Линклар

logo-print

“Эркин микрофон” билан боғланган ўзбекистонликлардан бири ўзини Абдуллажон, деб таништирди. Унинг андижонлик эканлигини, ёши 50 да эканлигини, кўзи ожиз ногирон эканлигини ўзидан сўраб билдик.

Микрофон ёқилгунча Абдуллажон акадан эшитганимиз асосий гап мана бу бўлди: “Яқиндан бери мелисалар тириклик қилишимизга тўсқинлик қилмоқда”.

Суҳбатдошимиздан “тириклиги” нима эканлигини сўрадик.

Унинг “Одамлардан пул оламиз”, деган жавоби жумбоқни янада чигаллаштирди.

Ва бирдан калла ишлаб қолди: - Тиланчимисиз?

- Ҳа, деди Абдуллажон ака бироз ийманиб.

Шундан кейин микрофонни ёқдик.

- Биз беш-олти одамдан пул олиб тириклик қиламиз.

Озодлик: Тиланчилик қиласизлар.

- Ҳа.

Озодлик: Андижоннинг қаерида?

- Ҳар хил ерда. Бир ерда турмаймиз. Ҳар хил жойда турилади. Мелиса болалар “бу ерда турманглар” дейди. Бошқа районларда ҳам шу гаплар ҳозир бўлаяпти экан. Хусусан Хўжаобод районида, Жалақудуқда, Шаҳрихонда турган болаларга ҳам шунақа дебди мелисалар.

Озодлик: Демак, мелисалар яқиндан бери сизларни тиланчилик қилиб турган жойинглардан ҳайдаяпти. Шунақами?

- Ҳа. “Бу ерда турманглар” деяпти.

Озодлик: Қаерда туришинглар керак экан?

- Умуман маҳалланинг ичида юришимиз керак экан уларнинг айтиши бўйича. Маҳалланинг ичида юриб, қилаверишимиз керак экан. Бозор территориясида ëки бўлмаса машина йўлакларида туриш мумкин эмас экан.

Озодлик: Қачондан бери бунақа сиëсат бошланди?

- Бу сиëсат яқинда Жиззах шаҳрида қилинган докладдан кейин бошланди.

Озодлик: Кимнинг доклади?

- Бизнинг раҳбар доклади.

Озодлик: Тиланчилар раҳбарими? Қанақа раҳбар у?

- Ўзбекистоннинг раҳбари.

Озодлик: Ислом Каримовни айтаяпсизми?

- Ҳа. Энди кўпчилик хафа бўлган еримизки, кап-катта одам бошқа бир тузукроқ гап топилмадимикан мана шундан бўлак. Энди бу катта раҳбар анави-манави деб телевизорда гапиргандан кейин бу ëқдаги ëш мелисалар унинг гапини ушлаб олиб, бу ëқда уч-тўрт танга тириклик қилаëтган одамни “у ëққа тур, бу ëққа тур” деб керак бўлса уларнинг қўлидаги пулларини олиб қўйиб, шунақа ахмоқликлар йўл қўйилишига сабаб бўлаяпти холос.

Озодлик: Тиланчиларнинг қўлидаги пулни ким олиб қўйди?

- Мелиса болалар.

Озодлик: Сизнинг ҳам пулингизни олиб қўйганми ë бировникини айтаяпсизми?

- Бошқалардан учтасиникини олиб қўйипти. Меникини олгани йўқ. Менга бир марта огоҳлантириш берди. “Илтимос, сал нарироққа туриб олинглар. Бу ерда турманглар” деб мачитнинг одлида турган одамларга ҳам огоҳлантириш берди.

Озодлик: Президент Каримов тиланчилар ҳақида гапиргунча мелисалар сизларни ҳайдаган эмасми?

- Йўқ. Ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ.

Озодлик: Абдуллажон ака, ëшингиз нечада?

- Ëшим 50да.

Озодлик: Неча йилдан бери тиланчилик қиласиз?

- 2008 йилдан бери.

Озодлик: Фарзандларингиз йўқми?

- Фарзандлар бор. Энди улар ҳам у ëқ бу ëқда ишлашади. Одамларникида устачилик қилади.

Озодлик: Пул топишадими улар?

- Ҳа, пул топишади. Пул топишади энди. Оилалида энди улар ҳам.

Озодлик: Боқса бўлмайдими фарзандларингиз?

- Токай энди уларга анави-манави деймиз. Келинлар бор, уларнинг ҳам болалари бор.

Озодлик: Ўша келинларингиз олдида кўчада тиланчилик қилишга уялмайсизми?

- Энди бу нарсанинг ҳозирги вақтда уяти бўлмай қолган. Нимагаки, ҳаммага маълум, масалан ожзиларнинг ҳам ўзларининг иши бўлган. Ана шу ишларни яна қайтадан ўрнига қўйиб қўйса, ожизлар сиз айтгандай тиланчилик қилишнинг ўрнига ўша ишлари билан банд бўлиб вақтларини ўтказиши мумкин. Ҳозир 32 мингдан ошиқ аҳоли бор кўча-кўйда инвалидлар Ўзбекистон бўйича. Буларга ҳозир иш йўқ. Деярли бир иш йўқ.

Озодлик: Иш йўқ. Кўзи ожизларга иш йўқлиги ҳақида кўп гапирилган. Лекин давлат сизларга нафақа берадику.

- Нафақа берган билан энди битта нафақа, масалан ҳар хил нафақа олинади. Биз ишлаган вақтимизда бир метр шолчага 21 тийин ҳақ тўлаган. Эътибор беринг 21 тийин. Демак, 100 метр шолча 21 сўм бўлади.

Озодлик: Сиз хулосани гапиринг. Жуда чўзиб юбордингизда. Мен сиздан нафақани сўрадим. Бугун неча пул нафақа оласиз?

- Мен 230 минг оламан. Олган пулим ойга ой келмайди. Ойнинг охирида келади. Уни ҳам бориб оласиз. Бормасангиз келмайди. Менинг сизларга телефон қилишимдан мақсад, чўзилиб кетди деяпсиз, энди қисқароқ қиалмиз, менинг гапларимни қўйиб беринг эфирга. Раҳбарга айтадиган гапим шу. Сиз телевизорга чиқиб гапирган вақтда пул олиб тириклик қилаëтган инвалидларнинг ҳисобини қилинг. Областлардаги, районлардаги қишлоқларда яшаëтган одамлар қийинчиликда яшаяпти. Буларни эътиборга олиб гапирсангиз яхши бўлади. Сизга насиҳатни, маслаҳатни ҳеч қандай кераги йўқ. Биздан 20-30та кўйлакни ошиқ йиртган одамсиз. Мажбур бўлаяпмиз биз Прагадаги радиога телефон қилишга. Сабаби сизнинг Жиззахда қилган докладингиз орқали бизни тинч қўймаяпти сизнинг қўйган одамларингиз. Энди бу катта урушга ҳам олиб келиши мумкин. Керак бўлса калтак ҳам ейди улар. Биз тўйдик энди бунақа нарсадан. Биз қиладиган иш йўқ бўлса нима қилайлик ўшандан бошқа, дейди андижонлик Абдуллажон ака.

*************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG