Линклар

logo-print

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова Wordpressдаги ўз блогида 20 июл куни Тошкентдан Қўқонга қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашди.


Қолмай шаҳарда тоқатим,
Қишлоқ чиқардим одатим,
Хоҳи яёв, бўлсун отим,
Гоҳ сайр ҳам даркор экан...
(Муқимий. “Саёҳатнома”дан)

Гулнора Каримованинг яқинда ўзи сафар қилган Қўқонда XIX аср иккинчи ярмида Муқимий деган шоир яшаганию бир қанча “Саёҳатнома”лар ёзганидан хабари бор ёки йўқлигини билмаймиз.

Ҳар ҳолда, кўпроқ русча китоблар мутолааси билан улғайган Каримова хоним кечаги блогида Муҳаммад Аминхўжа Муқимийни эмас, балки рус ёзувчиси Александр Николаевич Радишчевни (унинг “Петербургдан Москвага саёҳат”и назарда тутилган бўлса керак) зикр этиб ўтади.

Шунга қарамай, мавлоно Муқимий қаламига мансуб юқоридаги мисралар шу кунда ҳам ўзбекистонликлар, шу жумладан, уларнинг маликалари учун ҳам долзарблигини йўқотмаган, деган хулосага келиш мумкин.

Алҳол, шоир айтмоқчи, пойи пиёда ёки отдамас - автомобилда Қамчиқ довони орқали водийга сайру саёҳат қилган Гулнора Каримова ўз таассуротларини “кимлар биландир бўлишиш”и, “кимгадир гапириб бериш”и қистагани туфайли “Қўқон” номли блог иншо этибди.

Инсоф юзасидан айтиш керакки, блог анча самимий ёзилган. Унда муаллиф кўзига кўринган айрим камчиликлар ҳақида ҳам кинояли қайдлар қилган.

“Кўпни кўрган саёҳатчини ажаблантириши мумкин бўлган ягона нарса бу бутун дунёда қабул қилинган, ўзида овқатланиш жойлари, ҳожатхона, дорихона ва бошқа ҳаёт учун зарур бўлган нарсаларни мужассам этган инфратузилманинг йўқлигидир”, деб ёзади Гулнора Каримова ўз блогида. (Мазкур блогнинг ўзбекча таржимаси жуда ғализ бўлиб, хатолар билан амалга оширилган, бироқ бу муаллиф томонидан шу ҳолда чоп қилинганидан кейин уни ўзгартиролмадик.)

“Қўқон” блогида Каримова хоним йўл-йўлакай учраган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатлар ҳақида ҳам, бу жойда олдинроқдаги ўринни сотиб олиш тартиби ҳақида ҳам ёзиб ўтади.

Бир ҳунари заргарлик ҳам бўлган Гулнора Каримова Қўқон тилла бозори ҳақида гапираркан, бу бозор жилови аёллар қўлида эканини урғулаб кетади. Эркакларга ҳам гапи ўтадиган аёлларни таърифлаган Каримова хоним сўзларидан унинг бу “ойижон” ёки “холажон”лардан фахрланаётганини ҳам, киноя қилаётганини ҳам илғаш қийин. Аммо бу ерда муаллифнинг муҳим бир кузатиши бор: “тилла – бу бой оилалар ўз пулларини сақлайдиган валюта” (яъни сўм ЭМАС, ёки доллар ЭМАС).

Муаллиф тилла бозордан нарироқда жойлашган Мардикор бозорини ҳам зикр этиб ўтади (ишқилиб, яхшиликка бўлсин – кейинги пайтда ота-болалар мардикорларни кўп эслайдиган бўлди).

Айни пайтда мазкур блогда “энг катта тош” яна бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ҳовлисига отилган.

“Реклама лавҳалари ва осилган эълонларни кўриб, савдо шаҳарчасига келиб қолганингни тушунасан” дея сўз бошлаган Гулнора Каримова мамлакатдаги супер-молиявий регулятор бўлмиш иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан акциз ва бошқа операцияларга оид супер-чекловлар киритилгунига қадар бу ерда савдо-сотиқ қизғин бўлганидан далолат беришини қистириб ўтади.

“Ҳозир кўпгина эски магазинлар ёпилган, янги қурилган савдо қаторлари эса ҳинд бозорларини эслатади”, деб ёзган муаллиф шу кунда эл бундан бутунлай тушкунликка тушиб кетмаганинию Коппон бозори бунга мисол бўла олишини қайд этади.

Шу кундаги Қўқон воқелигини баён қилган Гулнора Каримова бу ерда газ ва электр таъминотидаги узилишларни, сув танқислигини ҳам тилга олиб ўтади.

Ўз “саёҳатнома”сига муаллиф қўқонликларнинг очиқ юзлилигию меҳмондўстлигини таърифлаш билан нуқта қўяди.

Шу кунларда Ўзбекистондан ташқарига чиқишга кўпам имкон тополмаётган Гулнора Каримова фикрича, дунёдаги бирор-бир дам олиш маскани ва серҳашам меҳмонхона “тандирдан янги узилган нон ва тўрғалган райҳон ҳиди” уфуриб турган “ўзимизникилар” даврасидаги ҳордиқ ўрнини босолмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG