Линклар

GM Uzbekistan қўшма корхонаси ўзида ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Malibu автомобилларига яширин эшитув мосламалари ўрнатилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди. Бунга қадар айрим интернет нашрлари бу русумдаги автомобилга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати талаби билан "жучок" ўрнатилаётганини ёзган эди.


GM Uzbekistan қўшма корхонанинг ўз исмини айтмаган ходими Oзодлик билан суҳбатда: "Бу кўчадаги миш-миш гаплар. Харидорлар хавотир олишмасин, машинани ичида ҳеч ким уларни гапини ёзиб олмайди", деди.

Аввалроқ, Ўзбекистон халқ ҳаракати Chevrolet Malibu автомобиллари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг талабига кўра “жучок” (яширин эшитув мосламалари) билан жиҳозланган ҳолда чиқарилаётгани ҳақида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясидаги ўз манбасига асосланиб хабар берган эди.

Ўша манбага кўра, яширин эшитиш мосламалари автомобил салонининг олд қисмида, рул чамбараги атрофида ўрнатилган.

Мазкур манба мослама сўзлашувларни ёзиб олади ва махсус идоралар бу сўзлашувларни сунъий йўлдош орқали GPS тизими ёрдамида қабул қилиб оладилар, деб иддао қилган эди.

Нархи 35 минг АҚШ долларидан юқори бўлган Malibu автомобилларини, асосан энг бадавлат ва кўзга кўринган тадбиркорлар сотиб олмоқда.

Айнан шу жиҳатдан ҳам бундай машина эгаларининг автомобилдаги сўзлашувлари молиявий жиноятлар фош этишга ружу қўяётган Ўзбекистон МХХ ходимларини қизиқтираётган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади ушбу манба.

Айни пайтда Chevrolet Malibu автомобилларига махсус “жучок”лар ўрнатилгани ҳақида овоза Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам тарқалган.

- Мен ҳам машиналарда шундай прослушка борлиги ҳақида эшитдим. Лекин, қандай қилиб ҳаммани гапини эшитиб чиқишга улгуришар экан? Ахир Ўзбекистонда қанча Malibu эгаси борку, - дейди тошкентлик автомобил таъмирчиси Адҳам ака.

Аммо GM Uzbekistan қўшма корхона си рад этганига қарамасдан, Chevrolet Malibu автомобилларига эшитув мосламалари ўрнатилаётганига ишонгувчилар кўп бўлмоқда.

Лекин сўнгги йилларда ширкатлар қиммат автомобилларга машина ҳаракатланишини қайд этиб борувчи GPS Tracking system мосламаларини ўрнатмоқда.

Бундай мослама, асосан машина ўғирланишини олдини олиш учун ўрнатилмоқда.

Қашқадарёдаги автосалон ходими Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Malibu автомобиллари ҳам аслида олиб қочилишга қарши ўрнатилаётган мослама билан жиҳозланганини айтади.

- Балки ана шу GPS Trackingни одамлар эшитув мосламаси, деб адаштиришаётгандир, - дейди у.

Ҳозир Ўзбекистонда Malibu машиналарни сотиб олаётган харидорлар “бойлар рўйхати”га киритилиб, “ихтиёрий хомийлик пули” тўлашга ҳам мажбурланаётгани айтиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG