Линклар

Россиянинг Брянск вилоятидан 37 ёшли ўзбекистонлик Абдусамад Мирзаев маҳаллий куч ишлатар тизим ходимлари ёрдамида ноқонуний тарзда Ўзбекистонга бериб юборилди. Уни Россиядан ноқонуний олиб чиқилишига тўсқинлик қилган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев полиция бўлинмасида ҳеч қандай тушунтиришларсиз бир сутка ушлаб турилди. “Мемориал” бу ҳодиса юзасидан текширув ўтказиш талаби билан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди.

2013 йилнинг 1 июлида Россиянинг Брянск шаҳри ДАН испекторлари 1975 йилда туғилган сурхондарёлик Абдусамад Мирзаевни ҳужжат текшириш учун тўхтатган.

Мирзаевнинг Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилгани аниқлангач¸ полициячилар уни маҳаллий судга олиб келган ва бир ойга экстрадиция ҳибсига олган.

Тергов изоляторида Мирзаев Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ходими Баҳром Ҳамроев билан телефон орқали уланиб, вазиятни тушунтирган.

Аниқланишича, Ўзбекистонда Абдусамад Мирзаев Жиноят Кодексининг 159 ва 244-моддалари асосида халқаро қидирувга берилган.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Мирзаевга қочқинлик мақомини сўраб, ариза ёзишни маслаҳат бергани, аммо изолятор маъмурлари бу аризаларни манзилга етишига тўсқинлик қилиб келганини билдирди:

- У бир яхши, одобли-тартибли йигит эди. Россияда ҳам қонуний мақомда юрган. Энг ачинарлиси, бир ойдан кейин, 1 июл куни, уни суд залидан қўйиб юборишганда миграция ходимлари уни дарров қўлга олган. Бу ФСБ назорати остида қилинган. Улар экстрадиция йўлини депортация қилиш орқали ҳал қилишни йўлга қўйиб олди. Мен 2 июл куни оқшом йўлга чиқдим. ФСБ ходимлари полиция ходимларини иғвога ундаб, бизни сақлаб туришга ва вақтимизни зое кеткизишга мажбурлади, дейди Баҳром Ҳамроев.



ДАН ва полиция ходимлари ҳужжат текшириш баҳонасида Ҳамроевни бир сутка давомида полиция бўлимида ушлаб туришган.

Суҳбатдош полиция ходимларининг бу ҳаракатлари Абдусамад Мирзаевни Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимларига ноқонуний топшириш амалиёти билан бевосита боғлиқлигига ишонишини гапиради.

У Мирзаев ўша куни эрталаб номаълум шахслар томонидан олиб чиқиб кетилганини аниқлаганини айтади:

- Абдусамад Мирзаев Россия ҳудудида эмаслигига ишонамиз, чунки Ўзбекистондан хабарлар борки, СНБ ходимлари унинг яқинларини сўроқ қилишни бошлади. Шунингдек биламизки, Абдусамад Мирзаев умуман жиноят қилмаган, уни бўйнига қўйиб, мажбурлаб тергов олиб борилмоқдa, деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистонда Абдусамад Мирзаевга нисбатан жиддий жисмоний ва руҳий босим бўлиши, у қилмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбурланишига ишонишини қўшимча қилди.

“Мемориал” Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш маркази Брянск вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбари номига ўз ходими қарийб бир суткага ноқонуний тарзда полицияда ушлаб турилгани юзасидан текширув ўтказиш талабномасини юборди.

Вилоят бошқармасида полиция ходимларининг бу ҳатти-ҳаракатлари юзасидан текширув бошланганини маълум қилишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG