Линклар

logo-print
“1957 йил 21 март куни Тошкенг шаҳрида тушлган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, матьлумоти олий, оилали, тўрт нафар фарзандлари...” – бу ғализ ва ғиж-биж хатоли “таништирма” Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди жорий йилда чиқарган ҳукмлардан биридан олинди.

Келтирганимиз парчадаги хатоларнинг катта қисми сканернинг "айби" эканлиги тўғрисида, аввалига, ўйламабмиз ҳам.

(Озодликка ҳукмнинг скан қилинган варианти электрон почта орқали етиб келган эди.)

Шошганлигимизни тушуниб қолганимиздан кейин ҳужжат хатоларини саралаб чиқдик. Ва натижада “айб”ини сканерга тўнкаб бўлмайдиган хатолар ҳам талайлиги аён бўлди. Масалан, “тўрт нафар фарзандлари”даги ортиқча “лар”ни сканер қўшиб қўёлмайди.

Қўлимизда яна бир неча ҳукм нусхалари бор. Уларнинг мутлақ кўпчилиги
“Ўзбекистон Республикаси номидан
ҲУКМ”

эмас, балки

“ҲУКМ
Ўзбекистон Республикаси номидан”дир.

Масалан, мана бу ҳукмдаги хатолар у босилган компьютер клавиатураси русча эканлиги билан изоҳланиши мумкин. Лекин шаҳар номини “Навоий” эмас, балки “Наврий”, деб ёзганларини қандай изоҳлар эканлар?

Судьялар ишлатадиган компьютерга ўзбекча клавиатура ўрнатиш шу қадар қийинми?

Ўзбекистонда судьялар чиқараётган ҳукмлар тили лексикаси, синтаксиси ва стилистикаси ҳақида гапириш, афсуски, ҳозирча мутлақо ортиқча кўринмоқда.

Судьяларнинг мутлақ кўпчилиги ҳукмларни бехато ёзолмаслигини ўзбекистонлик расмийлар ва мутахассислар тан олди.

Демак, бугун гап шу ҳақда.

Олий суд нима деди?

Олий суд матбуот хизмати расмийсига бир бемаъни савол бердик: Ҳукмлар матнларидаги хатоларни текшириб, ўнглаб тургувчи бирон бир хизмат мавжудми?

(Саволнинг бемаънилиги шундаки, бундай хизмат бўлуви, аслида, шарт эмас. Судья – олий маълумотли мутахассис. У олий ўқув юртига саводи борлиги текшириб кўрилувчи имтиҳонлар жараёнидан ўтиб кирган.)

Олий суд расмийси битта маънили ва битта бемаъни саволимизга умумий қилиб бундай жавоб берди:

- Сиз кўтараётган масала ўтган йили Олий судда ҳам кўтарилган. Бу масалага энди жиддийроқ қаралса керак. Сиз сўраётган хизмат ҳозирча йўқ. Лекин ички тартиб бўйича назорат бўлиши керак, деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходими.

“Юридика институтида “Ўзбек тили” дарслари йўқ, лекин бўлиши керак!”

Абитуриент талабаликка қабул қилинган экан, демак тушуниладики, у кириш имтиҳонларидан ўтган ва шу тариқа саводхон эканлигини исботлаган.

Шу мантиқдан келиб чиқишган бўлсалар керакки, ҳуқуқшунослар тайёрлайдиган олий ўқув юртларида Она тили дарслари ўтилмас экан.

Буни Тошкент давлат юридик институти Ўзбек тили кафедраси билан боғланиб билдик.

Кафедранинг ўзини таништиришни истамаган, лекин саволларимизга жавоб берган домласи билан мана бундай суҳбат қурдик:


Озодлик: Талабаларга ўзбек тили дарси ўтиладими?

- Рус гуруҳига ўтилади.

Озодлик: Ўзбек гуруҳигачи?

- Ўзбек гуруҳига “Юристнинг нутқ маданияти” курси факультатив сифатида ўтилади.

Озодлик: Демак, мажбурий ўзбек тили дарслари йўқ эканда?

- Йўқ.

Озодлик: Домла, ўзингизнинг ҳам кўзингиз тушгандир судьяларнинг ҳукмларига. Матнни ўқиб бўлмайди мутлақо...

- Тўғри, ўқиб бўлмайди. Мен ўзим 23 судьянинг ишини кўрганман. Умуман тушунмаганман.

Озодлик: Нимага шунақа?

- Энди уларнинг тил тайëргарлиги яхши эмасда.

Озодлик: Бас, шуни биласизлар экан, балки дарс ўтиш керакдир ўзбек тилидан уларга?

- Бизлар таклифларимизни берганмиз. Олий таълим вазиригача берганмиз. Лекин ҳозирча инобатга олмаяпти. Келажакда инобатга оладиган бўлса, яхши бўлиб қолар. Масалан, “Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм” дейишлари керак. Улар “Ҳукм Ўзбекистон Республикаси номидан” дейди. Русчадан таржима қилишганда. “Приговор от имени Республики Узбекистан”, дегандан келиб чиқиб “приговор”ни биринчи ёзишади. Мен ўзим кўрган 23та ҳукмдаям шундай хатони кўрдим. Энди ўша таклифларингизни берсаларингиз, балки бизларга маъқул бўлиб қолар, яхши бўлиб қолар. Тилни билмасдан туриб фикрни ифодалаши қийинку. Фикрни тўлақонли, мазмунли, мантиқли ифодалаш учун тилни билиш керакда!

Озодлик: Бу оддийгина саводсизликми ëки тилни менсимасликми?

- Бу томони ҳам бор. Бармоқ орасидан қарайдилар-да, “Гапиришни биламан. Бу она тилим” деб тушунишади. “Фикрингни қоғозга тушир”, десангиз, тушира олмайди. Тилнинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапиришимиз керак. Тилнинг қоидаси ҳақида эмас, тилнинг хизмат қилиши, тилсиз ҳаëт йўқ эканлиги ҳақида гапиришимиз керак. Юз марта айтамиз болаларга, барибир иккинчи даражали нарса, деб қарашади. Психология шундай шаклланиб қолган. Психологияни ўзгатирмасдан туриб, буни ўзгартириб бўлмайди, деди Тошкент давлат юридик институти Ўзбек тили кафедраси ўқитувчиси.

Чаласаводлик илдизлари қаерда?

Камина ўзбек судьяларининг беш-ўнта “шедевр” ҳукми билан танишган, Юридик институти Ўзбек тили кафедраси ўқитувчиси 23 та ҳукмнинг тилини тадқиқ қилган бўлса, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг қўлидан юзлаб ҳукмлар ўтган, ўша юзлаб ҳукмлар ўқилган юзлаб суд мажлисларида у иштирок этган.

Бас, шундай экан, уни ҳам суҳбатга тортдик.

Судьяларнинг ўзбек тилида ёзолмасликлари сабаблари тўғрисида фикр юритар экан, Суръат Икромов бундай деди:

- Ўзбек тилида ўтган судларда ўқиладиган ҳукмларни мутлақо тушуниб бўлмайди. Маъноси тушунарли эмас. Саводсиз ëзилган. Масалан, Жиноят Кодексини оласизми, бошқа қонунларни оласизми, уларни ўз вақтида жуда тез таржима қилишган, ўшанда жуда шошишган. Олдин, СССР пайтида Жиноят Кодекси ва бошқа қонунлар ҳаммаси рус тилида бўлган. Ўзбек тилида бўлмаган. Фақат мустақилликка чиққандан кейин шошилтиришган. Таржимонлар тилни, адабиëтни яхши биладиган бўлса, юриспруденцияни тушунмаган. Агар юрист бўлса, адабиëтни яхши билмаган. Кодекслар битта китобда иккита тилда ëзилган. Ярми ўзбек тилида, ярми рус тилида. Ҳам рус тили, ҳам ўзбек тилини яхши тушунадиган одам таржимаси нотўғрилигини дарров сезади. Судьялар юридик институтини рус тилида битирган. Ўзбек тилида жуда кўп нарсалар чалкаштириб юборилган. Жуда кўп нотўғри сўзлар, уларнинг талқини, нима демоқчи шу сўз билан ëки мана шу жумлада нима демоқчи бўлгани тушунарли эмас ҳамма учун. Ҳар ким ўзича тушуниши мумкин. Юриспруденция унақа бўлиши керак эмас. Юриспруденцияда шундай бўлиши керакки, ҳамма бир хил тушуниши керак.

“Судьялар пол латтага ўхшаб қолган”

Озодлик: Сиз ҳукмлар матнларининг умумий сифатини айтаяпсиз. Мана қўлимда шундай ҳукмлардан биттаси турибди. Нимага бу қадар эътиборсизлик?

- Мен очиғини айтишим керак, умуман суд системасида аллақачон кўп нарсаларни ўзгартириш керак. Биринчидан, судьяларнинг квалификацияси жуда паст. Ҳозир одам йўқ ўзи судья бўлиб ишлайман, деган. Мен очиғини айтишим керак, таниш-билиш ëки пора орқали келишаяпти бу ишга. Биласиз, бунақалар кучли бўлмайди. Кучли, саводли одам ўзининг ишини ҳар доим топиб кетади. Адвокатура бўладими, катта корхонанинг юристи бўладими ва ҳоказо. Мана, қаранг, судьяларнинг пулини (маоши) ҳали ҳам, катта деб бўлмайди. Бир оилага етадиган пул эмас. Лекин негадир ўша ерда ишлайман, деб хоҳлайдиганлари кўп. Сабаб, асосан, тушунарли. “Ëғли жой”, деса ҳам бўлади у жойни. Масалан, у ерда деярли порасиз ишлаб бўлмайди. Негаки маоши етмайди ҳеч қачон. Олишга мажбур улар. Шунинг учун ҳам у ерга саводли одам келмайди. Унақа эътибор қиладиган одам келмайди. Кўп суд ҳукмлари буюртма билан чиқади. Биласизми, ҳозир судья шу даражада хор бўлганки, буларни тергов органи дейсизми, СНБ дейсизми, нимани буюришса, ўшани чиқариб беради. Пол латтага ўхшаб қолишган ҳозир. Судланувчининг айби борми-йўқми, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Мен биламан шунақа судьяларни, виждонли судьяларнинг кўпи ишдан бўшаб кетган. Ишлагиси келмаган. Нимагаки виждони чидамаган. Айбсиз одам устидан ҳукм чиқаришга чидамаган. Энди ўрнига жуда квалификацияси паст бўлганлар келмоқда. Фараз қилинг, бир куни 23 ëшли судья, ҳали уйланмаган бўлса керак, Мирзо Улуғбек судида иш кўрди. Ёши катта одамлар қилган оилавий жиноятни кўрди. Ҳали у ўзи кичкина бола бўлса, ҳали ҳаëтий тажрибаси йўқ, ана шуни қараб чиқаяптида. Куласиз! Қанақа қилиб бу ишни ëш болага топшириш мумкин? Қанақа қилиб бу болани судья қилиб қўйиб қўйишган? Нимагаки, ë одам топиша олмаган ë ўша таниш-билишчилик ëки пора олиб қўйишган, билмайман қаердан келишади бунақалар?

Сенатор нима дейди?

Ўрганаётганимиз мавзу юзасидан Олий Мажлис Cенатининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, сенатор Светлана Ортиқовага ҳам бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Светлана Ортиқова: Бутун судьялар ўзбек тилини жуда яхши билади, дейишдан йироқман, албатта. Шунинг учун ҳам ҳозир мана шу тизимда жуда катта ислоҳотлар олиб борилаяпти. Хабарингиз борми, йўқми - давлатимиз раҳбарини ҳам судьяларнинг мустақиллиги масаласи, билими, савияси, маънавияти ҳам безовта қилаяпти. Шунинг учун ҳам тизимда жуда катта ислоҳотлар олиб борилаяпти ва қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Мана шу йўналишда жуда катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Айблаш жуда осон. Лекин ўша хатони тўғрилаш, муаммоларни ечиш чора-тадбирларни белгилашнинг ўзи бўлмайди. Чунки одамийлик фактори деган жойи бор.

Мана шу йўналиш бўйича Олий суд қошида тадқиқот маркази ҳам ташкиллаштирилган. Ҳозир Юридик институтида ҳам ислоҳотлар олиб борилаяпти, мактаб, коллеж, лицей тизимидан бошлаб ëшларнинг билим жиҳатини, ўзбек тилини билиш жиҳатини, савиясини ошириш масаласида жуда катта ишлар олиб борилаяпти.

Озодлик: Светлана опа, жуда катта ишлар олиб борилаëтгани ҳақида боядан бери гапираяпсиз. Шуни конкретлаштириш мумкинми? Мана ҳозир Юридик институтини тилга олдингиз. Мен Юридик институти билан ҳам гаплашдим. Ўзбек тили кафедраси бор экан. Лекин ўзбек тили бўйича гуруҳларга факультатив дарсгина ўтилар экан. Асосан улар рус тили гуруҳларига ўзбек тилидан дарс бераркан...

Светлана Ортиқова: Сарвар ака тўхтанг. Жуда ўзбек тилини ҳам ерга уриб юбораяпсиз. Бизда ҳозир ҳар битта мактаб, коллеж, лицейда ўзбек тилига муносабат анча ўзгарди. Лекин бизнинг ëшимиз 22 га киришини озгина инобатга ҳам олиш керакда. Инсон инсонийлик жиҳатларини инобатга олган ҳолда ўшанинг дунëқарашини ҳам ўзгартиришга оз-мунча вақт керакми, денг. Шу бўйича бизни ҳам безовта қилаëтган ери шу. Мен ўзимга ëзиб олдим. Олий судга тегишли хатни ëзиб, мен шу нарсани текширтираман. Бир-икки ҳафтадан кейин қўнғироқ қилсангиз, мен сизга натижани айтаман. Ҳақиқатан борми шунақа ҳукм йўқми? Агарда бор бўладиган бўлса, Олий суд томонидан нима ишлар қилинганлигининг хабарини бераман сизга.

Орадан икки ҳафта ўтказиб, Олий Мажлис Cенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, сенатор Светлана Ортиқова билан яна боғландик.

У киши биз хабарини берган бир конкрет суд ҳукми тўғрисида сўраб-суриштирганини, лекин биз айтган (ҳукмда акс этган) санада Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида биронта ҳам ҳукм чиқмаганини аниқлаганини айтди.

Балки, санани кўчиришда ҳам сканер айбдордир?

Лекин ҳамма айбни сканерга тўнкайвериш тўғри эмаслиги, муаммо мавжуд эканлиги, муаммо катта эканлиги бугун ўтказганимиз суҳбатларда очиқ тан олинди.

Энди гап ўша хатоларни ўнглашда қолди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG