Кубаннинг Қрим туманида уч нафар Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганликда гумонланаётган шахслар ҳибс этилди. Полиция жиноят изини йўқотиш учун маҳаллийлар ўзбек мардикорларини аввалига бўғизлагани, кейин бошидан тўппонча билан отиб, ёқиб юборганини хабар қилмоқда.

Россиянинг Краснодар ўлкаси Қрим тумани Нижне-Баканский қишлоғи яқинида 13 июл куни топилган уч нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўлимида айбланаётган шахслар қўлга олинди.

Краснодар ўлкаси Ички ишлар бошқармаси расмий вакили Герман Струглин Озодлик билан суҳбатда жиноятни 1970, 1978 ва 1986 йилларда туғилган маҳаллий фуқаролар содир этгани тахмин этилаётганини билдирди.

- Дастлабки тахминларга кўра, бу жиноятни уч нафар маҳаллий содир этган, улардан бири аллақачон бу жиноятга қўл урганига иқрор бўлди. Ҳодиса ўтган ойда, аниқроғи 24 июн куни содир бўлган, - дея воқеа тафсилотларини очиқлади полиция мулозими.

Маълум бўлишича, ўтган ой охирларида Қрим тумани полиция бўлимларидан бирига уч нафар ўзбек муҳожири йўқолгани аризаси билан уларнинг шу ерда ишлаётган қариндошлари мурожаат қилган.

Дараксиз йўқолган ўзбек мигрантлари 13 июл куни Нижне-Баканский қишлоғи ёнидаги ташландиқ очиқ конда топилган.

- Олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари давомида 1983, 1989 ва 1972 йилларда туғилган ва Нижне-Баканский қишлоғида қайдга туриб мардикорлик қилган ўзбекистонлик фуқароларнинг куйиб кетган жасадлари топилди. Кейинроқ биз жиноятчиликда айбланаётганлар 3 киши бўлганини аниқладик, улардан биттаси – 35 ёшли маҳаллий фуқаро ҳозирда қидирувга берилди, - деди Герман Струглин.

Минтақа бўйича Тергов қўмитаси расмий хабарига кўра, ўзбекистонликлар 24 июнга ўтар кечаси уч киши бўлиб, Нижне-Баканский қишлоғидаги “Текила-Бум” кафесида дам олиб ўтирган. Шу ерда, ҳозирча аниқланмаган сабабларга кўра, улар ва икки маҳаллий рус ўртасида келиб чиққан жанжал муштлашувга айланган.

Мардикорлар ҳодиса жойидан қочиб қутилган, бироқ улардан бири маҳаллийлар қўлига тушиб қолган. Унга ёрдамга қайтиб келган ўзбеклардан иккиси ҳам ушланиб, қўл-оёғи боғланган.

Шундан кейин жиноятни содир этганликда гумонланаётганлар ўзбек муҳожирларини машинада қишлоқдан 3 километр нарироқдаги ташландиқ карьерга олиб чиққан. Бу ерда улар пичоқ билан бўғизлаб ташланган, маҳаллийлардан бири эса ўлдирилган мардикорларнинг бошига пистолет билан ўқ отган. Қотилликни содир этганидан кейин, гумонланувчилар мурдаларни ёқиб, конга кўмиб кетган.

Олиб борилган суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, карьердан топилган мурдалар йўқолган ўзбек муҳожирларининг жасадлари экани тасдиқланди.

Тергов қўмитасида ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси (қотиллик) асосида жиноий иш очилди.

Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароларининг бундай оммавий ўлдирилиши Краснодар ўлкасида биринчи маротаба содир бўлмаётганини айтади.

- Биласизми, йилига ўлкамизда 75-80 нафар ўзбекистонлик турли сабабларга кўра ўлмоқда: ким жароҳат олган, ким юракдан, ким бахтсиз ҳодиса туфайли. Ўтган йили ҳам Абинск туманида 3 нафар иш излаб келаётган ўзбек бўғиб ўлдирилган ва йўл ёқасига ташлаб кетилган эди.

Биринчидан, нохуш ҳодисаларнинг асосий қисмига ҳамюртларимиз ўзи айбдор бўлиб чиқаяпти – бепарволик, эҳтиётсизлик, ўзини тута билмаслиги, хавфсизлик техникасига риоя қилмагани. Иккинчидан, иш берувчиларнинг давлат ва мигрантлар олдида масъулияти оширилиши керак. Одамларимиз расман, барча солиқларни тўлаб ишлашга рози. Бироқ, айнан иш берувчилар мигрантларимизнинг ноқонуний юришида кўпроқ манфаатдор бўлиб чиқмоқда. Шунинг учун жамиятимиз маҳаллий ҳукуматга иш берувчилар устидан назорат кучайтирилиши кераклиги талаби билан чиқмоқда, - деди Краснодардаги ўзбеклар жамияти раҳбари Тожиддин Нурматов.

2011 йил 26 май куни Россиянинг Краснодар ўлкасига қарашли Абинск туманида 3 нафар эркак жасади топилган, тергов давомида ўлдирилганлар Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган эди.

Бироз вақт ўтиб, бу қотилликда гумонланган 20 ёшли маҳаллий фуқаро ҳибс этилгани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG