Линклар

logo-print
Қирғизистон Давлат чегара хизмати вакилининг Озодлик мухбирига маълум қилишича, 24 июль куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари бошлиқлари икки ўзбек чегарачисининг ўлими билан тугаган инцидент юзасидан воқеа жойида учрашган.

Айтилишича, томонлар воқеа талқини масаласида якдилликка ҳамда уни тергов қилишда ҳамкорлик қилишга келиша олмаган.


Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати ходими Гулмира Бўрубаева 24 июль куни бўлиб ўтган учрашув тўғрисида мана бундай маълумот берди:

- Қирғизистон Давлат чегара хизмати бошлиғи, полковник Курманакун Матенов билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони, полковник Рустам Эминжанов ўртасидаги учрашув 24 июль куни бўлиб ўтди. Учрашув 23 июль кунги инцидент содир бўлган жойда ўтказилди, деди Гулмира Бўрубаева.

Ўзбекистонлик икки чегарачининг ўлими билан тугаган тўқнашув Наманган вилоятининг Уйчи тумани (Ўзбекистон) ва Жалолобод вилоятининг Ахси тумани (Қирғизистон) ўртасидаги чегарада содир бўлган.

Қирғизистон томони версиясига кўра, инцидент Қирғизистон ҳудудида содир бўлган.

Таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган Интернет нашрларига кўра, Ўзбекистон томони инцидент Ўзбекистон ҳудудида содир бўлганини таъкидламоқда.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати вакили Гулмира Бўрубаеванинг сўзларига қараганда, томонлар 24 июль кунги учрашув чоғида ҳам воқеа талқини юзасидан бир фикрга кела олмаган:

- Икки давлат чегара хизматлари бошлиқлари учрашув давомида юз берган воқеа сабаблари ва тафсилотларини, шунингдек, чегара нарядлари томонидан қурол ишлатилгани нақадар қонуний бўлганини муҳокама қилдилар. Учрашув давомида ҳар бир томон воқеа ривожига оид ўз версиясини баён қилди, деб хабар қилди Қирғизистон Давлат чегара хизмати вакили.

Гулмира Бўрубаевага кўра, томонлар воқеа юзасидан мустақил тергов ўтказажагини, тергов ҳар икки давлатнинг ҳарбий прокуратуралари томонидан ўтказилажагини маълум қилган:

- Томонларнинг воқеа тафсилотлари баёни бир-биридан кескин фарқ қилаяпти.

"Учрашувда томонлар шу масалада бир фикрга кела олдиларми?" Озодликнинг бу саволига Қирғизистон Давлат чегара хизмати вакили мана бу жавобни берди:

- Мен ҳозиргина айтдим-ку, ҳар бир томон воқеа юзасидан ўз нуқтаи назарини, ўз версиясини баён қилди. Ва ҳар бир томон терговни мустақил равишда ўтказадиган, тергов якунига етгач, натижалар билан бир-бирини таништирадиган бўлди, деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати ходими Гулмира Бўрубаева.

24 июль кунги учрашув ва бу учрашувга сабаб бўлган 23 июль кунги инцидент юзасидан Ўзбекистон расмийларидан, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлигидан информация олиш имконсиз қолмоқда.

Айни пайтда¸ таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган ахборот сайтлари Қирғизистон чегара раҳбарияти 23 июл куни чегарада ўзбек чегарачилари отиб ўлдирилганига қирғиз томони айбдор эканини тан олгани ҳақида хабар тарқатди. Қирғизистон томони эса бу хабарларни инкор этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG