Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

АҚШ Россиядан Сноуден мақомига ойдинлик киритишни сўради


АҚШ Давлат департаменти Москвадан АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг мақомига аниқлик киритишни сўради. Бунга чоршанба куни ахборот агентликлари Сноуден Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудини тарк этиши ҳақида тарқатган хабарлар сабаб бўлди.

АҚШ Давлат департаменти Москвадан АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг мақомига аниқлик киритишни сўради. Бунга чоршанба куни ахборот агентликлари Сноуден Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудини тарк этиши ҳақида тарқатган хабарлар сабаб бўлди.


АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки Давлат котиби Жон Керри чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали сўзлашиб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден масаласини муҳокама қилганини айтди.

- Биз, албатта, матбуот хабарларини кўрдик ва Россия ҳукуматидан бунга ойдинлик киритишни сўрадик. Жаноб Сноуденнинг аэропортни тарк этишига имконият яратувчи ҳар қандай чора жуда таассуфли бўлади. Бугун эрталаб АҚШ Давлат котиби (Жон Керри) (Россия) Ташқи ишлар вазири (Сергей) Лавров билан сўзлашди.

Керри жаноб Сноуден адолатли суд қилиниши учун АҚШга қайтарилиши кераклиги ҳақидаги Қўшма Штатлар фикрини яна бир марта эслатди. Россия ҳали ҳам тўғри қарор қабул қилиши мумкин, - деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда, Оқ Уй Эдвард Сноуденнинг мақомига ойдинлик киритилишини сўраётганини билдирди.

Қўшма Штатлар мамлакат махсус хизматларининг электрон кузатув дастурларига оид махфий маълумотларни ошкор қилган Эдвард Сноуден жавобгарликка тортилишини хоҳламоқда.

Вашингтон Сноуденнинг паспортини бекор қилганидан кейин у Москванинг Шереметьево аэропорти транзит ҳудудида қолишга мажбур бўлмоқда.

Чоршанба куни Россиядаги ахборот агентликлари Россия ҳукумати Сноуденнинг Шереметьево аэропортини тарк этишига рухсат бериши ҳақида хабар тарқатган эди.

Бироқ Сноуденга ёрдам бераётган россиялик адвокат Анатолий Кучерена унинг иши ҳали ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.

- Шу кунда унинг бошпана сўраб қилинган мурожаати Россия Федерациясининг Миграция хизматида. Федерал миграция хизмати аризани уч ойгача бўлган муддатда кўриб чиқиши ҳуқуқига эга.

Бу муддат ичида Хизмат томонидан Сноуденга унинг аризаси қабул қилингани ва ҳозирда кўриб чиқилаётганини тасдиқловчи маълумотнома берилиши мумкин. Амалда бундай маълумотнома исталган пайтда берилиши мумкин. Шу кунгача бундай маълумотнома берилмади, - деди Анатолий Кучерена.

Россиялик адвокат Эдвард Сноуден Россияда қолиш ва рус маданиятини ўрганиш ниятида эканини қўшимча қилди.

Россия Президенти Владимир Путин, агар Сноуден Россияда қолишни истаса, АҚШга зарар етказадиган маълумотлар тарқатишни бас қилиши лозимлигини айтган.

Агар Эдвард Сноуден Қўшма Штатларга қайтариладиган бўлса, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG