Линклар

МТС Россия мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистонда кимошди савдосига чиқарилган шўъба корхонаси — "Ўздунробита" яна харидорсиз қолди. Ташкилотчиларга кўра, иккинчи аукционда ҳам корхонани олиш истагини билдирган бирорта харидор бўлмаган.


"Ўздунробита" шўъба корхонасининг кимошди савдосига чиқарган маҳаллий ширкат 19 июл куни ўтган иккинчи аукцион ҳам натижасиз тугаганини маълум қилди.

"РИА Новости" агентлигининг корхонани сотувга чиқарган ширкатга таяниб хабар қилишича, бошланғич нархи 600 миллиард сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича қарийб 286 миллион доллар) қилиб белгиланган "Ўздунробита" корхонасини сотиб олиш истаги билдирилган бирорта мурожаат бўлмаган.

Ko’chmas mulk savdo xizmati МЧЖ ташкилоти томонидан ташкил этилган биринчи кимошди савдоси шу йилнинг 1 июлида ўтказилган ва унда ҳам бирор харидор томонидан қизиқиш билдирилмагани учун савдо 19 июлга қолдирилган эди.

"РИА Новости" агентлиги бу гал ҳам Ўзбекистон кўчмас мулк биржаси расмийларидан "Кимошди савдосига ариза келиб тушмади. Аукционнинг кейинги санасини кредиторлар ва ликвидация комиссияси белгилайди", деган иқтибосни келтирди.

Июн ойи бошларида МТС уяли алоқа операторининг Ўзбекистондаги "Ўздунробита” шўъба корхонаси масъулияти чекланган жамияти кредиторлар қўмитаси корхона мулкини кимошди савдосига чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Айрим ахборот нашрлари Жанубий Кореянинг KT Corporation (Korea Telecom) ширкати "МТС-Ўзбекистон" мулкини сотиб олишга қизиқиш билдиргани ва бу борада ҳаракатларни бошлаб юборгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

МТС ўзбек расмийларининг бу эътирозлари асоссизлигини айтиб келади.

Россия ширкатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қонунга хилоф тарзда “Ўздунробита”нинг лицензияси ва мулкини тортиб олиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ҳамда жарима санкцияларини қўллаган. МТС бу борада халқаро арбитражга шикоят қилган.

17 июн куни яна бир йирик хориж ширкати — Ҳиндистонга қарашли Spentex Industries ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Spentex Toshkent To’ytepa мулки кимошди савдоси ҳам инвесторлар тарафидан қизиқиш бўлмагани боис барбод бўлган эди.

Ширкат жойлашган объектнинг бошланғич нархи 142,92 миллиард сўм (қарийб 70 миллион АҚШ доллари) қилиб белгиланган.

Аммо, ҳеч бир инвестор тарафидан бунга қизиқиш бўлмаган.

Айни пайтда аввалига Россия, кейин эса АҚШга қарашли бўлган ширкат - "Вимм-Билль-Данн" мулки ҳам кимошдига чиқарилгани хабар қилинган.

Тошкент маҳкамасининг суд ижрочилари 2012 йилнинг апрелида “Вимм-Билль-Данн" ширкатининг Тошкентдаги идорасига қарашли мол-мулкни рўйхатга олган эди.

“Вимм-Билль-Данн” корхонаси ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган инвестиция шартномасини бажармаган ва қатор молиявий ва ҳуқуқий қонунбузарликларга йўл қўйган, деб топилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG