Линклар

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мисрда сиёсий зўравонликлар кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, мисрликларни зўравонлик йўлидан қайтишга чақирди. Айни пайтда Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги шанба куни намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда ўлганлар сони 72 кишига етганини билдирди.


АҚШ Давлат котиби Жон Керри шанба куни эълон қилган баёнотда Мисрда сиёсий зўравонлик кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, уни “бурилиш нуқтаси”, деб атади.

Шанба куни собиқ президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларидан ўнлаб одам хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилганидан сўнг Жон Керри мисрликларни зўравонлик йўлидан қайтишга чақирди.

Давлат котиби икки йил олдин Мисрда рўй бергани инқилоб тақдири узил-кесил ҳал бўлмаганини, аммо ҳозирги воқеалар унга таъсир этиши мумкинлигини урғулади.

Мурсийнинг президентлик ваколатлари қайта тикланишини талаб қилаётган минглаб намойишчи кеча одамлар ўлган Қоҳира масжиди яқинидаги майдонни якшанба куни тарк этмади.

28 июл куни Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги масжид яқинида Мурсий тарафдорлари билан хавфсизлик кучлари ўртасида шанба куни содир бўлган тўқнашувда 72 киши ҳалок бўлганини билдирди.

Зўравонлик оқибатида юздан зиёд одам ўлганини таъкидлаган Мусулмон биродарлиги ҳаракати мамлакат хавфсизлик кучларини қуролсиз намойишчиларни ўққа тутганликда айблади.

Бироқ Миср Ички ишлар вазири полиция Қоҳирадаги намойишчиларга қарата ўқ узганига оид маълумотни рад этди.

“Америка Овози”нинг Қоҳира бюроси бошлиғи Элизабет Аррот Озодликка зўравонлик бошланишига нима туртки бўлгани аниқ эмаслигини айтди.

- Ушбу намойишлар бошланишидан олдин жума тунида вазият кескин эди. Кейин, кўпчиликнинг айтишича, улар тонгга яқин рейд бўлади, деб ўйлашган. Биринчи бўлиб армия бостириб киргани ёки провокацияга жавоб қайтаргани хусусида баҳс бўляпти. Икки томон биринчи бўлиб бошқа томон ҳаракат қилганини таъкидлаяпти, - деди Элизабет Аррот.

Александрия шаҳрида Мурсий тарафдорлари билан унинг рақиблари ўртасида шанба куни эрталаб рўй берган тўқнашувда яна тўққиз киши ўлгани хабар қилинди.

Президент Муҳаммад Мурсий оммавий намойиш қатнашчилари талаби билан 3 июн куни ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилган эди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мисрнинг муваққат вице-президенти Муҳаммад ал Барадей, муваққат Ташқи ишлар вазири Набил Фаҳмий ва Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон билан шанба куни телефон орқали сўзлашганини маълум қилди.

Мулоқот чоғида Керри Қоҳира ва Александрия шаҳарларида қон тўкилгани борасида Вашингтон хавотирда эканини билдирган.

Телефон сўзлашуви чоғида Жон Керри Мисрда сиёсий мулоқотни давом эттириш учун сиёсий лидерларни ҳибсда сақлаб туришга чек қўйиш кераклиги ҳақидаги Вашингтоннинг аввалги чақириғини яна бир марта қайтарган.

АҚШ Давлат котиби шанба кунги зўравонлик хусусида “мустақил ва бетараф текширув ўтказиш”га ҳам чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG