Линклар

logo-print
20 июль куни Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни якунланди. Давлат тест маркази сайтида эълон қилинган маълумотларга қараганда, мамлакатдаги ўқув юртлар қабул комиссиялари 20 июндан 20 июлга қадар 480 минг 405 нафар абитуриент ҳужжатларини қабул қилиб олган.


Абитуриентлар қизиқиши билан боғлиқ ўқув юртлар рейтингида бу йил биринчи ўринни Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали эгаллагани Давлат тест маркази ҳисоботидан кўриниб турибди: бу ерда бир ўрин учун 22 абитуриент курашади.

Ўқув юртларининг “дода”си Фарғонада?

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали 2013/14 ўқув йили учун 115 нафар талаба қабул қилиши режалаштирилган. Лекин бу ерда ўқишни истаганлар жуда кўп: Давлат тест маркази ҳисоботига кўра, 2 минг 599 нафар абитуриентнинг ҳужжати қабул қилинган. Бу ҳар 1 ўрин учун 22,60 нафар абитуриент даъвогарлик қилади, деганидир.

Бир қарашда, бу қизиқишда ғайри табиийлик йўқ: дўхтирликка қизиқиш ҳар доим ҳам кучли бўлган.

“Фарғонада бевосита бемор билан ишлайдиган врач тайёрламайдилар”

Бироқ, фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмоновнинг мана бу гапини кутмаган эдик.

- Санэпидемстанцияларда юқумли касалликларга қарши кураш, корхона, ташкилотларни дезинфекция қилиш – менинг тушунчам бўйича шунақаларни тайëрлайди, холос. Бевосита касал билан муносабатда бўлиб, диагнозини аниқлаб, даволаш билан шуғулланадиган врачларни тайëрламайди булар. Мен буни аниқ биламан. Фарғона филиалини битириб чиқиб, поликлиникада ëки шифохонада беморни кўрадиган врач бўлибди, деган гапни шу вақтгача эшитган эмасмиз.

Бу гапдан кейин Тошкент тиббиёт академияси сайтига кирдик. Сайтнинг Фарғона филиалига оид саҳифасида мана бу маълумотлар келтирилган.

Академия сайти маълумоти

”•Ҳозирда филиалда бакалавриатнинг 2 та йўналиши бўйича 417 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шу жумладан:

•“Тиббий профилактика иши” йўналишида – 310 нафар;

•“Олий ҳамширалик иши” йўналишида – 107 нафар;
Уларга филиалнинг 8 кафедрасида 56 нафар профессор-ўқитувчи дарс бермоқда
”.

Давлат тест маркази ҳисоботида айтилишича, бу йил “Касб таълими: тиббий педагогик иш” йўналишига ҳам талабалар қабул қилинади.

Фарғоналик врач: “Ўғил-қизимни Тошкентда ўқитган бўлардим”

Ўқув юрти раҳбарияти билан боғланишнинг иложи бўлмади ва шунинг учун саволларимизни Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан бирининг ўзини таништиришни истамаган раҳбарига бердик.

Врач: Ҳозир медколлежда ўқиган ўқувчилар жуда кўп. Кўпи иш билан таъминланмаган. Шу сабабдан ҳам ҳалигилар агар биз врач бўлсак, хоҳлаган жойда ишлай оламиз, деб ҳам улар кўпроқ ташлашаяптида. Мен сабабини шу дейман, ишсизлик дейман.

Озодлик: Фарғона филиалида врач чиқмас экан. Олий маълумотли ...

Врач: Тоифали ҳамшира...

Озодлик: Ҳа, олий тоифали ҳамшира. Нима дегани у? Олий маълумотли ҳамшира ҳам бўладими?

Врач: Бўлади. Ҳамширалардан улар фарқ қилади. Врачдай бўлиб юришадида. Ишда ҳам бемалол ишлай олишади. Ишга қабул қилиниши ҳам осон. Ҳамширани қабул қилгани қаердаю олий маълумотли ҳамширани қабул қилгани қаерда. Ҳамма нарсага ақли етадида барибир.

Озодлик: Ҳамшира - боши осмонга етса ҳам, ҳамшира-да, укол қилишдан нарига ўтолмайди. Касални мустақил қабул қилиб, кўриб, диагноз қўймайдику. Ë қўядими?

Врач: Йўқ, қўймайди. Лекин ақли етади. Ажратади. Масалан, менинг ўзимга ҳам қани шунақалар бўлсаю олиб ишлатсам. Нимагаки ҳамма нарсага ақли етади. Коллежни битирганга ўргатасиз. Камида икки йил вақт кетади. Уларга керак эмас унақа вақт. Улар тайëр мутахассис ҳисобланади.

Озодлик: Фарғона филиалида яна битта мутахассислик бор экан. Профилактика иши, дейди. Нима иш қилади уни битирганлар?

Врач: Бунисини билмадим.

Озодлик: Ўғлингиз ëки қизингиз бордир.

Врач: Бор.

Озодлик: Улар врач бўламан деса, қаерда ўқитган бўлардингиз? Тошкентдами Фарғонадами?

Врач: Албатта, Тошкентда.

Озодлик: Нима учун?

Врач: Нимагаки, барибир Тошкентда ўқиганнинг фарқи жуда катта-да. У ернинг мутахассислари билан бу ернинг мутахассислари ўртасида фарқ жуда кўп. У ерда, билмадим, атрофдан, кўп жойдан келган профессорлардан кўпроқ ўрганишадими, барибир, мана Тошкент, Самарқанд, Андижон бор. Учовидан
Тошкентни битирганлар барибир бошқача туради.

Фарғоналик врачнинг бу гапларидан кейин Тошкент тиббиёт академиясига оид кўрсаткичларга қизиқдик.

Филиалидан ортда қолган Академия

Давлат тест маркази ҳисоботига кўра, академияга бу йил 610 нафар талаба қабул қилинади. Ҳужжати қабул қилинган абитуриентлар сони эса, 7242 нафардир. Бир ўринга 11, 87, яъни Фарғона филиалидан 2 баравар кам абитуриент тўғри келмоқда.

Вилоятлар Тошкентни “чангда қолдириб” кетди

Агар олий ўқув юртининг обрўси унда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони билан белгиланадиган бўлса, “обрў рейтинги” мана бундай кўринишда бўлади:

1. Термиз давлат университети (24 минг 877та ариза)
2. Андижон давлат университети (19 минг 532)
3. Фарғона давлат университети (18 минг 232)
4. Жиззах давлат педагогика институти (18 минг 832)
5. Самарқанд давлат университети (17 минг 873)

Абитуриент: Тошкент ўқув юртларига қабул сунъий чекланган

Давлат тест маркази ҳисоботига таянилган ҳолда тузилган бу рейтингда Тошкентдаги ўқув юртлари йўқ.

Нега бундай? Бу - алоҳида тадқиқот талаб қиладиган масала. Лекин Озодликка етиб келаётган баъзи хабарлардан пойтхатдаги ўқув юртларига қабул қилиш сунъий равишда чекланган, деб тахмин қилиш мумкин. Масалан, Тошкент Молия институтига ҳужжат топширолмаган абитуриент Озодликка 20 июль куни мана бундай деб ёзди:

“...ҳужжатларимни Кредит-Иқтисод факультетига олиб бордим. У ерда шахсан декан муовини қабул қиляпти, аниқроғи, ҳар икки абитуриентдан бирини турли баҳоналар билан ортга кайтаряпти. Аризани тўғри тўлдириш учун ҳеч қандай маслаҳатчи ёрдам бермаяпти. Ҳар бир абитуриентдан эса 30 дақиқасиз ҳужжатини қабул қилмаяпти. Навбатим келганда кирдим. Муовин, гарчи қонунда кўрсатилмаган бўлсада, шу пайтгача нима иш қилганим ҳақида ҳужжат талаб қилди. Яна бир абитуриентга эса, коллежда ўзбек йўналишида таълим олганлар рус гуруҳига топширолмаслигини айтди. Кейин ноилож уйга қайтдим. У ерда бошқа абитуриентларни ҳам турли баҳоналар билан рад жавоби олаётганига гувоҳ бўлдим. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бир неча маротаба қўнғироғим эса, жавобсиз қолди. Наҳотки абитуриентларни сунъий камайтиришга давлатимиз йўл қўйиб бераверади? Афсуски, саволларим - жавобсиз. Талаба бўлиш орзуим эса, бу сафар хам ушалмади...”

Ўзбекнинг боласига санъатнинг кераги йўқми?

Давлат тест маркази ҳисоботидан келиб чиқиб, абитуриентлар энг кам қизиқиш билдирган ОТМлар рўйхатини ҳам тузиш мумкин. Бу рўйхатдан Миллий рақс ва хореография олий мактаби (бир ўринга 2,02 та ариза), Ўзбекистон давлат консерваторияси (бир ўринга 2,80 та ариза), Миллий рассомлик ва дизайн институти (бир ўринга 3,52 та ариза) жой олди.

Ўқишга киролмайдиган абитуриент кўнглини илитолмайдиган рекорд

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида кириш тестлари 1 август куни бўлиб ўтади. 71 та ўқув юртига 56 минг 722 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. 20 июнь куни бошланиб 20 июлда якунига етган ҳужжат қабул қилиш жараёнида 480 минг 405 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилинган, яъни ҳар бир ўрин учун 8,47 абитуриент даъвогарлик қимоқда.

Маълумотларга қараганда, 2013 йилда ҳужжат топширган абитуриентлар сони рекорд кўрсаткичдир. Ўтган йили 56 минг 607 талабалик ўрни учун 432 мингдан зиёд абитуриент (бир ўринга 7,6 киши) даъвогарлик қилган эди.
XS
SM
MD
LG