Линклар

logo-print

“Муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан вилоятлар ва Тошкент шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси сунъий равишда ошириб олинди”.

Шу ҳақда ёзган “Новий век” газетаси Фарғона водийсининг аҳоли зич яшайдиган шаҳарларида рўза ойи кириб келиши билан мева-чева ва полиз экинлари нархи кўтарилгани, гуруч баҳоси июл ойи бошига нисбатан 1,5-2 бараварга қимматлаганини билдирди.


Фарғона шаҳрида яшовчи Абдусалом ака Озодлик билан суҳбатда сўнгги ҳафталар давомида гўшт ва гуруч нархи бироз ошганини айтди. Бироқ у нархлар кўтарилишига рўза эмас балки, август ойидан ойлик маошлар оширилгани ва бошқа омиллар сабаб эканини тахмин қилади:

- Рўза бошлангандан бери Фарғонада унақа нархларда кескин ўзгариш кузатилгани йўқ. Фақат гуруч нархлари кўпи билан 500-1000 сўмга кўтарилган бўлса, гўшт нархи 1000 сўмга кўтарилди. Баҳодир исмли қассоб билан гаплашганимда, гўштлар нархи кўтарилишига сабаб ҳар йили шу пайтда ем сероблигидан одамлар мол-қўйларини сўйиш учун мол бозорига олиб чиқиб сотишмас экан. Шунинг учун гўшт нархи ҳар йили табиий равишда шу пайтда ошар экан. Гуручлар нархи эса, шоли пишишига яқин доим шунақа ҳолат кузатилади.

Абдусалом ака ҳозир Фарғонада мева-сабзавот, айниқса, қовун-тарвуз кўпайиб нархи 15 кун олдингига қараганда арзонлашиб бораётгани қўшимча қилди.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи пенсионер Рўзимурод ака Озодлик билан суҳбатда ўзи яшайдиган туманда сўнгги уч ҳафтада гўшт ва полиз маҳсулотлари нархи бироз ошганини айтди:

- Нархлар кўтарилди. Яхши¸ кўнгилдагидек қўй гўшти оламан¸ десангиз 20 минг сўм. Олдин 18 минг сўм эди. Мол гўшти 17 минг сўм бўлди. Олдин 16 минг эди. Бозорга борсангиз ҳўл мевалардан олмаларнинг 5-6 хили бор, килоси 3-4 минг сўм. Айни пишиқчилик даврида бунақа нарх қиммат бўлмайдида, дейди Рўзимурод ака.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи Ҳошимжон сўнгги ҳафталар давомида фақат гўшт ва тарвузнинг нархи кўтарилгани¸ бошқа маҳсулотлар нархида ўзгариш кузатилмаганини айтади:

- Нархлар ошгани йўқ. Фақат гўштнинг нархи ошди. 16 минг сўм эди, 17 минг сўм бўлдида. Бизда қўй гўшти ейилмайди¸ фақат мол гўшти. Тарвузлар тахминан 3000 сўм эди ҳозир 5000 сўмга кўтарилди, дейди Ҳошим.

Рўзимурод ака шу кунларда бозорларда нархлар кўтарилишига 15 августдан бошлаб иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақа тўловларининг 15 фоизга оширилиши билан боғлиқ деган фикр билдирди:

- 15 августдан 15 фоизга кўтариб қўйдику ойликларни. Мана энда июл ойидан бошлаб нарх-наво ошишининг азобини тортаверамизда, дейди қашқадарёлик Рўзимурод ака.

Кўпчилик Рамазон ойида бозорларда олиб-сотарлик билан шуғулланаётган одамлар нархларни сунъий равишда оширади¸ деган фикрда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари¸ шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда масжидларда имомлар одамларни маҳсулотлар нархларни сунъий равишда оширмасликка даъват қилаётгани, бу мавзу ҳар йили Рамазон ойида бир неча марта кўтарилишини таъъкидлади:

- Бизнинг муқаддас Ислом динимиз таълимотида “Бозордаги нархларга ҳеч ким сабабчи бўлмайди. Бу Оллоҳ таолонинг ўзи кўтариб, ўзи пастлатиб туради” дейилади. Аввало мана шундан бошлашимиз керак. Биз мусулмон мўминлар Қуръони Каримда, ҳадиси шарифда келган таълимотни биринчи ўринга қўйишимиз керак.

Мана Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда “Бозорларнинг нархи нимага баъзида баланд, паст бўлиб туради? Бу Оллоҳ таоло ўзи ўша бандаларини шароитига, қилмишига қараб туриб, ўзи кўтариб қўяди, ўзи пасайтириб қўяди” деганлар.

Одамлар ҳеч қачон сунъий равишда ошира олмайди. Лекин ҳаракат қилади. Ҳаракат қилса ҳам¸ масалан¸ биров гўштнинг нархи 10 минг сўм бўлиб турса, биров чиқиб мен 15 мингга сотаман деса, ҳеч ким олмайди. Шунинг учун инсон ўзи қила олмайди бу нарсани. Агар Оллоҳ таоло йўл берса. У йўл бериши учун Оллоҳ таоло ўзи бандаларини ўша қилмишларига, эътиқодига, амалига гуноҳига қараб баъзида қаҳатчилик, қимматчилик ҳам қилиб ташлайди. Баъзида фаровон қилиб, ризқ-рўзимизни мана шундай мўл ҳам қилиб қўяверади.

Баъзи вилоятлар бозорларида айрим кишилар рамазон ойи бўлгани учун, рўзадорлар ифорлик қилиши учун олаверади¸ деб мева-чеваларнинг нархларини ўзича кўтарадиган бўлса, бу яхши эмас. Ўзига яраша гуноҳи бўлади. Мўътадил, меъëрдан ошириб юбораëтган бўлса¸ ўзига яраша жазони беради. Лекин у нечта савоб олади, нечта гуноҳ олади энди уни Оллоҳ таоло ўзи фаришталарига буюради. Ўшанга яраша гуноҳига эга бўлаверишади.

Мачитларда ҳар йили иккита-учта мавзуимиз мана шу тўғрисида кетади. Бозорларда нархларни кўтармаслик, одамларга раҳм-шафқат қилиш, ўзича сунъий равишда нарх кўтармаслик, ҳалол савдо – мана шулар тўғрисида бизда¸ албатта¸ ҳар йили иккита-учта мавзу шунга бағишланади. Ҳамма бир хил амал қилмас эканда гапирилган билан. Ўзига инсоф берсин деймизда, дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари¸ шайх Абдулазиз Мансур.
XS
SM
MD
LG