Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:43

Москвада ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақ талаб қилмоқда


26 июл куни Москванинг Жануби-ғарбий округида бир неча ойлик маошини талаб қилган 200 яқин муҳожир коммунал хўжалик идораси олдига йиғилди. Иш берувчи идора раҳбарияти асосан Бухоро ва Қорақалпоғистондан бўлган бу муҳожирларни биринчи маротаба кўриб турганини гапирмоқда.

Ўзбек фаррошлари ҳақ талаб қилмоқда

Москванинг Гагаринский туманида уй-жой коммунал хўжалик идорасида фаррош, бўёқчи, дурадгор бўлиб ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожир Озодликка мурожаат қилиб, иш берувчи ўзларига маош тўламасдан ишдан бўшатаётганини маълум қилди.

Идора олдига йиғилган мигрантлар раҳбарият ҳеч қандай тушунтиришсиз 5000 рублдан бериб, “Истасанг шуни олиб ишлайвер, бўлмаса ишдан бўша!” дея шарт қўяётганини гапиради.

Муҳожир йигитларнинг айтишича, иш берувчи “СтройЭксплуатация” МЧЖси улар билан ойлик тўғрисида оғзаки келишган ва ҳеч қандай ҳужжатларни расмийлаштирмаган.

“Миграция хизмати ва полиция рейдлари вақтида улар телефон қилиб подвалларни бўшатиб қўйишни сўрайди, мабодо бизни олиб кетса, ўзлари келишиб яна полиция бўлинмасидан пора бериб олиб чиқиб кетади”, дея давом этади ўзини Садриддин деб таништирган бухоролик йигит.

- Олдин ҳеч бўлмаса 7,5-8 минг берарди. Берамиз, берамиз, дейди¸ 3 ой бўлди. Ойлигимизни берса кетамиз бошқа ерга ишга. Оиламиз бор, уларни боқиш керак. Ишланглар деяпти, лекин ойлигимиз оз¸ 5 минг рублга ким ишлайди. Ҳаққини талаб қилганларни ишдан бўшатаяпти. 10 киши ҳайдалиб кетди. Ҳаммаси ўзбеклар – Қашқадарё, Бухоро, Қорақалпоғистон... Кетиб қолганлар ҳаққини талаб қилишга қўрқади – ишдан бўшатса қаерга борамиз, деб. Менга бир ярим ойга 5 минг рубл бераяпти! Устига яна сувга, светга, милицияга қўшимча пул олади, дейди муҳожир йигитлар.

Муҳожирлар: Ҳақини талаб қилганни бўшатиб юбораяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:58 0:00


Ишчилар ДЭЗ бошлиғи ойлик бермаган ишчилар ўрнига бошқаларни ёллаб, уларни ҳам бир неча ой ишлатиб ҳақини бермасдан бўшатиб ташлашни одат қилиб олганини гапирдилар.

“СтройЭксплуатация” МЧЖ раҳбари Дмитрий Алексеевич Меркулов Озодликнинг сўровига идора олдига йиғилган муҳожирларни биринчи маротаба кўраётгани ва улар нега ундан пул талаб қилаётганини билмаслигини айтди:

- Нима қилaяпти бу ерда нотаниш одамлар? Чиқиб кетларинг бу ердан! Бу менинг ишчиларим эмас! Билмадим қаердан бу жилеткаларни олганини, чиқиб кетинг! деб жаҳл қилди Дмитрий Меркулов.

Меҳнат муҳожирлари яшаëтган подвал
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00


Аниқланишича, “СтройЭксплуатация” МЧЖси уч участкага бўлинган Гагаринский туман ҳудудига хизмат кўрсатишга 200 дан 400 тагача ишчиларни фаррошликка ёллаб келади. Бироқ ишлаётган муҳожирлар гувоҳлигича, уларнинг 10 фоизигина ишга қонунан расмийлаштирилган, қолганлар “қора бухгалтериядан” маош олиб келади.

Москванинг Гагаринский туманидаги ўзбек фаррошлари иш ҳақларини олиб, бошқа жойдан иш излаб кўришларини гапирмоқда.



Москва ва Петербургда мигрантларга қарши қонунлар кучайтирилмоқда

Охирги пайтларда Москвада айниқса уй-жой хўжалик идоралари томонидан мигрантларга иш ҳақи берилмаслиги ҳолатлари кўпайиб бораётгани тўғрисида Озодлик бир неча маротаба маълум қилган эди.

Айрим ҳолларда ҳатто москваликлар меҳнат муҳожирлари ҳақларини талаб қилиб митингларни уюштираётгани хабар қилинган эди.

Кузатувчиларга кўра¸ "Ноқонуний миграцияга қарши кураш" шиори остида бораётган кампаниядан фойдаланаётган нопок иш берувчилар шартномасиз ишлаётган ўзбек-тожик ишчиларини ишдан бўшатиб, ҳақларини ўзлаштириб олмоқда.

Шунингдек, Россиянинг турли минтақаларида ишлаш учун рухсатнома ва Миграция хизмати билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш жуда мураккаблашиб бораётгани тўғрисида меҳнат муҳожирларидан кўплаб хабарлар келишда давом этмоқда.

Айни пайтда, Россия ҳукумати ва қонун чиқарувчи идоралари меҳнат муҳожирлари устидан назоратни кучайтириш ҳамда улар сонини камайтиришга қаратилган қатор тадбирларни жорий қилмоқда. Россия марказий шаҳарларида Миграция хизмати ва полициянинг “ноқонуний мигрантларга” қарши қаратилган оммавий рейдларнинг режа асосида амалга оширилиши давом этмоқда.

8 сентярбга тайинланган Москва мэри лавозими учун сайлов курашини бошлаган барча номзодлар ҳам сайловолди дастурини айнан “Гастарбайтерларга қарши” шиорлар асосида тузгани маълум бўлди.

Куни кеча Россия президенти Владимир Путин Москва ва Петербург шаҳарлари, Москва ва Ленинград вилоятларида меҳнат муҳожирларга солинадиган жарималар миқдорини ошириш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Мазкур қонунга мувофиқ¸ Россиянинг бошқа ўлкаларида миграция қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилган мигрант 5000 рубл тўласа, Петербург ва Москвада улар 7000 рубллик жаримага тортилади.

Янги қонун бўйича, икки маротаба миграция қонунчилигини бузган муҳожир Россиядан чиқариб юборилади.
XS
SM
MD
LG