Линклар

Жанубий Африкани ирқчилик бошқарувидан озод қилган мамлакатнинг биринчи қора танли президенти Нелсон Мандела ўз таваллудининг 95 йиллигини шифохонада қарши олди. Айни 18 июл куни БМТ томонидан эълон қилинган Мандел кунида дунë бўйлаб Мандела шарафига турли тадбирлар уюштирилди.

Июн ойида ўпка яллиғланиши ташхиси билан касалхонага ëтқизилган Нелсон Мандела 95- таваллуд кунини Преториядаги шифохонада қарши олди. Мандела яқинларининг матбуотга билдиришича¸ собиқ президентнинг саломатлиги секин-аста яхшиланиб бормоқда.

- Биз халқаро майдонда тимсолга айланган Манделанинг Жанубий африкалик эканидан фахрланамиз ва унга бугун сиҳат-саломатлик тилаймиз. Халқимизга Мадиба касалхонага ëтқизилганидан бери кўрсатаëтган муҳаббат ва меҳри учун миннатдорчилик билдираман¸ деди Манделага йўллаган табригида мамлакат жорий президенти Якоб Зума.

Ўз чиқишида президент Зума¸ Манделанинг хасталиги боис давом этаëтган қайғуга қарамай¸ унинг руҳини кўтариш учун бу йил Мандела туғилган кунини аввалгиларидан ҳам каттароқ ва яхшироқ ўтказишга даъват қилди.



Айни пайтда Манделанинг қизи ҳам матбуотга берган интервюсида¸ отаси аҳволининг яхшиланиб бораëтгани ва оиласи унинг яқин орада уйга қайтишига умид қилаëтганини билдирди.

Жанубий Африкадаги миллий яраш жараëнидаги беқиëс хизматлари учун Нобел Тинчлик мукофоти берилган Нелсон Манделанинг сиëсий кураш¸ ирқчиликка барҳам беришдаги ролини қадрлаш мақсадида БМТ 18 июл – у туғилган кунни Нелсон Мандела куни деб эълон қилган.

Ўз умрининг 27 йилини Жанубий Африкани бошқарган оқ танлилар ҳокимияти қамоғида ўтказган Мандела 1994 йилда мамлакатда ўтказилган илк кўп ирқли сайловларда ғолиб чиқиб¸ президентликка сайланган.

Мамлакатни ирқчилик ҳукмронлигидан демократияга айлантирган Мандела 67 йиллик ҳаëтини ўз миллати хизматига бағишлади ва шу боис унинг бу йилги туғилган кунида жамоатчилик Мандела ҳурмати учун 67 дақиқани турли хайрия тадбирларига бағишлашга даъват этилди.

Мандела кунида мактаб ўқувчилари ўқишни собиқ президентга табрик йўллаш билан бошлаган бўлса¸ дунëнинг аксар давлатларига ирқчилик ва инсон ҳақлари топталишига қарши тадбирлар ўтказилди.
XS
SM
MD
LG