Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:37

Файзулла Муллажонов хасталиги боис Марказий банк йиғини қолдирилди


Файзулла Муллажонов ўзбек сиёсий элитаси орасида юқори лавозимда қолаётган саноқли шаслардан бирдир.
Файзулла Муллажонов ўзбек сиёсий элитаси орасида юқори лавозимда қолаётган саноқли шаслардан бирдир.

Ўзбекистон Марказий банкида ярим йиллик якунларга бағишланган мажлис номаълум муддатга қолдирилди. Озодликнинг Марказий банкдаги манбасига кўра, шанба куни эрталаб мамлакат тижорат банклари бошқарув раислари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган йиғинга Марказий банк раҳбари Файзулла Муллажонов раислик қилиши керак бўлган. Файзулла Муллажонов ўтган ҳафта охирида оғир аҳволда касалхонага ётқизилган эди.



Озодлик манбасидан олинган хабарга кўра, 2013 йил биринчи олти ойи якунларига бағишланган мажлиснинг қолдирилиши Марказий банк раиси Файзулла Муллажоновнинг ўтган ҳафта касалхонага ётқизилгани билан боғлиқ.

63 ёшли Файзулла Муллажонов 13 июл куни буйрак хасталиги билан Тошкентдаги Республика ихтисослашган жарроҳлик марказига ётқизилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Маълум бўлишича, ярим йил якунларига бағишланган йиғин шанба куни эрталаб ўтказилиши ва унда Ўзбекистондаги тижорат банклари бошқарув раислари иштирок этиши керак бўлган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, Муллажоновнинг аҳволи ҳозир барқарорлашган. “Москвадан таклиф қилинган мутахассислар ёрдамида ўпкасини тозалашди”, деди Озодлик манбаси.

Марказий банк раиси вазифасини вақтинча Муллажоновнинг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев бажариб турибди.

“Пул осойишталикни ёқтиради” формуласига мос одам


Файзулла Муллажонов Марказий банк раиси лавозимига 1991 йилда тайинланган. У Ўзбекистон сиёсий элитаси орасида юқори лавозимда мустақиллик эълон қилинганидан бери қолаётган саноқли шахслардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Молия вазирлигида узоқ йиллар ишлаган, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев Сирдарё вилоятидан чиққан Муллажоновни президент Каримовнинг ишончли одамлардан бири, деб ҳисоблашини айтади:

- Чунки у Ислом Абдуғаниевич қўйган одамда. Яъни президентнинг ишончидан чиққан одам¸ деб айтса бўлади. Энди ҳозирги модний ибора билан айтганда, президентнинг командасидаги одам, масалан мана буни ҳал қилиш керак дейдиган бўлса, Файзулла ака любой вақтда ҳал қилиб бера оладиган одамлардан.

Муллажонов, дейди Молия вазирлигининг собиқ амалдори, ўз ишини яхши билган профессионал ва унинг 22 йилдан бери мамлакатдаги энг нуфузли лавозимлардан бирини эгаллаб келгани Ўзбекистон ҳукуматининг пул сиёсатини барқарор ушлаб туриш истаги билан боғлиқдир:

- Марказий банкда энди нима учун кўп йиллардан бери Файзулла ака бир жойда ўтирибди, деган масала биздаги пул-валюта сиëсати ўзгармайдиган сиëсат олиб борилаяптида. Шунинг учун шу одамнинг, масалан, 1992-1993 йиллардагидек, қаттиққўллик сиëсати олиб бораëтган бўлса, шу сиëсат ўзгармаяпти. Эркин бўлмаган давлат бошқарадиган пул муомаласи Файзулла акага ўхшаган қаттиққўл одамларни талаб қилади, дейди иқтисодчи.

Ўзбекистон ҳокимиятидаги жараёнлардан яхши хабардор журналист, Узметроном нашри муҳаррири Сергей Ежков ҳам Муллажонов пул сиёсатини бир маромда ушлаб туриш воситаси сифатида бу лавозимда узоқ йиллар сақлаб келинди, деган фикрда.

- Пул осойишталикни ёқтиради. Менимча, Муллажонов айнан ана шу “пул осойишталикни ёқтиради”, деган формулага жуда яхши мос келган одамдир. Каримов ҳам буни яхши тушунган ҳолда уни алмаштирмади. Ўзбекистон вазиятида Марказий банк раислигига малакали бухгалтер керак, Муллажонов эса юқори малакали бухгалтер эди, дейди Ежков.

Самарасиз пул сиёсати муаллифи


Файзулла Муллажоновни юқори малакали профессионал сифатида эътироф этаётган мутахассислар, у Марказий банк раиси лавозимини эгаллаб келган 22 йиллик даврда Ўзбекистон пул-валюта сиёсати самарали бўлмаганини ҳам тан олади. Айниқса, давлат хизматчилари ойликларининг мажбуран пластик картaларга ўтказилиши, банкларга қўйилган депозит пулни бемалол олиш имкони йўқлиги каби муаммолар бунга мисол бўла олади, дейди Сапарбой Жубаев:

- Ўзбекистоннинг пул номиналини ушлаб туришини, 1000 сўмга шу вақтгача ушлади, энди мана 5000 сўмлик қилди, бу ҳеч самарадор бўлмаган сиëсат. Буни мутахассисларнинг ҳеч қайси бири тушунмайди. Шунинг орқасидан жуда кўп бизга унинг салбий таъсирлари бўлаяпти. Чунки одамлар банкка ишонмайди. Банкка қўйган пулингизни ололмайсиз. Карточкага ўтказсангиз, банкоматдан пул ололмайсиз. Депозитга қўйган пулни олиш учун катта муаммо. Банкоматда карточкадан пул олиш катта муаммо. Бунинг сабаблари бор. Бу энди фақат Марказий банкнинг ўзидан эмас, бу умумий макроэкономика сиëсати билан боғлиқ.

Пул сиёсатининг бундай даражада инқирозга учрашида Марказий банк раисининг роли бўлса-да, бунинг асосий сабаби мамлакатнинг умумий иқтисодий аҳволи билан шартланган¸ деб давом этади иқтисодчи. Чунки Ўзбекистон Марказий банки раиси, нормал бозор иқтисодиёти сиёсатини олиб борувчи давлатлардаги каби, мустақил тарзда қарорларни қабул қила олмайди, дейди Сапарбой Жубаев ва бунга оддий мисол келтиради:

- Яна бир қизиқ нарса, бутун дунëда Марказий банкнинг ўзи пул номиналини қанақа чиқаришни ўзи ҳал қилади. Мен ҳайрон бўлдим. Шунча йил ишлаганман билмаган эканман, 5000 сўмликни парламент ҳал қилар экан. Парламентнинг иши эмас у. Қанақа номиналда пул чиқариш бу Марказий банкнинг ички иши. Энди шуни парламентга чиқариб қўйгани бу Файзулла аканинг қўлини боғлайдиган кўп нарсалар бор эканини билаяпманда. Балки кейинроқ чиқдими шунақа тартиб. Жуда ажабланарли ҳол бу, дейди Ўзбекистон Mолия вазирлиги собиқ амалдори Сапарбой Жубаев.


"Давлат сирини" билган саноқли кишилардан бири


Марказий банк расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятида 1950 йилда туғилган Файзулла Муллажонов 1991 йилдан бери бу лавозимда ишлаб келади.

Марказий банкдаги Озодлик манбаси, асли Наманганнинг тожикларидан бўлган Файзулла Муллажоновни Ўзбекистондаги энг нуфузли шахслардан бири деб таърифлади.

“Муллажонов Ўзбекистон банк монетар сиёсати муаллифларидан бири сифатида, Ўзбекистонда давлат сири ҳисобланган олтин ва валюта заҳираларига оид маълумотлардан хабардор саноқли шахслардан бири бўлгани учун ҳам, 22 йил давомида уни алмаштиришмади”, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Муллажонов Сирдарё вилоятида катта бизнес манфаатларга эга. Жумладан қишлоқ хўжалик ва бошқа соҳадаги йирик ширкатлар унга қарашлидир. Сирдарё вилояти Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси лавозими ҳам Муллажоновнинг укасига қарашли.

Марказий банк раисининг ўғли Абдумажид Муллажонов ҳозирда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғидир. Ундан аввал Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлган.

Файзулла Муллажоновнинг Ўзбекистон сиёсий элитасининг яна бир нуфузли намояндаси, Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзолуғбек Абдусаломов билан қуда экани айтилади.
XS
SM
MD
LG