Линклар

“Ўзбекистон” нашриëтида Франц Кафкага оид “Эврилиш” ҳикояси нашрдан чиқди. Шу йил 130 йиллиги нишонланаëтган адибнинг бу ҳикояси орадан 30 йил ўтиб Тошкентда яна айни номда чоп қилингани ортидан таржимон ким, деган савол ўртага чиқди.


Чехиянинг Ўзбекистондаги элчилигидан олинган маълумотга кўра¸ минг дона адад билан чоп қилинган китоб 3 июл куни Тошкентда ўтказилиши режаланган чехиялик ëзувчи Франц Кафканинг 130 йиллик байрамида тақдим қилиниши лозим бўлган.

Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан бу тадбирни ўтказишга ҳали изн олинмагани боис китоб тақдимоти ўтказилмади.

Айни кунларда эса элчихона тақдимот маросимини ўтказмасдан ҳам бу китоб тарқатилиши борасида маълумот тарқатди.

Бадиий безак жиҳатдан ўта ғариб муқоваланган бу китобга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов кириш сўзи ëзган.

Китобдан Франц Кафка тарафидан 1912 йили немис тилида ëзилган “Die Verwandlung” асарининг таржимаси ўрин олган.

Китобда ëзилишича¸ бу асар рус тилидан Эркин Эрназаров тарафидан таржима қилинган.

Кўпгина ахборот агентликлари Франс Кафка ўзбек тилига илк бора таржима қилинди, деган ҳабарни тарқатди.

Франц Кафканинг айни асари бундан 30 йил олдин, 1983 йилнинг август ойида Ўзбекистондаги “Шарқ юлдузи” журналининг 8 сонида “Эврилиш” номи билан чоп қилинган эди.

Ўз даврида Ўзбекистондаги адабий воқеликни ларзага солган бу таржимани шоир Муҳаммад Солиҳ қилган эди, деб эслайди ëзувчи Аҳмад Аъзам.

-“Эврилиш” деган сарлавҳа билан “Шарқ юлдузи” журналида совет даврида чоп қилинган эди. Ҳатто эсимда, "эврилиш" деган калима учун уни танқид ҳам қилишган эди¸ дейди ëзувчи.

Аҳмад Аъзамга кўра, “эврилиш” калимасини Муҳаммад Солиҳ фаол муомалага киритган.

Чехиянинг Ўзбекистондаги элчилигидаги бу нашрга масъул мулозим Кафканинг айни асари бундан 30 йил олдин Тошкентда нашр қилинганидан беxабарлигини айтди.

Эркин Эрназаров тарафидан 2013 йилда таржима қилингани иддао қилинаëтган матннинг бир неча саҳифасини¸ ушбу таржимани 1983 йилда амалга оширган шоир Муҳаммад Солиҳга юбордик.

Матн билан танишган Муҳаммад Солиҳ баъзи жуъзий ўзгаришлар мавжудлигини таxмин қилган ҳолда текстнинг ўзига тегишли эканини айтди.

- Бизга тақдим қилинган матннинг битта саҳифасини ўқидим. Баъзи сўзларни мустасно қилсак, таржима ўша мен қилган таржиманинг ўзгинаси. Баъзи сўзлар ўзгартирилган бўлиши мумкин¸ лекин ўша-ўша эски таржима. Афсуски, “Шарқ юлдузи”даги матн ëнимда йўқ. Агар бўлганида, янада аниқроқ айтган бўлар эдим¸ дейди шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ.

Ëзувчи Аҳмад Аъзам эса матнлар уст-устга тушган ҳолда янги “таржимон”ни плагиатликда айблаб, жазога тортиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон жиноят кодексининг 149-моддасига биноан плагиатлик билан шуғулланганларга уч йилгача аxлоқ тузатиш ишлари ëки 6 ойлик қамоқ жазоси белгиланган.

Бундан 30 йил олдин Кафкани ўзбекчага ўгирган ëзувчи Муҳаммад Солиҳ умумиятла бу ëзувчининг асари ўзбек ўқувчиларига тақдим қилинганида xайр кўради.

- Ўқувчилар учун яxши. Чунки Кафка асарлари Ўзбекистондаги ҳоким режимнинг моҳиятига қарши. Шу ўринда бу асарга Акмал Саидов каби мулозимнинг сўзбоши ëзиши ҳам Кафка метамарфозасини эслатади. Акмал Саидов Кафка асаридаги режимга хизмат қилавериб, ҳашаротга айланиб қолган одамнинг айнан ўзгинасидир¸ дейди Ўзбекистон ҳукумати тарафидан исталмаган шахс сифатида кўриладиган адабиëт ва сиëсат арбоби Муҳаммад Солиҳ.

Франц Кафка ўзининг “Эврилиш” ҳикоясида моддий неъматларнинг қул каби истеъмолчисига айланиб бораëтган кичкина буржуазиянинг руҳий қадриятлардан узоқлашиб¸ ҳашоротга эврилиш жараëнига эътиборни қаратмоқчи бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG