Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:30

Рассомларни ҳимоя қилган фарғоналик журналист ишдан бўшатилди


Фарғонадаги Бадиий академия биноси.
Фарғонадаги Бадиий академия биноси.

Фарғонадаги рассомларга тегишли бинонинг тортиб олинганига оид танқидий мақола ëзган 22 ёшли журналист Владимир Ахунов “Ферганская правда” газетасидаги ишидан бўшашга мажбур бўлди.


Айни пайтда Владимир Ахунов маҳаллий ҳокимият ва прокуратурага чақиртирилиб, ундан “рассомларни нега ҳимоя қилгани” борасида тушунтириш хатлари олинмоқда.

Фарғоналик рассомларга қарашли бинонинг маҳаллий тадбиркор тарафидан "олиб қўйилиши" ҳақида илк хабар муаллифи бўлган ëш журналист Владимир Ахунов “бинони тортиб олган” тадбиркор Гулбаҳор Турдиева уюштираëтган кенг кўламли “тазйиқ”қа учрагани айтилмоқда.

"Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 131-рақамли қарори билан Ўзбекистон Бадиий академиясига бириктириб қўйилганига қарамасдан¸ фарғоналик тадбиркор Гулбаҳор Турдиева айланма йўллар билан бу бинони ўз тасарруфига ўтказиб олгани ҳақидаги хабарнинг дунëга тарқагани маҳаллий мулозимлар жаҳлини чиқарди", дейди исми эфирда айтилишини истамаган фарғоналик рассом Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, рассомлардан бино тортиб олингани борасида мақола чиққанидан кейин журналист Владимир Ахунов “зудлик билан” Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Қудрат Алимов ҳузурига чақиртирилган.

Қудрат Алимов журналистга ҳокимиятга оид кўчмас мулк ишларига аралашмасликни буюрган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Қудрат Алимов бундан олдин Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмасининг вилоят бўлими Владимир Пучковский ва унинг муовини Любов Семизоровалар билан ҳам “суҳбат” ўтказган.

Прокуратура мулозимининг бундай “ташрифидан” хабардор бўлган фарғоналик рассомларнинг Озодликка айтишича, суҳбат давомида терговчи Қудрат Алимов рассомларга ошкора таҳдид қилган.

Рассомлар ҳимоя қилинмиш мақола чоп қилинган “Ферганская правда” газетаси муҳаррири “юқоридан” қилинган қўнғироқ боис мақола муаллифини ишдан бўшатди.

“Ферганская правда” газетаси Кадрлар бўлимига қўнғироқ қилганимизда гўшакни кўтарган мулозимлар журналист Владимир Ахуновнинг ишдан бўшаганини тасдиқлашди.

Шу билан бирга, улар Владимир Ахуновнинг ўз аризасига кўра бўшаганини таъкидлашди.

Айни пайтда фарғоналик тадбиркор Гулбаҳор Турдиқулова тарафидан ўзлаштирилгани айтилаëтган шаҳар марказидаги бино ўз эгасига қайтарилиши ҳақида жиддий гап-сўзлар бор.

Бу гапни бинонинг асл эгаси бўлган Ўзбекистон Бадиий академияси мулозимининг комил ишончига кўра¸ 2005 йилдан бери тадбиркор Гулбаҳор Турдиқулова ва фарғоналик рассомлар ўртасида давом этаëтган бу жанжал Ўзбекистон Бадиий академияси фойдасига ҳал бўлиш арафасида.

Бинонинг асл эгаси ҳисобланган Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмасининг ўзини Фарида дея таништирган мулозими Озодлик билан суҳбатда: "шу кунда ҳуқуқшунослар бу масала устида ишламоқда", дея маълум қилди.

Фарғоналик 51 ёшли таниқли рассом Юрий Усеиновнинг Озодликка айтишича, рассомларга тегишли бинонинг олиб қўйилиши адолатсизлик ва коррупциянинг безбетларча кўринишидир.

- Бу бинони совет даврида рассомлар ўз пулига қуришди. Ҳукумат қуриб бергани йўқ. Фарғона рассомларининг бир неча авлодига бошпана бўлган бинонинг қандайдир тадбиркор томонидан ҳокимият билан жиноий тил бириктирган ҳолда олиб қўйилиши адолатсизликнинг энг безбетларча кўринишидир, - дейди рассом.

Рассом Юрий Усеинов прокурор ва шаҳар ҳокимидан қўрқмасдан “ўз уйини ҳимоя қилаëтган” фарғоналик рассомларга тасаннолар айтди:

- Улар бу масалани 2005 йилдан бери судларга олиб чиқишиб, чарчашди. Бу рассомларнинг жамоатчиликка ва мамлакат президентига видеомурожаатлари самара бераëтганидан хурсандман. Бугунги Ўзбекистонда рассомлар ўз уйини мулозимлар чангалидан ҳимоя қилишга руҳий куч топаëтганидан мамнунман, - деди суҳбатдош.

Айни пайтда рассом Юрий Усеинов 2005 йилдан бери ўз биносидан мосуво қилинган Фарғона рассомлар жамоаси жуда катта зарар кўрганини ҳам таъкидлади:

- Бу орада Фарғонада бирор ëш малакали рассом жамоага қабул қилинмади. Устоз-шогирдлик¸ ворислик каби қадриятлар тизими бузилди. Мақсуд Фатхуллин¸ Сергей Алибеков, Мамат Чурли каби таниқли рассомлар етишиб чиққан Фарғона рассомлик мактаби мулозимлар ўзбошимчалиги боис путурдан кетди¸ - дейди рассом Усеинов Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG