Линклар

Отишмада жароҳатланган иккинчи чегарачи вафот этди


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара пунктларидан биридаги манзара.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара пунктларидан биридаги манзара.

Наманган вилояти Уйчи туманининг қўшни Қирғизистоннинг Ахси туманига туташ чегара ҳудудида икки давлат чегарачилари ўртасида содир бўлган отишмада жароҳатланган иккинчи аскар Турғун Жўраев ҳам вафот этди. Уйчи тумани ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, туман ҳокими ва бошқа расмийлар инцидент сабабларини воқеа жойида ўрганмоқда.

Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокимлиги ҳамда Марказий шифохонасидан олинган маълумотларга кўра, 23 июл куни эрталаб чегарада содир бўлган отишмада жароҳатланган иккинчи чегарачи ҳам вафот этган.

Уйчи тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси: “Иккинчи аскар касалхонага олиб келинганидан кейин ўлган, деб айтишди бизга. Ҳозир ҳамма ҳоким ҳам, замлар ҳам чегарада”, деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Уйчи тумани Марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, шифохонага келтирилган иккинчи аскар ўта оғир жароҳатлар билан ётқизилган ва тезкор тарзда жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.

"Реанимация бўлимида операция бўлганидан кейин ўлган, дедилар дўхтир. Биринчиси 1982 йилда туғилган Толипов Равшан, ўша жойда ўлган, чегарада. Иккинчиси 1992 йилда туғилган Жўраев Турғун, у операция бўлганидан кейин ўлган", деди Марказий шифохонанинг навбатчи ҳамшираси.

Озодлик мухбири Уйчи тумани ҳокимлигининг инцидент юзасидан иш олиб бораётган раҳбарлари билан ҳам боғланишга уринди. Аммо Озодликка тақдим қилинган телефон рақамлари орқали мутасаддилар билан боғланишга ҳозирча муваффақ бўлинмади.

23 июл куни эрталаб ўзбек-қирғиз чегарасида отишма бўлгани ва унда қирғиз аскарлари ўқидан бир ўзбек аскарининг ўлгани ҳақида биринчи бўлиб Қирғизистон Чегарани қўриқлаш хизмати расмий баёнот тарқатган эди.

Ушбу баёнотда воқеанинг 23 июль куни эрталаб соат 10 дан 25 дақиқа ўтганда Жалолобод вилояти Ахси туманининг Жетизагара, деб аталувчи ҳудудида содир бўлгани айтилди.

Қирғиз томони ўз баёнотида Ўзбекистоннинг икки чегарачиси Қирғизистон ҳудудига ноқонуний тарзда кириб боргани ва қирғиз чегарачиларининг ортга қайтиш талабини бажармасдан, аксинча, қирғиз томонига биринчи бўлиб ўқ узганини иддао қилган.

Натижада қирғиз чегарачилари жавоб тарзида ўқ узишга мажбур қолгани айтилган.

Аммо куннинг иккинчи ярмига ўтиб ўзбек тилидаги қатор интернет нашрларида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси бу воқеа юзасидан баёнот тарқатгани хабар қилинди.

Бу баёнотда Қирғизистон билан чегарада содир бўлган отишма учун масъулият Қирғизистон чегарачилари зиммасига юкланган.

Жумладан, 12news.uz сайтининг "Ўзбекистон МХХ давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси баёнотига таяниб" берган хабарга кўра, 23 июл куни эрталаб соат 9 яримда 4 қирғиз чегарачиси ноқонуний равишда Ўзбекистон томонига ўтган.

Хабарга кўра, "Ўзбекистон томони ўзбек чегарачилари қирғиз чегарачиларидан ўз давлати ҳудудига қайтишни сўраган, аммо қирғизистонлик чегарачилар бу талабга бўйсунмаган, аксинча, Ўзбекистон чегарачиларига қарата ўқ узган".

Ўзбекистон Давлат чегарларини қўриқлаш қўмитаси баёнотида "23 июл кунги отишма натижасида кичик сержант Р. Толипов воқеа жойида вафот этгани, яна бир чегарачи аскар Т. Жўраев эса жароҳат билан Наманган вилояти Уйчи тумани марказий шифохонасига ётқизилгани" айтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ўзбек-қирғиз чегарасининг Ўзбекистон қисмида содир бўлган бу воқеа юзасидан Қирғизистон ҳукуматидан тушунтирув сўрагани айтилди.

Озодлик мухбири бу баёнотга оид хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига боғланишга уринди, аммо жавоб олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Озодлик ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган навбатдаги инцидентга оид қўшимча тафсилотларни ўрганишга уринмоқда, янгиликларни Озодлик сайтида кузатишда давом этинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG