Линклар

Қашқадарёда ўзи содир қилган жиноятни бошқа фуқаронинг бўйнига юклашга уринган милиция ходими 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда суд милиция ходимининг айбини бўйнига олган фуқарони ҳам ёлғон кўрсатма бергани учун жазолади. Воқеа гувоҳлари эса бу ҳолни жиноят қилаётган милиционерлар сонига нисбатан дарёдан бир томчидек оз, демоқдалар.


Қашқадарёда одам уриб ўлдирган милиция ходими Ҳамдам Комилов ишини йўқотмаслик мақсадида муқаддам судланган фуқаро Йўлдош Мойлиевни “Автоҳалокат пайти машина рулида мен ўтирганман” деб ёлғон гувоҳлик беришга кўндирган.

Ўзбекистонда чиқадиган “Истеъмолчи” газетасининг ёзишича, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Комилов томонидан содир этилган автоҳалокат оқибатида мазкур шаҳардаги "Нуристон" академик лицейи ўқитувчиси Абдиназар Тўлаганов ҳалок бўлган.

"Мазкур иш бўйича жиноят иши қўзғотилиб, судга чиққач, милиция ходимининг тергов идорасини чалғитгани ва алдагани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди милиция ходими Комиловни 7 йилга озодликдан маҳрум этди, шунингдек, унинг ҳисобидан марҳум Тўлаганов рафиқасига 15,3 миллион сўм (Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича 7,2 минг АҚШ доллари) миқдорида моддий ва маънавий зарар ундиришни белгилади", деб ёзди “Истеъмолчи”.

Бировнинг айбини бўйнига олмоқчи бўлган Мойлиев эса ёлғон кўрсатма бергани учун 2 ярим йилга ахлоқ тузатиш калониясига жўнатилди.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораеванинг айтишича, жиноятни содир этган милиция ходими қолиб, ўрнига бошқа бировлар жазога тортилган ҳолатлар вилоятда кўп бўлган.

- Милиция ходимлари машинани ичиб ҳайдайди, қизил чироқдан ҳам ўтиб кетаверади, оқибатда жуда кўп авариялар ўшалар тарафидан содир этилади, жазони эса бошқалар олади, - дейди Қораева.

Қораевага кўра, шундай воқеалардан бири бир неча йил аввал Шаҳрисабз туманида бўлган.

Ўшанда милиция ходими бошқараётган "Нива" автомобили "Нексия" автомобилига урилиши оқибатида икки киши ўлган, яна икки киши оғир жароҳат олган.

Шаҳрисабз шаҳар суди эса эҳтиётсизлик оқибатида авария содир қилган, дея “Нексия” ҳайдовчиси Обиджон Холовни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ўша пайтда милиция ходими бошқариб бораётган “Нива”нинг ичида бўлган Ўктам Абдуназаров воқеани эсларкан, автоҳалокатга рулда ўтирган милиция ходимини хатоси сабаб бўлган, деб билишини айтади.

Ўктам Абдуазаров ўша автоҳалокатда акаси Амир Абдуназаровнинг ўлимига сабабчи бўлган ДАН ходими Нодир Холбоевни жазога тортилишини талаб қилиб келмоқда.

- Бизнинг машинани жарима майдончасига ҳайдайман деб, йўлда авария бўлиб, икки киши ўлди, икки киши майиб бўлди. Жиноятни ГАИ ходими қилди, лекин унга чора кўрилмади, - дейди Абдуназаров.

Бундан ташқари, ўтган ой Гулистонда икки одам ўлимига сабаб бўлган аварияни ўзбек генералининг ўғли амалга оширгани ҳақда хабар қилинганди. “Каптива” машинаси ҳайдовчиси бўлгани айтилган ўғил воқеа жойидан қочиб кетган.

Кейинроқ, 27 ёшли Элдор Ҳожибоев ички ишлар бўлимига келиб “Каптива” рулида бўлганини иддао қилиб, бахтсиз ҳодиса учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Маълум бўлишича, 27 ёшли Александр Қосимов Ўзбекистондаги хавфсизлик идораларидан бирида юқори лавозимни эгаллайдиган генерал Қосимовнинг асранди ўғлидир.
XS
SM
MD
LG