Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:12

Намоз ўқимайдиган йигитлар ваҳҳобий сифатида судланди


Ўтган ҳафта Тошкент вилоятининг Қибрай туманига қарашли Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқаро расмийлар наздида номақбул диний маърузаларни тинглагани ва муҳокама қилгани учун судланди.


Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди.

- 17 июл куни ҳукм ўқилди диний мотивлар билан судланаётган бу олти кишининг иши бўйича. Улардан асосий фигурант – Раҳматуллаев Равшан Комилович деган шахсга 6 йиллик қамоқ жазоси берилди. Иминов Азимжонга 3 йил қамоқ жазоси берилди, лекин бу шартли жазо. Қолган тўртталасига ҳам 2 йилдан шартли қамоқ жазоси берилди, - деди Суръат Икромов.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 28 декабр куни 25 ёшли Равшан Раҳматуллаев, шу йилнинг 6 январ куни эса Жавлон Умарбеков, Дилшод Шокиров, Миркамол Мусаев, Азим Эминов, Жамшид Далабоев ва Элдор Маҳмудов қибрайлик милиционерлар томонидан ҳибсга олинган. Суръат Икромовга кўра, Равшан Раҳматуллаевнинг ҳибс этилишига унинг компьютеридан ўзбекистонлик машҳур имомлар Абдували қори Мирзаев, Обидхон қори Назаров, Рашодхон Камоловнинг маърузалари топилгани сабаб бўлган. Азим Эминов унга шу маърузаларни етказиб берганликда айбланган. Қарийб тенгдош бўлган қибрайлик тўрт йигит (Жавлон Умарбеков, Дилшод Шокиров, Миркамол Мусаев, Жамшид Далабоев) чойхонада бу маърузаларни тинглагани учун судланган.

Суръат Икромовга кўра, улар орасидан тергов билан ҳамкорлик қилган Элдор Маҳмудовга ҳеч қандай айблов қўйилмаган, балки у судда фақат гувоҳ сифатида иштирок этган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов “ваҳҳобийлик”да айбланиб, 2 ва 3 йилданга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган бу йигитлар ҳатто мунтазам равишда намоз ўқимаганларини қайд этади.

Шу билан бирга, ҳуқуқ фаоли ўтган ҳафтада поёнига етган маҳкама жараёнида қўпол қонунбузарликлар ҳам кузатилганини қўшимча қилади.

- Бир нарсасига мен ҳайрон қолдим: суд бошлангандан бери унда давлат айбловчиси (прокурор) бирор марта иштирок этмади. Бу нотўғри, негаки, у ўша ерда саволлар бериши, анализ қилиши керак эди. Айбловчи фақат охирида келиб, уларнинг айби борлиги, бу исбот бўлганини айтди ва кимга қанча бериш кераклиги ҳақида маърузасини қилиб, кейин кетди. Яъни беш марта суд бўлган бўлса, прокурор фақат бир марта бир соатга келиб кетди. Жиноий-процессуал кодекс бўйича бу нотўғри, негаки, прокурор иштирок этмаса, судни бошлаб бўлмайди. Лекин судя суд жараёнини олиб бораверган, - дейди Суръат Икромов.

Қибрайлик бу тадбиркорлар тақдири юзасидан қилинган аввалги суҳбатларимизда ҳуқуқ фаоли уларнинг тергов чоғида қийноққа тутилганини ҳам айтганди.

Диний мазмундаги материалларни сақлашда айбдор топилган Равшан Раҳматуллаев, Суръат Икромовга кўра, келажак олти йилни эндиликда умумий тартибдаги колониялардан бирида ўтказишга мажбур. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, ҳатто намозхон бўлмаган “ваҳҳобий” бешовлоннинг ҳолати ҳам ҳавас қилгудек эмас. Улар ҳам шартли қамоқ муддати тугагунга қадар маҳаллий милиция идорасида кун сайин қайддан ўтиб туришлари лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG