Линклар

logo-print

“Тошкент ўзбек чегарачиларига нисбатан жиноят иши очган”


Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтган пикетда 15 одам қатнашди.

Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтган пикетда 15 одам қатнашди.

Ўзбекистонда 20 июн куни Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдирган ўзбек чегарачиларига нисбатан жиноят иши очилган ва улар ҳибсда сақланмоқда. Бу ҳақда 18 июл куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Тошкент расмийларига таянган ҳолда маълум қилди.

Ўзбекистон чегарачилари томонидан 20 июн куни отиб ўлдирилган қирғиз фуқароси Бақит Тагаевнинг яқинлари ва бир қатор ҳуқуқ фаоллари 17 июл куни Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет ўтказган эди. Улар 37 ёшли Бақит Тагаевни отиб ўлдирган Ўзбекистон чегарачилари жиноий жавобгарликка тортилишини ва Ўзбекистон марҳумнинг оиласига хун пули тўлаб беришини талаб қилган.

Бишкек расмийлари отиб ўлдирилган шахснинг қариндошларидан Ўзбекистон элчихонаси олдидаги пикетни тўхтатишни илтимос қилган ва уларнинг талаблари расмий Тошкент томонидан қондирилишини айтган. Шундан сўнг Бақит Тагаевнинг қариндошлари пикетни тўхтатган.


Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Ўзбекистон томони қирғиз фуқаросини отган чегарачиларни ҳибсга олганини билдирди:

-Бу борада Ўзбекистон томони билан бир неча марта сўзлашувлар олиб бордик. Улар тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Ўзбекистон томони берган маълумотга қараганда, чегара наряди хизмат ўташдан четлаштирилган ва ҳибсга олинган, -деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон расмийсининг айтишича, Ўзбекистон томони чегарачиларга нисбатан Жиноят Кодексининг икки моддаси бўйича жиноий иш очган. Тергов иши якунланганидан сўнг Минск конвенциясига асосан Тошкент ишни Қирғизистон Бош прокуратурасига жўнгатишга ваъда берган.

-Ўзбекистон Бош прокуратураси ишни Қирғизистон Бош прокуратурасига ўтказиб беради. Шундан сўнг Қирғизистон томони ўзида мавжуд қўшимча маълумотлар асосида жиноят ишини давом эттиради, -деди Тўқўн Мамитов.

Ўзбекистон чегарачилари томонидан отилган Бақит Тагаевнинг беваси Буқадча Ташкенбаева 5 бола етим қолгани, Ўзбекистон бунинг учун хун пули бериши кераклигини талаб қилган эди.

-Шу беш боламни отасини йўқлигини билдирмай, яхши тарбиялашим учун Ўзбекистон ҳукумати менга хун пули тўлаб берсин. Хун пулини Қирғизистон ҳукуматидан ҳам талаб қиламан. Чунки ҳукумат ўз фуқаросининг ҳаётини ҳимоя қила олгани йўқ, -деди Буқадча Ташкенбаева.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитовнинг айтишича, Ўзбекистонга бу талаб ҳам етказилган.

-Мен Ўзбекистон расмийлари билан учрашганимда “Беш боласи етим қолди, кичиги 7 ойлик экан. Уларга хун пули тўлаб берилиши керак”, деб айтганман. Ўзбекистон расмийлари бу масалани ўрганишга ваъда берган. Қирғизистон томони ҳозирча марҳумнинг оиласига 1800 доллар атрофида ёрдам пули берди. Уларга мунтазам ёрдам кўрсатиш масаласи ўрганилаяпти, -деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон расмийси ўзбек-қирғиз чегарасидаги бу каби нохуш вазиятларнинг пайдо бўлишига чегаранинг баҳсли ҳудудлари шу кунгача аниқланмай қолаётгани сабаб бўлаётганини айтди. Унга кўра, чегарани аниқлаш жараёни якунланмаса, бу каби ҳолатлар тез-тез содир бўлаверади.

Ўзбек-қирғиз чегараси қарийб 1400 километрни ташкил қилади. Ҳозирги пайтда унинг 354 километри аниқланмай қолмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқроқ баҳсли ҳудуд жойлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG