Линклар

Софияда парламент биносини қамал қилган намойишчилар тарқатиб юборилди


Болгария президенти Росен Плевнелиев тун бўйи мамлакат биносини қамал қилиб олган намойишчиларни тинчланишга чақирди.

-Намойишлар бошланганидан буён илк бор провокация урунишлари гувоҳи бўляпмиз. Ҳаммамиз шу мамлакатда яшаймиз, шу мамлакат осойишталигига барчамиз масъулмиз. Барча фуқароларни тинчланишга ва тартибни сақлашга чақираман,- деди чоршанба куни давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган Плевнелиев.

Сешанба кунидан буён юзлаб намойишчи парламент олдига баррикада ва чодирларни қуриб, ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда ўнга яқин одам жароҳатланди.

Чоршанба куни болгар полицияси намойишчилар ўраб олган парламент биноси ичида қамалда қолиб кетган юздан зиёд депутат ва вазир ҳамда журналистларни эвакуация қилишга муваффақ бўлди ва норозиларни тарқатиб юборди.

Европа Иттифоқининг энг қашшоқ мамлакати ҳисобланган Болгарияда ҳукуматга қарши норозиликлар қирқ кун олдин бошланган эди.

Намойишчилар сўл қанот кучлар тарафидан тузилган ҳукуматга ишончсизлик билдирмоқда.

Болгарияда иш ҳақи миқдори камлиги боис одамлар ғазабга минишган.

Сешанба куни қўлларида “Мафия!”, “Истеъфо!” каби ёзувлар битилган плакатларни кўтариб олган юзлаб намойишчи Болгария парламенти биносини ўраб олди.

Сешанба кечқурун полиция парламент биноси ичида қолиб кетган депутатларни эвакуация қилишга уринаётган пайт тўқнашувлар рўй берди. Оқибатда етти намойишчи ва икки полициячи оғир жароҳатланди.

Ниҳоят чорашнаб куни тонг саҳарда полициянинг махсус отрядлари келиб парламент биноси ичида қамалда қолиб кетган болгар расмийларини эавкуация қилишга муваффақ бўлди.

Куннинг биринчи ярмида Болгария парламенти атрофидан баррикадарлар олиб ташланди ва намойишчилар тарқатиб юборилди.

Болгариянинг ҳозирги коалиция ҳукумати май ойида ўтказилган навбатдан ташқари ўтказилган сайловлар ортидан тузилган эди.

Айни пайтда социалист бош вазир Пламен Орешарский истеъфога кетишдан бош тортмоқда. Орешарскийга кўра, бундай қарор мамлакатда бўхронни яна ҳам кучайтириб юбориши мумкин.
XS
SM
MD
LG