Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:25

Лондон раҳбари Интернет порнографиясини тақиқлашга киришди


Британия Бош вазири Дэвид Камерон болалар ва вояга етмаганларни Интернетнинг энг қоронғу кўлкалари¸ хусусан¸ порнографиядан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини жамоатчиликка тақдим этди. Интернет порнографиясини буткул тақиқлаш таклифи¸ сўз эркинлиги тарафдорлари томонидан хавотир билан қарши олинди.

Лондондаги болаларга аталган хайрия тадбирида чиқиш қилган Бош вазир Дэвид Камерон жамият олдида пишиб етилган муаммолардан бири болаларни порнографиядан ҳимоялаш эканини таъкидлади. Лондон раҳбари¸ ана шу ҳимоя йўлида¸ Интернетдаги болалар порнографияси ва хотин-қизларга қарши зўравонлик акс этган тасвирларни тақиқлаш таклифини ўртага ташлади.

Камерон таъкидича¸ Интернетда кенг тарқалиб кетган порнография ва зўравонлик болаларнинг секс¸ қолаверса эркак ва аëл ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тасаввурларини мутлақ бузилишга сабаб бўлмоқда:

- Болалар дўкон ва кинохоналарга бориб катталарга мўлжалланган нарсаларни сотиб олиши ëки катталар қиладиган ишларни қилиши мумкин эмас. Биз уларни ҳимоя қилиш учун бу жараëнни тартибга солишга ҳақлимиз. Гап бевосита Интернетга келиб тақалар экан¸ эркинлик ва масъулият масаласида биз болаларимиз олдидаги масъулиятимизни ўз ҳолига ташлаб қўйдик. Мен айтмоқчи бўлган гапнинг индаллоси шуки¸ Интернет ҳақиқий ҳаëтдан ажраб қолган йўлакча¸ ëхуд реал ҳаëтдан қочиш усули эмас¸ балки ҳақиқий ҳаëтнинг ўзидир¸ деди Британия Бош вазири душанба куни.

Камерон таклиф қилаëтган таклифлар марказида болаларнинг Интернетдаги порнографик сайтларга кириш йўлларини ëпиш ва педофилияга қарши халқаро курашни яхшироқ мувофиқлаштириш чақириғи турибди.

Айни шу мақсадда Британия ҳукумати мамлакатдаги энг йирик тўрт Интернет провайдери билан оилалар манфаатига мослашган махсус филтрлар яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Бундай филтр¸ вояга етган мижоз уни ўчиришни сўраб мурожаат қилмагунга қадар¸ порнографик материалларнинг барчасини автоматик тарзда блокировка қилади.

Бош вазирга кўра¸ келаси йил охирига қадар Британиядаги провайдерлар ўз уйига Интернет хизмати ўтказган 19 миллионга яқин оиланинг барчаси билан боғланиб¸ улардан ушбу филтр ўрнатилишини исташ-истамасликларини сўраб чиқади. Интернетга янги уланувчилар учун эса¸ бундай филтр автоматик тарзда ишга солинади.

Камерон айни пайтда¸ Интернетдаги қидирув тизимлари билан махсус қора рўйхат ишлаб чиқариш борасида ҳамкорлик бораëтганини билдирди. Бундай қора рўйхат¸ Лондон раҳбарига кўра¸ зўравонлик ва педофилия тасвирлари жойлаштирилган сайтларнинг қидирув жараëнида мижозга тақдим этилиши олдини олади:

- Менинг Google, Bing, Yahoo ва бошқа қидирув тизимларига айтадиган гапим жуда содда: бу муаммони ҳал қилиш сизнинг бурчингиз ва бу биринчи галда¸ ахлоқий бурчингиздир. Мен бу ширкатлардан айримларининг сўз ва ифода эркинлиги боис¸ бундай сайтларнинг қидирув тизимига киритилишига оид иддаоларини қабул қилмайман. Шу боис мен октябр ойида мазкур жараëнга оид махсус ҳисобот талаб қиламан ва қидирув тизимларининг бу борадаги ишларига оид сўнгги тадбирлар ҳам бу ҳисоботга киритилиши лозим¸ деди Лондон раҳбари.

“Агар октябр ойидаги ҳисоботдан қониқиш ҳосил қилмасам¸ бу ширкатларни тегишли чоралар қўллашга мажбурлаш учун “ҳуқуқий имкон”ларни ишга соламан”¸ дея таҳдид қилди Камерон.

Британия Бош вазирининг болаларни Интернетдаги педофилия ва зўравонлик тасвирларидан асраш истаги умумиятла ижобий қраши олинган бўлса-да¸ у таклиф қилаëтган чоралар сўз эркинлиги ҳимоячилари эътирозига сабаб бўлмай қолмаëтир.

Улар фикрича¸ бу жараëндаги асосий муаммо порнография тушунчасининг қандай талқин этилиши билан боғлиқ ва провайдерлар ўрнатадиган филтрлар легитим ахборот йўлини ҳам бўғиши мумкин.

Цензура индекси деб номланадиган ноҳукумат гуруҳи таҳлилчиси Падрейг Рейди¸ бундай филтрлар Британияда сассиз цензура ўрнатилишига олиб келади¸ деган ташвишда.

Бу мутахассис фикрича¸ Камероннинг порнографик ва зўравонлик тасвирларини филтрлаш таклифи¸ аслида¸ ота-оналарни асоссиз тарзда тинчлантириб¸ уларни ўз фарзандлари кираëтган сайтларни кузатиш масъулиятидан фориғ қилиши мумкин:

- Бундай филтрлар нишонга олинаëтган сайтларнинг барчасини ушлаб қола олмайди. Бундай филтр жорий қилиниши ота-оналарни “Интернетдаги ҳамма нарса бундан буëғига болаларим учун бехавотир. Боламнинг қайси сайтга кираëтганини бундан кейин кузатишга эҳтиëж қолмади” деган асоссиз хулосага олиб келади. Болангизнинг қайси сайтга кираëтганига ишонч ҳосил қилишнинг ягона йўли улар кўраëтганларни бирга кўришдир¸ дейди бу мутахассис.

Бошқа кузатувчилар¸ провайдерларнинг ҳукумат билан фуқароларнинг Интернетдаги фаолиятини кузатиш борасидаги ҳамкорлиги порнографик сайтларга кираëтган шахслар рўйхатининг жамоатчиликка эълон қилинмаслигини кафолатламаслигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG