Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:33

Пахта теримини халқаро экспертлар мониторинг қилиши мумкин


Ўзбекистонда пахта терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланилиши халқаро ҳамжамиятнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.
Ўзбекистонда пахта терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланилиши халқаро ҳамжамиятнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонга келган АҚШ делегацияси 2013 йилда пахта терими Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мониторинг қилиниши юзасидан расмий Тошкент билан музокараларда сезиларли натижаларга эришди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Жейн Зиммерман баёнот берди.

Ўтаётган ҳафта давомида Тошкентда расмийлар билан бир неча учрашувлар ўтказган Жейн Зиммерман 18 июл куни Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонасида матбуот анжумани уюштирди.

“Биз Халқаро меҳнат ташкилоти жорий йилда пахта теримини мониторинг қилиши юзасидан музокараларда сезиларли ютуққа эришдик”, -деди Жейн Зиммерман.

Шу билан бир қаторда АҚШ расмийси Халқаро меҳнат ташкилоти расмийларининг Ўзбекистон ҳукумати билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви чоғида 2013 йилдаги пахта терими мавсуми мониторинг қилиниши ҳақида келишувга эришилганини таъкидлаб ўтди.

Озодлик радиоси Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотига бир неча йилдан бери пахта теримини мониторинг қилишга рухсат бермай келаётгани ҳақида ёзган эди.

Халқаро ташкилотлар эса расмий Тошкент мамлакат ичкарисидаги фаолларга пахта теримида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланилаётгани ҳолатларини қайд этишга тўсқинлик қилиб келгани ҳақида баёнотлар берган.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти 2013 йилнинг 26 январ куни эълон қилган ҳисоботда “Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқарони, жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни, оғир шароитда ва тазйиқ остида, пахта теришга мажбур қилди” деб таъкидлаган.

АҚШ Давлат департаментининг 2013 йилда одам савдоси масаласида эълон қилинган ҳисоботида ҳам Ўзбекистон ҳукуматига “пахта теримида болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишини тўхтатиш борасида сезиларли чора-тадбирлар кўриш, Халқаро меҳнат ташкилоти каби халқаро экспертларни пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўламини холис баҳолаш учун мамлакат ичкарисига киритиш, Ўзбекистон Бош вазирининг 2013 йилда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишини тақиқлаш тўғрисидаги қарорини қайта эълон қилиш ва бу қарор ижросини таъминлаш” тавсия этилган эди.

Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати халқаро майдонда кенг муҳокама қилинадиган муаммолардандир.

Хатто, Британиянинг GameTheNews.net ширкати жорий йилнинг феврал ойида “Пахта теримидаги бир куним” деб номланган янги компьютер ўйинини ҳам ишлаб чиққан.

Мазкур ўйин Ўзбекистон пахта даласида виртуал тарзда бўлиш ва пахта териш қанчалар машаққатли эканини тасаввур қилишга имкон беради.

“Ҳар йили одамлар, жумладан болаларни Ўзбекистонда пахта теришга мажбур қилишади. Бу қанчалик оғир?”, - дейилади ўйиннинг бошланишида.

GameTheNews.net ширкат вакили Томас Роулинг сўзларига кўра, болаларни ўзбек пахтачилигида эксплуатация қилиниш ҳақидаги компьютер ўйинининг яратилишига The Guardian нашрида чоп этилган мақола туртки бўлган.

Ўзбекистон пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланаётгани боис 2013 йил январ ойидан бошлаб АҚШ, Европа ва Австралиянинг юздан ортиқ ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланмаслик ҳақидаги петицияни имзолаган.

Шу кунга қадар дунёнинг 108 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган махсулотлардан воз кечган. Улар орасида H&M, Gap, Walmart, TESCO, Gucci, Yves, Saint Laurent каби машхур брендлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG