Линклар

logo-print

Мисрда конституциявий қўмита иш бошлади


Ҳокимиятдан четлатилган Миср Президенти Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари Қоҳирада ўтказган норозилик намойиши.

Ҳокимиятдан четлатилган Миср Президенти Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари Қоҳирада ўтказган норозилик намойиши.

Миср қонунлари ва конституцияси бўйича экспертлардан иборат янги қўмита мамлакат конституциясига тузатишлар киритиш бўйича иш бошлади. Қўмита аъзолари 30 кун ичида конституцияга киритилажак тузатишларни ёзиб, муҳокамага тақдим этиши режаланган.

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий 3 июн куни ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилганидан кейин мамлакат конституциясининг амал қилиши тўхтатилган эди.

21 июл куни Миср қонунлари ва конституцияси бўйича 10 нафар экспертдан иборат қўмита мамлакат конституциясига тузатишлар киритиш бўйича иш бошлади.

Мисрнинг муваққат президенти Адли Мансур тузган қўмита тўрт нафар университет профессори ва олти нафар суд ҳакамидан иборат.

Улар бир ой ичида мамлакат конституциясига киритиладиган тузатишларни ёзганидан сўнг уни Мисрдаги турли гуруҳлар вакилларидан иборат 50 кишилик органга тақдим этади.

Ўз навбатида, бу орган конституциянинг якуний лойиҳасини 60 кун ичида ишлаб чиққанидан кейин у умумхалқ референдумида овозга қўйилади.

Баҳсларга сабаб бўлган Миср конституцияси 2012 йил декабрда ўтказилган референдумда 64 фоиз овоз билан қабул қилинган эди.

Бироқ референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 33 фоизи иштирок этган. Шу боис танқидчилар уни нолегитим, деб иддао қилган.

Мисрдаги ислоҳотчилар ва либерал фаоллар конституция лойиҳасини ёзиш жараёнида ташаббусни ўз қўлига олган президент Мурсийнинг Мусулмон Биродарлиги ҳаракатини ҳужжатга уларнинг қарашлари киритилмаганлиги учун танқид қилган.

Шанба куни халққа мурожаат қилган муваққат Бош вазир Ҳазем Ал-Беблавий баъзан зўравонликларга сабаб бўлаётган бўлинишга барҳам беришга чақириб, хавфсизлик таъминланиши кераклигини таъкидлади.

Ал-Беблавий Мисрдаги вазиятни сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий муаммоларга чулғанган “уруш”га қиёслади.

- Биз уруш ҳолатидаги каби босқичдамиз. Бу менга қарши ҳужум қилишлари ва мен ўзимни ҳимоя қилишим кераклиги каби вазият эмас. Йўқ, бу уруш мамлакатда қон тўкилишини тўхтатиш, иқтисодий фаолият ва кўчаларда хавфсизликни қайта тиклаш йўлидаги урушдир, - деди Миср муваққат Бош вазири.

Ал-Беблавий иқтисодий фаолиятни қайта изга солиш учун хавфсизлик таъминланиши кераклигини урғулади.

Мисрни қарийб 30 йил бошқарган Ҳусни Муборак 2011 йил феврали халқ норозилиги оқибатида ҳокимиятдан ағдарилганидан бери мамлакатда иқтисодиёт, туризм ва ташқи инвестициялар миқдори кескин камайган.

Сўнгги ҳафталар давомида ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари билан хавфсизлик кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб одам нобуд бўлган, юзлаб одам жароҳат олган.

Мусулмон биродарлиги ҳаракати музокара олиб бориш ёки муваққат ҳукуматда иштирок этиш таклифини рад этиб, Мурсийнинг қайта президент этиб тикланишини талаб қилаяпти.

Миср ҳарбийлари Мусулмон биродарлиги ҳаракати аъзолари ва раҳбарларини таъқиб қилмоқда.

Шунга қарамай, ҳаракат тарафдорлари Қоҳирада ҳар куни норозилик акцияларини давом эттираяптилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG