Линклар

Расмий Душанбе Ўзбекистон томони Тожикистонга газ сотиш бўйича шартномани имзолашига умид қилмай қўйди. Бу ҳақда “Тожиктрансгаз” ширкати раҳбари Саидаҳмад Шарофитдинов оммавий ахборот воситаларига баёнот берган.

Постсовет ҳудуддаги энергетика соҳаси янгиликларини ёритишга иҳтисослашган rusenergy.com ва Oilgasenergy нашрларининг хабар беришича, Ўзбекистон Тожикистон билан газ экспорти борасида келиша олмади.

“Тожиктрансгаз” ширкати раҳбари Саидаҳмад Шарофитдиновнинг айтишича, Душанбе Тошкент расмийларига олти ой мобайнида ҳукумат даражасида бир неча маротаба газ шартномасини имзолаш илтимоси билан мурожаат қилган. Бироқ мурожаатларнинг бирортасига жавоб олинган эмас.

“Ўзбекистонда ҳеч ким “Ҳа” ёки “Йўқ”, деб жавоб бера олмаяпти. Бундай шароитда ўзимиздаги конларни қидириб топиб, ишга туширишимиз керак бўлади”, деди Саидаҳмад Шарофитдинов.

Тожикистон жанубида шу кунларда канаданинг Tethys Petroleum Ltd , Франциянинг Total ва Хитойнинг CNPS ширкатлари газ конларини қидириш ишларини олиб бормоқда. Душанбе расмийлари мазкур ширкатлар газ конларини топишларига умид боғлаяпти.

Ўзбекистон 2012 йилнинг 31 декабрида Тожикистонга бериладиган газ оқимини тўхтатган эди. Тожикистон ўтгани йили Ўзбекистондан 155 миллион кубометр газ сотиб олган. Газнинг ҳар минг кубометр газ учун 300 доллардан ҳақ тўланган.

Ӯзбек газидан, асосан, Тожикистондаги алюминий ва цемент заводлари фойдаланиб келар эди. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига яқин ҳудудда жойлашган Тожикистоннинг "ТАЛКО" алюминий заводи Ўзбекистондан импорт қилинадиган газнинг тўртдан бирини истеъмол қилади.

Ўзбекистон "ТАЛКО" заводини мамлакат экологиясига салбий таъсир кўрсатаётганини иддао қилиб келмоқда. Тожикистон томони эса бу иддаони рад этади. Таҳлилчилар фикрича, айни мана шу ҳолат ҳам икки давлат ўртасидаги газ шартномасининг имзоланишига тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон вакиллари Нью-Йоркдаги нуфузли Мерси коллежида ўтказилган АҚШ сиёсий доиралари, талабалар ва жамоатчилик билан ўтган учрашув чоғида ҳам айнан Тожикистоннинг "ТАЛКО" алюминий заводи Сурхандарё вилоятида яшаётган миллионлаб одамлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётгани ва экологияни бузаётганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” аҳборот агентлиги 26 июль куни тарқатган хабарда айтилишича, мазкур учрашув Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил қилинган.

Учрашув чоғида Ўзбекистон вакиллари Қирғизистон ва Тожикистонда қурилиши режалаштирилган ГЭСлар лойиҳалари халқаро экспертизадан ўтказилиши шартлигини яна бир бор таъкидлаб, расмий Тошкент бу гидроиншоотларнинг барпо этилиши минтақа экологиясини бузади деган фикрда собит эканини билдирганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG