Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Оналар: "Адолат талаб қиламиз"


Ўш қирғинида оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб бир умрга қамалган этник ўзбек маҳбусларнинг оналари фарзандларига нисбатан жиноят ишлари соҳталаштирилгани юзасидан Қирғизистон расмийларига ёзган аризалари уч йилдан бери эътиборсиз қолаётганини айтмоқда.

Одинахон Тоширова ўғли Азизилло Тоширов Ўш қирғини кунлари “Наримон қишлоғида Қорасув туман милицияси бошлиғини ўлдирган” деган соҳта айблов билан ноҳақ қамалганини, суд жараёнлари адолатсиз ўтганини айтди.

- Ўғлимни жуда қаттиқ калтаклашган. Айбни бўйнига олмагунича жуда қаттиқ уришган. Суд милиция батальонида ўтди. Судга бизни киритишмади. Туман судига ҳам киритишмади, вилоят судига ҳам киритишмади. Бизни ва адвокатларимизни уриб-тепиб, ҳайдаб чиқаришди. Суд фақат бир томонлама бўлди. Ўғлимнинг айбдор эканига ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Ҳаттоки ўғлимнинг бармоқ изларини ҳам топиша олмаган. Шунга қарамай, уни бир умрга қамаб юборишди, - деди Одинахон опа.

Азизилло Тошировнинг яқинлари жиноят иши қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб, амалдаги ҳукуматга, суд ва прокуратура тузилмаларига ариза киритган.

- Мана уч йилдан бери ариза ёзмаган жойимиз қолмади, лекин уч йилдан бери ёзган аризаларимизнинг бирортасига ҳам жавоб олганимиз йўқ, - деди Одинахон Тоширова.

Оналар: "Адолат талаб қиламиз"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00
Бевосита линк


Қорасув тумани Наримон қишлоғида яшаган Ҳасанбой Толипов ҳам қишлоқ марказида туман милицияси бошлиғини ўлдирганликда айбланиб бир умрга қамалган. Унинг онаси Гулсарахон Толипованинг айтишича, ўғли июн қирғини кунлари маҳалладан ташқарига чиқмаган. Аммо унга нисбатан айблов билдирилиб, туман судидаёқ Ҳасанбой Толипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Гулсарахон опа адолат бир кун қарор топишига ва ўғли қамоқдан оқланиб чиқишига ишонади:

-Уйимда ёш келин ўтирибди, Худодан тилаб. Худо хоҳласа ўғлим қайтиб келади, мен ишонаман, -деди Гусарахон Толипова.

Ўшлик Барнохон Толипованинг ўғли Иноятулло оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, 25 йилга кесилган экан. Ҳасанбой 2010 йилнинг 2 июлида Ўш шаҳри кўчаларидан бирида қўлга олинган.

- Милиционерлар ўғлимни: “Мана онангни ҳам терговга олиб келдик. Айбингни тан ол, бўлмаса, онангни ҳам жавобгарликка тортамиз”, деб қўрқитишган экан. Ўғлим мени авайлаб, сақлаб қолиш учун қилмаган айбини бўйнига олишга мажбур бўлди. Ўғлимни ва у билан судланган бешта болани беш кун мелисалар жуда қаттиқ қийнаб, жуда ночор аҳволга солиб қўйишган. Судда буларнинг бирортаси инобатга олинмади, ҳатто гувоҳлар: “бу бола жанжал бўлганда йўқ эди”, деган кўрсатмалари ҳам инобатга олинмади, - деди Барнохон Толипова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у уч йил мобайнида қирғиз расмийларига тўхтовсиз аризалар ёзган. Бироқ бирорта аризасига шу кунгача жавоб олмаган.
- Бу давлатда ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқи борми ёки йўқми? Шуни билолмай ҳайронмиз. Фарзандларимиз ноҳақдан қамалиб кетаверадими? Ахир қамалган йигитлармизнинг ҳаммаси ўз оиласи, маҳалласи, бола-чақаси, ор-номусини ҳимоя қилган одамлар-ку. Улар биронта жойга бостириб бормаган, биронта уйга ўт қўймаган, биронта одамни ўлдирмаган, - деди Барнохон Толипова.

Бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам уч йилдан бери Қирғизистон ҳукуматини Ўш қирғини юзасидан адолатли судловни таъминлай олмаганлиги учун танқид қилиб келади.

Жумладан, БМТ Ўш қирғинининг уч йиллиги арафасида эълон қилган баёнотида 2010 йил воқеаларида айбланиб судланганларнинг адолатли судлов ҳуқуқи бузилганини алоҳида таъкидлаган.

Amnesty International халқаро ташкилоти эълон қилган йиллик ҳисоботда ҳам Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғинини адолатли ва натижали тергов қила олмагани танқид қилинган эди.

Ташкилотнинг билдиришича, Ўш қирғинида айбланиб, қўлга олинганларни тергов қилиш жараёнида қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги аризалар оқими ҳалигача тўхтагани йўқ.

Қирғизистон расмийлари халқаро ташкилотларнинг бу каби танқидларига жавобан Ўш қирғини адолатли тарзда тергов қилингани, тергов жараёнида қийноқлар қўлланилмаганини айтиб, қирғин кунлари содир этилган жиноятларда асосан ўзбеклар айбланиб, номутаносиб равишда жиноий жазога тортилгани ҳақидаги танқидларни асоссиз иддао сифатида баҳолайди.

Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғини чоғида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир.

Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансубдир.
XS
SM
MD
LG