Линклар

Машинада одам уриб ўлдирган қаршилик милиция ходими айбни бошқага ағдарди. “Фотомания” касалига чалинган хонандалар рўйхати эълон қилинди. Тошкентда автобус ҳайдовчиларининг ноқонуний даромади ойига бир миллионга боради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун жамоатчилик муҳокамасига қўйилди”

Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун матбуотда эълон қилинди (“Экоҳаёт”, 17 июл).

34 моддадан иборат қонун лойиҳаси Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан таклиф этилган ва жорий йил 4 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган. Қонун лойиҳаси атроф-муҳит, шунингдек, ерости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза этиш борасида жамоатчиликка ҳам экологик назорат ҳуқуқини беради.

Қонунчилик палатаси ахборот хизмати қонунни такомиллаштириш юзасидан green@parliament.gov.uz ёки info@eco.uz почталарига таклифлар юборишни сўраган.

“Одам уриб ўлдирган милиция ходими айбни бошқага ағдарди”

Қарши шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими ходими Ҳамдам Комилов томонидан содир этилган автоҳалокат туфайли мазкур шаҳардаги Нуристон академик лицейи ўқитувчиси Абдиназар Тўлаганов вафот этди (“Истеъмолчи”, 18 июл).

Комилов ўз карьерасини сақлаб қолиш мақсадида муқаддам судланган Йўлдош Мойлиевни “Автоҳалокат пайти машина рулида мен ўтирганман” деб ёлғон гувоҳлик беришга кўндирган. Аммо иш судга чиққач, милиция ходимининг тергов идорасини чалғитгани ва алдагани маълум бўлган. Пировардида, жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди милиция ходими Ҳамдамовни 7 йилга озодликдан маҳрум этган, шунингдек, унинг ҳисобидан марҳум Тўлаганов рафиқасига 15,3 миллион сўм моддий ва маънавий зарар ундиришни белгилаган.

Бировнинг айбини бўйнига олмоқчи бўлган Мойлиевга 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

“Валют операциялари назорати кучайтирилади”

Ўзбекистонда Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида янги Низом кучга кирди (“Адолат кўзгуси”, 18 июл).

Давлат солиқ ва божхона қўмиталари ҳамда Марказий банк қарори билан тасдиқланган янги ҳужжат валюта операцияларига оид назоратни кучайтиришни кўзда тутувчи бандлар билан тўлдирилган. Низом бўйича имтиёзли солиқ режими амал қиладиган давлат ва оффшор ҳудудлар билан операциялар тартибига ҳам муайян ўзгартиришлар киритилган.

“Тошкент метрополитени раҳбари миллионларни талон-тарож қилган”

Тошкент метрополитени раҳбари Бахтиёр Содиқов ва унинг ўринбосари Исмоил Баҳодиров катта миқдорда маблағни ўзлаштириш ва талон-тарож қилишда айбланди (“Ҳуқуқ”, 18 июл).

Тафсилотларга қараганда, метрополитен раҳбари эҳтиёт қисмлар ва товар-моддий ашёлар харид қилиш ниқоби остида 271 миллион сўмни ўзлаштирган.

Бундан ташқари, эҳтиёт қисмлар ва товарлар нархини сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали 703,2 миллион сўм талон-тарож қилинган.

Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари Мираглам Мирзаевга кўра, метрополитен раҳбари ва унинг ўринбосарига жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди тегишли жазо тайинлаган.

“Фотомания” касалига чалинган аёл хонандалар эълон қилинди”

Хонандалар Нилуфар Усмонова, Шоира Отабекова ва Муниса Ризаева ўзбек эстрадасида фотомания билан қаттиқ касалланган хонандалар сирасига киради (“Даракчи”, 18 июл).

Улар ижтимоий тармоққа ҳар хил алфозда тушган суратларини муттасил жойлаб келишади. Психолог айрим эстрада хонандаларининг ижтимоий тармоқлардаги суратларига қараб уларнинг руҳий ҳолатига баҳо бериб чиққан. Масалан, психолог охирги пайтларда номаъқул суратлар туфайли “Ўзбекнаво” идорасига чақиртирилган Муниса Ризаевага шундай баҳо беради: “Муниса суратларида олинасаб эканини кўрсатгиси келаётгани сезилади. У биров билан суратга тушаркан, доим ўзини биринчи планга олиб чиқишга интилади”.

Психологга кўра, бошқа хонандалар – Райҳон ўзига бино қўйган ва ўзига ишонмайди; Манзура шахсий ҳаётини йўлга қўйишни жуда хоҳлаяпти; Шаҳзода ҳаётидаги айрим нарсаларни беркитишга уринади; Рухшонада бошқаларга тақлид жуда кучли.

“Автобус ҳайдовчиларининг ноқонуний даромади ойига бир миллионга боради”

Тошкент шаҳри автобус ҳайдовчилари ойига беш юз минг сўмдан бир миллион сўмгача яширин даромад қилади (“Новый век”, 18 июл).

Бу ҳайдовчиларнинг расмий 850 минг сўм ойлигига қўшимча бўлган ноқонуний даромаддир. “Агар смена охирида кунига ҳеч бўлмаса 30 минг сўм ишламасам, хотиним уйга қўймайди” дея вазиятни “билса ҳазил, билмаса чин” тарзида тушунтирган ҳайдовчилардан бири.

Мақола муаллифи Илҳом Раззоқовнинг ёзишича, Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳайдовчи ва чиптачиларнинг йўловчиларга қўпол муносабатда бўлаётгани ҳам жиддий масалага айланган. Шу ва бошқа омиллар сабабли, охирги йилларда жамоат транспорти йўловчилари йўналишли такси (маршрут)лардан фойдаланишни афзал кўрмоқда.

“Ҳуқуқшунослик йўналишидаги ягона академик вафот этди”

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқшунос олим, академик Ҳожи Акбар Раҳмонқулов 88 ёшида вафот этди (“Правда Востока”, 18 июл).

Олим 55 йиллик илмий фаолияти давомида Ўзбекистон миллий қонунчилигини такомиллаштиришга ҳисса қўшган, Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори вазифасини бажарган. Раҳмонқулов ҳуқуқшунослик соҳасида Ўзбекистон Фанлар академияси академиклигига сайланган ягона олим бўлиб келган.

Унинг вафоти муносабати билан мамлакат президенти Ислом Каримов, Сенат раиси Илгизар Собиров, спикер Дилором Тошмуҳамедова, бош вазир Шавкат Мирзиёев, Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов имзоси билан таъзиянома эълон қилинган.

“Самбочи ва дзюдочилар ишончни оқламади”

Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган 27-бутунжаҳон универсиадасида қатнашган дзюдочи ва самбочилар кўнгилдагидек натижаларга эришолмади (“Ўзбекистон овози”, 18 июл).

Масалан, таниқли дзюдочи, икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон олимпиадалари совриндори Ришод Собиров бу гал беллашувни медалсиз якунлади.

Якуний ҳисоб бўйича ўзбекистонлик талаба спортчилар иккита олтин, еттита кумуш ва ўнта бронза медалларини қўлга киритди. Терма жамоа умумжамоа ҳисобида 162 давлат орасида 13-ўринни эгаллаган.

Газета универсиада дастуридан жой олган 27 та спорт туридан фақат 10 таси бўйича қатнашган ўзбекистонлик ёшлар натижасини умуман ижобий баҳолаган.

“Ўзига тўқлар муҳтожларни қўллаши лозимлиги таъкидланди”

Рамазон ойида ўзига тўқ ўзбекистонликлар кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам бериши лозим. Бу ҳақда Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов “Даракчи” нашрига берган интервьюсида гапирган.

“Рамазон ойида бирор хонадонда қаттиқроқ овоз чиқариш ҳам дуруст ҳисобланмайди. Бу ой фаришталар осмондан тушадиган пайт. Улар қўполликни, баланд товушларни, меҳрсизликни ёқтирмайдилар. Нопоклик, адоват бор жойдан қочадилар” деган Тошкент бош имом-хатиби.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG