Линклар

Алишер Усмонов "ҳотамтой"ликда ҳам Россияда биринчи


Russia -- President Dmitry Medvedev wirh Alisher Usmanov (L), the owner of the "Kommersant" publishing house, at Gorki residence, 22Nov2011

Russia -- President Dmitry Medvedev wirh Alisher Usmanov (L), the owner of the "Kommersant" publishing house, at Gorki residence, 22Nov2011


Бир неча йилдан бери Россиянинг энг бадавлат шахси мақомини сақлаб келаëтган асли наманганлик миллиардер Алишер Усмонов хайрия ишларига энг кўп пул бераëтган россиялик олигархлар рўйхатида ҳам биринчи деб топилди.

Алишер Усмонов – спорт, санъат ва фан ҳомийси

Forbes журнали эълон қилган "Россиялик меценатлар" рўйхатига кирган 50 нафар энг бадавлат россиялик 2012 йилнинг ўзида хайрия ишларига 390 миллион доллар сарфлаган. Бу маблағнинг тенг ярми - 180 миллион доллари айнан ўзбекистонлик Алишер Усмоновга тегишли.

“Металлоинвест” ширкати эгадоши, “Газпром инвестхолдинг” бош директори бўлган Усмонов “Қиличбозлик келажаги учун”, “Санъат, фан ва спорт” жамғармаларини таъсис этган. У шунингдек, спорт, музей, театр, ижтимоий лойиҳалар ва оғир хасталикка учраган болаларга ёрдам бериш билан ҳам ном чиқарган.

Ўзи ёшлигидан Тошкентда қиличбозлик билан жиддий шуғулланган тадбиркор "Спорт устаси" унвонига эга бўлиб, бирмунча вақт Совет Иттифоқи терма жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этган. Ўша йилларда бадиий гимнастика билан шуғулланаётган рафиқаси Ирина Винер билан танишган.

Бугунги кунда Россия қиличбозлик ва бадиий гимнастика федерациялари тўлиқ Алишер Усмонов ҳомийлигида фаолият юритмоқда. 2008 йилдан буён у Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳамдир.

2007 йилда Усмонов 100 миллион долларга Мстислав Ростропович ва Галина Вишневскаяга тегишли санъат коллекциясини “Сотбис” аукционида сотиб олган ва уни Россия ҳукуматига совға қилган. Ўша йилиёқ миллиардер намойиш этиш ҳуқуқи америкаликларга ўтиб кетиб қолган совет даври мултфилмлари тўпламини сотиб олиб, Россиядаги “Бибигон” болалар телеканалига топширган.

Бу сахийликлари эвазига Россия президенти Алишер Усмоновни “Ватан олдидаги хизматлари учун” IV даражали ордени билан тақдирлади. Владимир Путин 2013 йил 6 июл куни имзолаган фармонга кўра, Алишер Усмонов “давлат олдидаги катта хизматлари, жамоат ва хайрия ишларидаги фаоллиги учун” бу орденга сазовор бўлган.

59 яшар Алишер Усмонов 2012 йилда, шунингдек, жаҳоннинг энг нуфузли шахслари орасида 67 ўринни эгаллаган. Forbes журнали эълон қилган россиялик миллиардерлар рўйхатида 2013 йилда яна Алишер Усмонов биринчи ўринни эгаллади.

Ҳомийлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаб келаётган Millhouse Capital компанияси эгаси Роман Абрамович ижтимоий ва бошқа лойиҳаларга 111 миллион доллар сарфлаган. Россияда энг сахийлар қаторида учинчи ўринни эгаллаган Алишер Усмоновнинг бизнес-шериги Андрей Скоч болалар, ветеранлар, соғломлаштириш ва спортга 40,2 миллион доллар сарфлаган.

Forbes нашри Россиядаги бой тадбиркорларининг бир қисми “хайр-эҳсон ишларини хуфёна олиб бораётгани” ни таъкидлаган бўлса, кўп ҳолларда бундай харажатлар “Кремл буйруғи ёки губернатор “илтимоси”” асосида амалга ошаётганини илова қилган.

Солиштириш учун, Berkshire Hathaway ширкати хўжайини, америкалик миллиардер Уоррен Баффет Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс жамғармасига 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида хайрия қилган. Шу тариқа Баффет 2008 йилда Билл ва Мелинда Гейтсларга ажратган 1,8 миллиард доллар миқдоридаги ўз аввалги хайрия рекордидан ўзи ошди.

Америкаликлар орасида энг сахий саналган Уоррен Баффет биргина 2012 йилда 3,1 миллиард долларни турли лойиҳаларга хайр-эҳсон қилган.

Ўзбек "Ҳотамтой"и ўз юртдошларига нега қайишмайди?

Москвадаги “Ватандош” Минтақалараро ўзбеклар ташкилоти президенти Усмон Баратов Россиянинг энг бадавлат одами сифатида Алишер Усмонов ўз юртдошларига ёрдам бериб туриши керак, деган фикрда.

Озодлик билан суҳбатда у бир неча йил олдин ҳатто Усмонов қабулхонасида бўлгани, бироқ унинг қабулига кира олмаганини эслади:

- Бу одамнинг мана шу ердаги юртдошларига, меҳнат муҳожирларига ёки бўлмаса жамиятларга ёрдам қилганини эшитганим йўқ. Бирор жойда қилган бўлиши мумкин, лекин мен эшитмаганман. Ўзим ҳам икки йил олдин офисига бориб, ҳаракат қилганман бу одам билан учрашишга, лекин ҳеч қанақа натижа бўлмаган. Биз жамиятимиз “Ватандош” орқали ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам қилиш учун қандайдир моддий томондан ёрдам қилиш масаласида ўтган эдик. Бизга пул ҳам керак эмас – бизга битта офис Москвада, техника ва унда ўтиришга битта котибага ойлик берса бўлди. Бу у кишига арзимаган пулга тушади!

Лекин, менинг фикримча, бу одам пулдан эмас, сиёсатдан қочаяпти. Биласиз, бир ой олдин Ўзбекистон президенти Каримов Москвада юрганларни "дангаса, бизни позор қилаяпти", деди. Бунақа одамларга ёрдам берса у расман Тошкентга, Каримовга қарши бўлиб қолади, дея ўз муносабатини билдирди Москвадаги ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов.

Петербургда меҳнат қилаётган наманганлик Хайриддин ака ҳеч ким¸ хусусан саховатпешалиги айтилаëтган наманганлик миллиардернинг ёрдамига муҳтож эмаслиги, Оллоҳдан фақат ўзига соғлиқ сўрашини айтади.

- Алишер Усмоновни эшитганман. Лекин нима иш қилишини билмайман. Шахсан менга қолса, ундан ҳеч нарса керак эмас. Оёқ-қўлим бор, қўлимдан иш келади, ногирон бўлсам эди – ёрдам сўрасам! Оёқ-қўлим, каллам ишласа, нега мен бировдан ёрдам сўрашим керак? Худойим “Э-э, сен нега оёқ-қўлинг, калланг ишласа ёрдам сўраяпсан?”, деб мени ногирон қилиб қўйиши мумкин. Бу хайрияларни ногиронларга, қаровсиз оилаларга берса – у савоб¸ дейди Россияда фақат ҳалол меҳнат билан пул топишини Озодликка гапирган ўзбекистонлик муҳожир Хайриддин ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG