Линклар

Ўзбекистон ахборот сайтлари Қирғизистон чегара раҳбарияти 23 июл куни чегарада ўзбек чегарачилари отиб ўлдирилганига қирғиз томони айбдор эканини тан олгани ҳақида хабар тарқатди. Қирғизистон томони эса бу хабарларни инкор этмоқда.

“Ўзбекистон ва Қирғизистон вакилларининг воқеа содир бўлган Ўзбекистон ҳудудидаги учрашуви натижалари Қирғизистон Давлат чегара хизмати 23 июл куни эрталаб тарқатган ахборотга мутлақо зид келади”, дейилади Ўзбекистон интернет сайтларида тарқатилган хабарларда.

Ўзбекистон сайтлари Қирғизистон расмийлари ўлдирилган чегарачилар учун кечирим сўраганини иддао қилмоқда

Ўзбекистон интернет нашрларининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати вакиллари Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Мусахон Болтабоев” номли фермер хўжалиги ҳудудида учрашган. Ўзбек сайтлари 23 июл куниги қонли воқеа айнан мана шу ҳуддуда содир этилганини айтмоқда.

Ўзбекистон интернет нашрлари бирор бир давлат тузилмасининг расмий маълумотига таянмаган ҳолда, учрашув чоғида чегарадаги отишма айнан Ўзбекистон ҳудудида содир этилгани ва бу ҳолатни қирғиз томони тан олишга мажбур бўлганини иддао қилган.

“Учрашув давомида жиноят жойида топилган рад этиб бўлмас далилларга таянган ҳолда Қирғизистон вакиллари –РПУ бошлиғи полковник А.Алимбаев, Жалолобод гарнизони ҳарбий прокурори полковник Макашов, Жалолобод ПОГОси бошлиғи подполковник Қодиров-ўзбек томонининг ҳақ эканини тан олишга мажбур бўлди.

Яъни воқеа Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтгани, қирғиз чегарачилари Ўзбекистон давлат чегарасини бузиб ўтгани тан олинди. Бундан ташқари, воқеа жойи кўздан кечирилганда айнан қирғиз чегарачилари биринчи бўлиб ўқ узгани аниқланди”, дейилади Ўзбекистон интернет нашрлари тарқатган бир-биридан фарқ қилмайдиган хабарларда.

Шунингдек, Ўзбекистон интернет нашрлари Қирғизистон томони ўлдирилган ўзбек чегарачилари учун ўзбек томонидан кечирим сўраганини ёзган. Ўзбекистон нашрлари воқеа пайтида ўзбек чегарачиларига ўқ отган қирғиз ҳарбийлари маст аҳволда бўлганини иддао қилган эди.

Қирғизистон: Ўзбекистон сайтларидаги хабарлар ҳақиқатга зид

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоева Озодлик радиоси мухбири билан суҳбат чоғида мана шундай баёнот берди:

-Мен расман билдираманки, Қирғизистон томони Ўзбекистон томонининг ҳақ эканини тан олгани йўқ ва Ўзбекистон томонидан кечирим ҳам сўраган эмас. Қирғизистон томони Ўзбекистондан воқеа юзасидан тергов якунланмагунича вазиятни бўртирмаслик ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатмасликни илтимос қилиб баёнот берган. Ўзбекистон интернет нашрларида тарқатилган ахборотдан хабардормиз ва бу хабарлар ҳақиқатга зид келади, -деди Гулмира Бўрибоева.

Чегара хизмати расмийси қирғиз чегарачилари маст бўлгани тўғрисидаги ўзбек матбуотида пайдо бўлган хабарларни "ёлғон маълумот" дея баҳолади.

Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Искандер Мамбеталиев эса қирғиз черачилари қонуниний тарзда қурол қўллаганини билдирди.

Қирғиз расмийларига кўра, чегарадаги қонли воқеа икки давлат ўртасидаги чегара –ўтказиш бекатлари фаолиятига таъсир кўрсатмаган.

-Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида очиқ бўлган чегара-ўтказиш бекатлари одатдаги режимда ишламоқда. Ҳозирча чегара бир томонлама ёпилгани ёки бошқа тўсиқлар ҳақида маълумот йўқ, -деди Гулмира Бўрбоева.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати раҳбарлари учрашади

Ўзбекистон ва Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарлари 24 июль куни воқеа содир бўлган ҳудудда учрашади. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати расман билдирди. Ҳозирча учрашув қайси мамлакат ҳудудида ўтказилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Расмий маълумотга кўра, учрашувга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмондони Рустам Эминжоновнинг келиши кутилмоқда.

Учрашув 24 июл куни тушдан кейин ўтказилади.

Озодлик радиоси кун давомида тафсилотларни кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG