Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:17

Тожик-ўзбек чегарасида ўзбекистонлик аёл отилди


Қўқонлик Гуландом Иброҳимова Сирдарёдан қайиқда сузиб ўтишга уринган пайтда отилгани айтилмоқда.
Қўқонлик Гуландом Иброҳимова Сирдарёдан қайиқда сузиб ўтишга уринган пайтда отилгани айтилмоқда.

Қўқонда истиқомат қилган 57 ёшли Гуландом Иброҳимова 22 июлдан 23 июлга ўтар кечаси Сирдарё бўйида отиб ўлдирилган.


Асли аштлик Гуландом Иброҳимова, маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган. У Сирдарёдан ноқонуний сузиб ўтишга ҳаракат қилган пайтда отилган.

Ашт жамоати раис ўринбосари Зулхумор Шамсиддинова Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда бу жойда кўпчиликка таниш бўлган тадбиркор Гуландом Иброҳимова чегарачилар ўқига учганини билдирган.

Иброҳимовага қарата чегаранинг қайси томонидан туриб ўт очилгани ҳозирча номаълум, бироқ маҳаллий аҳоли вакиллари ўқ ўзбек чегараси томонидан отилганини айтмоқдалар.

Айни пайтда бу нохуш ҳодиса юзасидан на ўзбек, на-да тожик чегарачилари ўз муносабатларини билдирганлари йўқ.

Зулхумор Шамсиддиновага кўра, Гуландом Иброҳимова ўша куни Тожикистонга тижорат мақсадида ўтаётган бўлган. Фожеа юз берган пайтда эри ёнида экан. Аёлнинг ўққа учгани ҳақида унинг аштлик қариндошларига биринчи бўлиб айнан у хабар қилибди.

- Иброҳимова Қўқонга СССР пайтларида турмушга чиққанди ва 40 йилга яқин Ўзбекистонда яшаб, шу республика фуқаролигини олганди. Унинг барча қариндошлари ҳалигача Аштда яшашади. Гуландом вақти-вақти билан уларникига келиб турарди. У тижорат билан шуғулланарди. Чегаралар ёпилиб, виза тартиби жорий қилинганидан кейин эса у қариндошлариникига Сирдарё орқали қайиқда келишда давом этган, - деди Ашт жамоати раис ўринбосари Зулхумор Шамсиддинова.

Мавжуд тартибга мувофиқ, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи кишилар чегарага яқин ҳудудларга визасиз келиш ва уч кунгача бу ерда юриш ҳуқуқига эгалар. Бироқ сўнгги йилларда Тожикистон ва Ўзбекистонни боғлаб турувчи Ашт туманидаги чегара пунктлари ёпиб қўйилган.

Бу орада Гуландом Иброҳимованинг тожикистонлик қариндошлари Озодликнинг тожик хизматига ўзбек чегарачилари аёлнинг дафн маросимига қатнашмоқчи бўлган аштликларни Ўзбекистонга ўтказмаганини айтганлар.

Гуландом Иброҳимованинг қариндошларига кўра, ўзбек чегарачилари улардан аёл оламдан ўтгани ҳақида хабар қилинган телеграмма талаб қилганлар.
XS
SM
MD
LG