Линклар

19 июл куни Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни янада рағбатлантириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.


Мутахассисларнинг якдиллик билан билдирган мулоҳазаларига кўра, гарчи бу ҳужжат президентнинг чет эл капитали келмай қўйганидан хавотирлангани туфайли ишлаб чиқилган бўлса-да, аслида тамоман ташвиқий (пропагандистик) характерга эга бўлган ҳужжатдир.

Бундан фақат Ўзбекистоннинг табиий ва инсон заҳираларини ўз тупроғини ўғитлаш учун гўнг сифатида кўраётган хитойликларгина мустасно.

Мутахассислар аввал ҳам хорижий сармоялар учун давлат кафолатларини ҳамда чет эл капитали бўлган корхоналар учун солиқ имтиёзлари берилишини кўзда тутувчи Ўзбекистон қонунчилигидаги жузъий ўзгаришлар эҳтимолий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган салбий муносабатини тубдан ўзгартиришга қодир эмас, деган ишончдалар.

Муваффақият билан фаолият юритиб келган ва Ўзбекистон хазинасини тўлдириб бораётган чет эл ширкатлари турли баҳоналар билан ёпилгани ва хонавайрон қилинганига оид фактлар сўнгги йилларда ўта кўп кузатилган.

2009 йил. Ўзбекистонда сут маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Вимм-Бил-Данн ширкати ўз фаолиятини тўхтатди.

2012 йил. Марказий Осиёдаги энг йирик текстил корхоналаридан бўлган ва юз фоизли ҳинд капитали билан ишлаган Spentex Toshkent Toytepa корхонаси олти йил ҳам ишламай, фаолиятига нуқта қўйди.

Тошкент вилоят Хўжалик суди уни банкрот, деб топди. Банкротликнинг формал сабаби ўлароқ харид қилинган активлар учун тўлов мажбуриятларининг тўлалигича бажарилмагани ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пастлиги кўрсатилган.

Ўша йилнинг ўзида “Ўздунробита” ширкати тимсолидаги Россия мобил алоқа оператори иши тўхтатиши муносабати билан замонавий Ўзбекистон тарихидаги энг катта жанжал бошланиб, поёнига етди. 8 миллион мижоз бир зумда алоқа ва пулларидан маҳрум бўлдилар.

Булар дафъатан хаёлга келган, фақат сўнгги йилларда содир бўлган ва Ўзбекистон хорижида катта шов-шувларга сабаб бўлган воқеалар, холос. Биз келтирган ҳодисаларни бир-бири билан боғлаб турувчи яна бир жиҳат бор.

Ҳар уччала инвестор ҳам капитал ётқизиш бўйича давлат кафолатларига эга бўлганлар. Бироқ солиқ тўламаганлик ёки бошқа қонунбузарликлар бўйича гумонланиб, жиноий иш қўзғатилиши билан бу кафолатлар автоматик равишда амал қилмай қўяди. Чет элликларнинг мамлакатдаги фаолияти спецификаси ҳам ана шунда.

Қонунбузарликларни, амалиётда кўрилганидек, ҳар қачон ва ҳар жойдан топиш мумкин. Ўзбекистонда мутлақо тоза бизнеснинг ўзи йўқ – қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар шундай тузилганки, уларни бузмасдан ишлаб бўлмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги асосий муаммо шундаки, бу ерда маълум бир эътиборли шахслар манфаатидан келиб чиққан ёки арзимаган фойдани кўзлаган ҳолда, давлат манфаатларига тупириб қўйиб, кўпинча хазинани тўлдириш баҳонасида - моҳиятан давлат бюджетини қасдан ақчасиз қолдириб, ҳечам ўйламасдан (ва асосийси, ҳеч қанақа жазосиз) “тухум туғиб турган товуқни сўйиб қўядилар”.

Мисол учун, аввалда зикр этилган Вимм-Бил-Данн ширкати ўзининг Тошкентдаги заводи ҳисоб рақамида миллиардлаб сўмга эга бўлган, кунига 65 тонна сутни қайта ишлаган.

Қарийб уч йил турғунлик ва Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви остида ишлаб чиқаришга ўтилганидан кейин бу ерда зўрға 5 тонна сут қайта ишланаяпти, бу эса аввалги ҳажмнинг 7 фоизини ташкил қилади, холос. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати, маҳсулот турлари, қадоқлаш, юмшоқроқ қилиб айтганда, унчалик яхши эмас.

Миллиардлаб сўм даромад ва давлат бюджетига миллионлаб сўм тўлаш ўрнига корхона тамоман зарарга ишлаяпти. Бу матн ёзилаётган пайтда корхона кўрган зарар 800 миллион сўмни ташкил қилган (350 миллиони ўтган йилнинг уч ойи ичида ва 450 миллиони шу йилда). Бир пайтлар гуллаб-яшнаган корхонани ҳозир сотувга қўйишга тайёргарлик кўраяптилар.

Шу ўринда “уни ким оларкин?” деган савол туғилади. Чамаси, ҳеч ким сотиб олмайди. Худди Spentex Toshkent Toytepa текстил корхонаси ёки МТС патронати остида ишлаган “Ўздунробита” мобил алоқа оператори активларини ҳеч ким сотиб олмагани каби.

Юзага келган вазиятдан чиқиш йўли борми? Экспертларимиз бундай йўл бор, деб ҳисоблайдилар. Боз устига, улар фикрича, Ўзбекистон барча муҳтамал инвесторлар томонидан салбий қабул қилинишини тубдан ўзгартириш учун ҳатто қонунчиликка ўзгартиш киритиш шаклидаги қўшимча ташвиқий акцияларга ҳам ҳожат йўқ.

Бунинг учун бор-йўғи молия, ҳуқуқ-тартибот ёки суд тузилмаларида ишловчи у ёки бу юқори лавозимли амалдор ишининг мамлакат иқтисодиётига етказаётган зарари нуқтаи назаридан баҳоланиши кифоя, холос. Бунақа хатти-ҳаракатлар ортидан келадиган зарар миқдорини ҳисоблаш чиқишдан эса осони йўқ.

Бошқа ҳаммаси беҳуда валақлашдан ўзга нарса эмас. Худди “Ўзбекистонга маблағ киритинг, ўлай агар, онам ҳаққи қасам ичаман, ҳамма ишингиз жойида бўлади”га ўхшаган гаплар каби...

Сергей Ежков

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG